Ўзбекистонга дунёнинг энг машҳур нашрлари эътибор қаратмоқда

25.12.2021 10:17

Сўнги 30 йилда илк бор Ўзбекистон ҳақида жаҳоннинг топ ОАВ ижобий материаллар эълон қила бошлади

1. Cable.co.uk порталининг британиялик экспертлари томонидан тузилган энг арзон электр энергиясига эга мамлакатлар рейтингида Ўзбекистон 7 ўринни эгаллади. Мамлакатда бир киловатт-соат 0,027 доллар туради. Бу ўзбек валютасида 290,79 сўмни ташкил қилади.
 

2. Британиянинг “Тhe Telegraph” газетасининг талқинига кўра, 2022 йилда дам олиш учун энг яхши буюджет шаҳарлари рўйхатида Тошкент биринчи ўринни эгаллади. Мақолада британиялик сайёҳлар учун қулайликлар – Лондон ва Тошкент ўртасида тўғридан-тўғри рейслар ҳамда Британия фуқаролари учун 30 кунгача визасиз режим – мавжудлиги қайд этилган. Бу сайёҳларни мамлакат бойликларини кўпроқ кўриш учун узоқроқ муддатли саёҳатларга жалб қилиши мумкин. Материал муаллифи сайёҳларни ушбу “икки минг йиллик тарихга эга Марказий Осиё марказига, Ўзбекистонда об-ҳаво энг қулай бўлган баҳор ёки кузда” саёҳат қилишга чорлайди.

3. "Ўзбекистон атроф-муҳитни асраш ва электр тизимини қайта қуриш бўйича қилаётган ишлари ҳайратланарли ва илҳомлантиради"- дея ёзмоқда Forbes журнали.

Forbes Ўзбекистоннинг яшил энергетика сиёсатига эътибор қаратиб, хорижий компанияларни бозоримизга киришга ундамоқда. Таъкидланишича, Шавкат Мирзиёев мамлакат электр тизимини совет давридаги муҳандислик қолдиқларидан, қуёш энергетикасига эътибор қаратган ҳолда яшил келажак сари интилаётган тизимга айлантиришга интилмоқда. Хусусан, мамлакатимизнинг табиий газдан электр энергияси ишлаб чиқаришга қарамлигини ҳозирги 83 фоиздан 50 фоизга кескин қисқартириш, атмосферага чиқариладиган юз минглаб тонна парник газлари миқдорини камайтириш режалари келтирилган.

4. Ўзбекистон бошқа давлатларни қўшни Афғонистонга ёрдам беришга чақирмоқда – Америка Овози. Америка Овозининг таъкидлашича, қиш келиши билан Ўзбекистон халқаро ҳамжамиятни қўшни Афғонистонга ёрдам беришга фаол чақирмоқда.

Нашрнинг қайд этишича, Ўзбекистон Афғонистонга ёрдам етказиш учун ўз инфратузилмасини очиқ қолдирмоқда. Мамлакат БМТ агентликлари ва халқаро ташкилотларга ўз ҳудуди, аэропортлари, темир йўллари ва энг муҳими, Ўзбекистон ва Афғонистонни боғловчи “Дўстлик” кўпригидан фойдаланишга рухсат бермоқда.

Хусусан, Термиз юк маркази (40 гектар) халқаро ташкилотларнинг афғон халқи учун мўлжалланган товарларини сақлашга масъулдир. Ёрдам Термиз аэропортига етиб келади, сўнгра Афғонистонга автомобил ёки темир йўл орқали жўнатилишидан олдин марказ ҳудудида сақланади. Юкларни расмийлаштириш тезлаштирилган жараёнда амалга оширилади дея ёзмоқда Америка овози нашри.

5. ZF-UZ-VAC2001 ўзбек-хитой ваксинаси “омикрон”дан ҳимоя қилади дея ёзмоқда ўзбек ваксинасини алқаб Reuters нашри.

Тадқиқот натижалари шуни кўрсатибдики, ZF-UZ-VAC2001 ваксинаси вируснинг асл вариантига нисбатан реакция кучсизроқ бўлса-да, “омикрон” вариантига қарши антитаначалар ишлаб чиқаришни қўзғатиши мумкин. Компаниянинг таъкидлашича, бир ой олдин учта курс ваксина билан эмланган одамларнинг 78 фоизидан олинган намуналарда “омикрон”га қарши зарарсизлантирувчи антитаначалар топилган.

6. Нуфузли Тhe Korea Times газетасида Ўзбекистон-Корея муносабатларига бағишланган мақола чоп этилди. Материалда сўнгги йилларда эришилган келишувлар фонида мамлакатлар ўртасидаги савдо-иқтисодий ҳамкорлик жадал ривожланаётгани қайд этилган. Хусусан, ташқи савдо айланмаси 2016 йилдаги $1 миллиарддан 2019 йилда 2,7 миллиардгача ўсди, пандемия таъсирида бироз пасайиб, 2020 йилда 2,1 миллиардни ташкил этди. 2016 йилга нисбатан ўсиш 2019 йилда 258,6 фоизни, 2020 йилда эса 200,9 фоизни ташкил этди.

