Тошкент шаҳар ИИББ: "Rost24"да кўтарилган муаммо бутунлай бартараф этилди

10.12.2021 21:56

ФОТОФАКТ

Пойтахт бозорлари атрофидаги ўзбошимчаликларга барҳам берилди. 

Rost24.uz ахборот сайти замонавий ва гавжум бозорларимиз атрофидаги жойлар зўравонлар ва кўча "доля"чилари эгаллаб олаётганлиги ҳақида бир неча маротаба бонг урди.

Бозорлар атрофида рўй бераётган бебошликларга Президентимиз ҳам жиддий эътироз билдирди.

Президент Шавкат Мирзиёев Шайхонтоҳур туманига ташрифи давомида пойтахтда жиноятчилик ҳолатлари ошгани ҳақида гапириб, шаҳар ИИББ бошлиғи ҳамда шаҳар прокурорининг фаолиятини танқид остига олган эди.

«Тошкентдаги жиноятчилик бўйича вазиятни мен айтмай, сизлар эшитманг. Жиноятчилар орасида «солиқчилар» пайдо бўлди ҳозир. Улар бозорлардан солиқ ундиришяпти, давлатдан алоҳида солиқ оладиган гуруҳлар пайдо бўлган. Мен ер тагида илон қимирласа биламан. Биз бундайларни дарҳол жиловлашимиз керак, жиловлаймиз ҳам», – деди Ш.Мирзиёев.

Орадан бироз ўтиб Пойтахтимиз бозорлари атрофидаги "бардак"ларни оммавий тозалаш бошланди.

Асосан халқ тилида "Ипподром" деб аталувчи бозорлар мажмуаси, Чорсу ва Қўйлиқ бозорларининг атрофи "ёймачи"лар билан тўлиб кетган эди.

Айни кунда буларнинг барчаси бартараф этилди.

Тошкент шаҳар ИИББ матбуот хизмати Rost24.uzга бозорлар атрофида кўтарилган муаммоларнинг барчаси бартараф этилганини маълум қилди.

"Чорсу, Қўйлиқ ва Абу Сахий бозорларининг атрофларида ноқонуний ва ўзбошимча қурилган қўлбола савдо расталари олиб ташланди. Аммо бу тадбир осон бўлмаяпти. Айрим фуқаролар буни нотўғри тушунишмоқда", – деди Тошкент шаҳар ИИББ матбуот хизмати.

Эслатма: Абу Сахий бозор маъмурияти маълум қилишича, жойи бузилган "ёймачи"лар учун бозор ичкарисидан 2022 йил март ойигача текин туриш имконияти билан 500 та ўрин ажратган.

@rost24_uz_bot — Хабар йўлланг. Сизнинг хоҳишингизга кўра ҳар қандай маълумот сир сақланади
6
Изоҳ қолдириш
Изоҳлар