Бугунги рақамлашган, шиддатли, матбуотнинг кун кўриши қийин бўлиб қолган бир пайтда Ўзбекистоннинг энг кекса газеталаридан бири ҳисобланган “Маърифат” ўзининг 90 ёшини нишонламоқда. Бош муҳаррири Ҳусан Нишонов!
Ҳусан Карвонли ҳамма билан қариндош! Масалан, ёшлар билан “жиян” деб гаплашади. “Тоға” бўлади-да шунда! Тошкентнинг суронли ҳавосида қишлоқча лаҳжасини сақлаб қола олган бу журналистни аввалига таҳририятда бирон иш қилмаса керак, деб ўйлайди киши. Чунки қўл остида ёш-ёш ходимлари етарли, ўзи эса ижтимоий тармоқларда доимо “онлайн”.
Аммо ҳийла мулоҳаза қилинса, “Маърифат” муҳаррири айрим муҳаррирлардек фақат кабинет-у қоғозларга боғланиб қолганлардан эмаслигини сезиш мумкин. Ёшлар орасида мутолаа маданиятини ошириш учун замон билан ҳамнафас, ҳатто нашрлар орасида биринчи бўлиб газетанинг мобил иловасини яратилиши учун бош бўлди.
Ижтимоий тармоқларда мақолаларни ўзи пиар қилади, мақоласи эълон қилинган зиёлилар билан ўзи мулоқот қилади, таҳрир қилади ва ҳ...
“Уч йилдан бери меҳнат таътилига чиққаним йўқ, икки йилдан буён шанба-якшанбани иш куни деб эълон қилганман ўзимга”, деб ёзади газета ҳақидаги таассуротларидан бирида Ҳусан Карвонли.
Газетада эълон қилинаётган мақолалар шу даражада долзарбки, уни журналист эмас, асосан соҳада ишлаб келаётган, муаммони ичидан билган инсон ёзади. Газета эса шунчаки унга пештахта вазифасини бажариб беради.
“Шунчаки” дейиш хато. Ахир битта мақоланинг эълон қилиниши учун озмунча меҳнат сарфланмайди.
“Эсимда, битта зўр муаммони кўтариб мақолани эълон қилворардик-да кейин тепадагилардан сўкишни эшитардик”, дейди газетанинг собиқ раҳбарларидан бири Ҳалим Саидов.
Таълим тизимидаги оғир муаммолар ёритиладиган, ўз бағрига кўплаб ёшларни олиб уларни тарбиялайдиган, журналист бўлиб етишиши учун таълим беришдан чарчамайдиган газетани 90 ёши билан қутлаш учун Халқ таълими вазири Бахтиёр Саидов ҳам алоҳида табрик билан келди:
“Халқ зиёлилари, ўқитувчиларнинг яқин кўмакдоши “Маърифат” газетаси бугунги кунда таълим инқилоби бўлиб хизмат қилиши керак. Халқ таълими тизимини тубдан ўзгартириш, шу билан бирга ўзгартириш киритишга астойдил бел боғлаши зарур. Таълим соҳасида фаолият олиб бораётган педагогларни барча ислоҳотлардан тўла хабардор этиш ва шу орқали уларнинг ижтимоий фаоллигини ошириш “Маърифат” газетасининг асосий шиорига айланиши жоиз. Шундагина бу инқилоб халқ таълими тизими ходимлари эҳтиёжига, орзу-умидларига таяниб, кутилган натижани беради.
… Фурсатдан фойдаланиб, газетанинг фидойи жамоасини ва ушбу нашр ривожига ҳисса қўшган журналистларни қўшалоқ байрам билан қутлаймиз. Таълим-тарбияга оид амалий таклифлар, таҳлилий, танқидий ва илмий-оммабоп мақолалар, адабий-бадиий асарлар билан газета саҳифалари янада бойишини, жамоанинг келгуси фаолиятида улкан зафарлар ёр бўлишини тилаб қоламиз!”
Газетанинг 90 йиллиги муносабати билан “Меҳр ва маҳорат мактаби” номли китоб нашр этилди. Унда “Маърифат”нинг бугунги ютуқларига сабабчи бўлган инсонлар – газета ходимлари, раҳбарлари, халқ зиёлилари ва ўқувчиларининг фикрлари жамланган.
Rost24.uz таҳририяти ҳам Ўзбекистонда журналистика тараққиётига қўшаётган мислсиз ҳиссаси учун газета жамоасига ҳурмати чексиз ва 90 ёши билан самимий табриклайди!