7. CNN Тravelнинг таъкидлашича, иқтисодиёти тобора диверсификацияланган Ўзбекистон сўнгги бир неча йил ичида туб ўзгаришларни бошидан кечирмоқда. Бунинг замирида Ғарб сайёҳларининг яна бир машҳур манзилига айланиши мумкин бўлган Тошкент ётади. CNN ўз ўқувчиларига “Чорсу” озиқ-овқат бозори ва Ош марказига ташриф буюришни маслаҳат беради – бу ерда сайёҳлар нафақат мамлакатдаги энг машҳур, катта қозонда пиширилган таомни татиб кўришлари, балки аутентик фотосуратларга ҳам эга бўлишлари мумкин.

Санъат галереяси сифатида қараладиган пойтахт метросига алоҳида эътибор қаратилмоқда: "Санъат асарлари, фрескалар ва мозаикалар мамлакат маданияти ва унинг таниқли намояндаларини улуғлайди".

Тошкент сайр қилиш учун ҳам жуда мос жой – “янги савдо марказлари ва кўп қаватли уйлар орасида бир пайтлар шаҳар қандай бўлганини эслатиб турувчи масжид ва мадрасаларни ҳамма жойда кўриш мумкин”.

Таъкидланишича, анъанавий ва замонавийлик элементларини ўзида мужассам этган Тошкент бутунлай янги сайёҳлар гуруҳи учун очилмоқда. Пойтахт янги нарсаларни ҳис этиш истагида бўлган сайёҳларга ташриф учун зарур бўлган янги маскан бўлиши мумкин дея ёзмоқда CNN нашри.

8. Американинг CNN телекомпанияси бутун дунё истеъдодли ва иқтидорли ёшлари ҳақидаги янги “Тhe Generation Next” лойиҳасини бошлади. Циклнинг биринчи дастури Ўзбекистон ёшларига бағишланган! Лойиҳанинг илк меҳмонларидан бири Американинг Super Dispatch технологик компаниясида ишлайдиган муваффақиятли дастурчи Дурдона Баҳронова бўлди. Унинг сўзларига кўра, у кодлаш ва дастурлашнинг кучини англаб етганида, ортга йўл йўқ эди. Кейинги 5 йил ичида Ўзбекистонда ёш авлодни қўллаб-қувватлаш соҳасида туб ўзгаришлар рўй берди. Ҳозир ҳар қачонгидан ҳам кўпроқ дастурлар амалга оширилмоқда. Улар ёшларга ҳаётда ўз ўрнини топишга, етакчиларга эса ҳозирги ва келажак авлодлар учун жамиятни яхшилашга ёрдам беради. Катта бир лойиҳанинг айнан Ўзбекистондан бошланганлиги ҳам бир маъно англатса, ажабмас.

9. Қозоғистоннинг Kursiv нашрига кўра, жаҳон брендлари Ўзбекистонда ҳам ўз филиалларини очмоқчи. Чунки Ўзбекистон бу брендларни ишлаб чиқариш учун қулай жойлиги айтиб ўтилган.

2022 йил баҳорида Ўзбекистонда аутсорсинг шартлари асосида Adidas ва Nike спорт поябзаллари ишлаб чиқарила бошлайди. Аввалроқ Hugo Boss ва Indetex гуруҳи (Zara, Маssimo Dutti, Bershka, Stradivarius ва бошқа брендлар) Ўзбекистонда шартнома асосида ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш режалари ҳақида маълум қилган эди.

10. Ўзбекистон ислоҳотларнинг иккинчи босқичига тайёр – Euronews бу ҳақда айтмоқда.

Ўзбекистон ислоҳотлар дастурининг навбатдаги босқичига тайёргарлик кўрмоқда. Айрим функцияларни маҳаллий давлат ҳокимияти органларига ўтказиш билан ҳукумат таркибини тубдан қайта қуриш кутилмоқда, айрим функциялар эса бутунлай бекор қилинади. Ислоҳотларнинг биринчи босқичида хорижий капитал учун эшиклар очилди ва йирик хусусийлаштириш дастури бошланди. Илгари ташқи сиёсатда изоляционизм позициясини эгаллаб келган мамлакат кўп векторлилик, қўшнилар ва узоқ ҳамкорлар билан дўстона алоқалар ўрнатиш консепсиясини қабул қилди.

Ислоҳотларнинг иккинчи босқичи қийинроқ, лекин, эҳтимол, аҳамиятлироқ бўлади. Иш ўринларини яратиш ва қашшоқлик билан курашиш дастурлари алоҳида аҳамиятга эга бўлади.

Иқтисодиётни ривожлантириш режалари доирасида ҳукумат Ўзбекистонни аҳоли жон бошига тўғри келадиган даромади ўртачадан юқори бўлган давлатлар рўйхатига киритиш ниятини эълон қилди.

@rost24_uz_bot — Хабар йўлланг. Сизнинг хоҳишингизга кўра ҳар қандай маълумот сир сақланади
7
Изоҳ қолдириш
Изоҳлар
25.12.2021 16:29
Байрам олдидан кайфиятни кўтармоқчи бўлдингизми? "Оч қоринга қўшиқ на ҳожат"