Ўзбекистонда сўконғич амалдорларни жавобгарликка тортувчи Кодекс ишлаб чиқилади

13.12.2021 20:18

Энди давлат органлари хизматчилари одоб-ахлоқ нормаларига амал қилмаса қатъий жавобгарликка тортилиши мумкин.

Яқиндагина Асака туман ҳокимининг аҳоли билан беписанд мулоқот қилгани видеоси ижтимоий тармоқларда тарқалди. Қизиқ жиҳати, ушбу ҳолат юзасидан жавобгарликка ҳоким эмас, матбуот котиби тортилди. Аниқроғи, матбуот котиби “ўз аризасига кўра” ишдан кетди.

Қонунларимиз барча учун тенг ишлайдими?

Бундан бир муддат аввал давлат хизматчисини “мент” деб ҳақарот қилгани учун блогер Бобур Ғаниевга ҳуқуқий чора кўрилиб, 15 суткага қамалган эди. Шу билан бирга ИИБ ходимлари томонидан тиз чўктирилиб кечирим сўраган видеоси тарқатилди. Аммо мажлисда вазирларни сўккан Андижон вилоят ҳокими Шуҳрат Абдураҳмоновга, фуқаро билан телефонда сўкишиб гаплашган Андижон шаҳар ҳокими Баҳром Ҳайдаровга, 45 минутлик мажлисда 126 марта сўкинган Паркент туман ҳокими Неъматулла Абдуллаевга, Янгибозор ҳокими Ўктамбой Қурбоновга бундай ҳуқуқий чора кўрилмади. Чирчиқ туман ҳокимлиги матбуот котиби Фарҳод Қодиров биргина “тупой” дегани учун ишдан кетган.

Қонунларимиз амалдорлар қаршисида ожизми?

Адлия вазирлиги томонидан ишлаб чиқилган Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг «Ўзбекистон Республикаси давлат хизматчиларининг одоб-ахлоқ кодексини тасдиқлаш тўғрисида»ги қарори лойиҳаси жамоатчилик муҳокамасига қуйилди.

Аммо бу янги кодекснинг тўлиқ ишлашига кафолат бормикан... 

Чунки 2016 йилда бош вазир Ш.Мирзиёев томонидан “ДАВЛАТ БОШҚАРУВИ ОРГАНЛАРИ ВА МАҲАЛЛИЙ ИЖРО ЭТУВЧИ ҲОКИМИЯТ ОРГАНЛАРИ ХОДИМЛАРИНИНГ ОДОБ-АХЛОҚ НАМУНАВИЙ ҚОИДАЛАРИНИ ТАСДИҚЛАШ ТЎҒРИСИДА”ги қарор қабул қилинган эди. Бироқ, юқори лавозимли давлат хизматчиларига ушбу қарорнинг кучи етмади.

Янги кодексда эса давлат хизмати уч турга бўлинмоқда:

– давлат сиёсий хизмати – ички ва ташқи сиёсатни белгилаш ҳамда сиёсий мақсад ва вазифаларни амалга ошириш билан боғлиқ давлат ҳокимияти вакиллик органига сайланадиган ва Ўзбекистон Республикаси Президентининг номенклатурасига кирадиган лавозимларга юклатилган вазифа ва функцияларни амалга оширишга қаратилган ҳамда ҳақ тўланадиган касбий хизмат фаолияти бўлган давлат хизматининг бир тури (Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси депутат ва сенаторлари, маҳаллий халқ депутатлари Кенгаши депутатлари, Ўзбекистон Республикаси Президентининг Администрацияси ҳамда Вазирлар Маҳкамасининг ходимлари);

– давлат фуқаролик хизмати – Ўзбекистон Республикаси фуқароларининг давлат органларидаги давлат фуқаролик лавозимларига юклатилган вазифа ва функцияларни амалга оширишга қаратилган ҳамда ҳақ тўланадиган касбий фаолиятини назарда тутувчи давлат хизматининг бир тури;

– давлат махсус хизмати – Ўзбекистон Республикаси қуролли кучларидаги ҳарбий ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи ҳамда суд органларидаги юклатилган вазифа ва функцияларни амалга оширишга қаратилган ҳамда ҳақ тўланадиган касбий фаолиятини назарда тутувчи давлат хизматининг бир тури.

Шунингдек, ушбу кодексда давлат хизматчиларининг ишдаги ва ишдан ташқаридаги касбий одоб-ахлоқ қоидалари ҳам белгиланмоқда.

@rost24_uz_bot — Хабар йўлланг. Сизнинг хоҳишингизга кўра ҳар қандай маълумот сир сақланади
2
Изоҳ қолдириш
Изоҳлар
14.12.2021 12:27
Nima o'zgarardi? Hamisha "holvani hokim yegan, kaltakni yetim yegan"