Ўзбекистон журналистикасининг ҳақиқий жонкуяри Карим Баҳриев ҳамон тақиқдами?
2022 йил — Инсон қадрини улуғлаш ва фаол маҳалла йили. Инсон қадрини улуғлаш қайси кундан бошланади?
Журналист ва журналистикамизга масъуллардан бўлган Президент матбуот котиби Шерзод Асадов учун кимларни улуғлаш кўпроқ муҳим?..
***
2 январь давлат мукофотларидан мосуво ижодкор Карим Баҳриев туғилган кун.
Ҳукумат "Мирзо"си 20 йил мобайнида ижодкор халқини шу даражада қўрқув исканжасига олган эканки, бу сиёсат тугатилганига 5 йил бўлган бўлса-да, насимлари ҳамон эсмоқда.
2 январь куни машҳур ҳуқуқшунос, журналист Карим Баҳриевнинг туғилган куни эди. Кўплаб журналистларга устозлик қилган иқтидорли шоир ва таржимон ўзининг 60 йиллик юбилейини нишонлади.
Ажабланарлиси шуки, Ўзбекистон тарихидаги энг ёш Олий Мажлис депутатининг 60 йиллик юбилейини ҳеч бир ҳукумат мулозими ёдга олмади. 1990 йил ўрталаридаёқ Ўзбекистон тепасида турганларда давлат мустақиллигини эълон қилишни талаб қилган собиқ депутат туғилган кунида умуман тилга олинмади. 90-йилларда Биринчи Президент Ислом Каримовни ўзи билан ҳисоблашишга мажбур қилган шахс бугун ҳам пинҳона тақиқлардан холос бўлмадими?
Бир замонлар Ўзбекистон идеологиясининг темир-метин қалқони ҳисобланган "Мирзо"лар “запрет”ларининг асоратлари ҳамон ижод ва ижодкор аҳли учун тўсиқ бўлмоқда.
Қисқаси, 60 йиллик юбилейи Ҳукумат даражасида нишонланиши керак бўлган ижодкорни бир бора ёдга олишга ҳеч кимда виждон топилмади.
Журналист ва журналистикамизга масъуллардан бўлган Президент матбуот котиби Шерзод Асадов ҳам "Мирзо"ларнинг қаҳрига учрашдан қўрқдими? Юқоридаги мулозимларни жаноза мусиқаси билан табриклашни қойиллатган амалдор ҳокисор ижодкорларни ҳам бир йўқлаб қўйса бутун соҳа вакиллари учун шараф бўлар эди. Корпоратив ҳолда байрамни нишонламаслик ҳақидаги чиқарган махсус қарорга ҳам эътибор қилмасдан, журналист ва блогерларга янги йилни нишонлаб берган Асадовнинг кўзлари 60 ёшини, юблей ёшини нишонлаётган Ўзбекистоннинг энг таниқли журналистига келганида нима учундир илғамади.
Инсон умрида бир мартагина 60 ёшга киради
Олий мукофотлар билан 60 йиллик юбилейини нишонлашга минг бора арзийдиган антимаддоҳ журналистнинг туғилган кунида фақат дўст-у биродарлари қолган.
Карим Баҳриев ўзининг адолатга йўғрилган теран фикрлари ила қарши чиққан И.Каримов бугун йўқ. Аммо унга тақиқ ва қўрқув стратегиясини тузиб берган идеологнинг қаҳрига учрашдан чўчиган журналистларимиз ҳали-ҳамон қўрқув исканжасида. Мажозий маънода айтадиган бўлсак, Сулаймон асоси ҳали ҳам тик турибди. Бироқ бу асо йиқилгунча ўзбегимнинг қанчадан-қанча Карим Баҳриевларининг халқ олдидаги хизматлари тилга олинмай ўтиб кетади.
Юқоридагиларга айтаримиз шуки, шу вақтгача ҳеч кимга, бутун бошли тузумга бўйин эгмаган ижодкорни бундан кейин ҳам тақиқлар билан тиз чўктириб бўлмайди. Айниқса, ургутлик ёлғиз бўри – Карим Баҳриевни.