Футбол мутахассиси: Болалар футболидаги энг катта хатомиз – ёш кичрайтириш

09.12.2021 08:35

Мамлакатимизда биринчи рақамли спорт тури – футболни ривожлантириш учун каттагина маблағ ажратилмоқда. Бироқ натижа эса ҳаммага маълум.

Бу спорт турини ривожлантириш учун илк эътиборни болалар футболидан бошлашимиз керак. Болалар футболида бизни бир нечта муаммолар қийнаб келади. Хусусан, селекция ишларида анчагина нўноқликлар мавжуд.

Бу борада болалар футболи бўйича мутахассис фикрини ҳам эътибор қаратиш лозим. Шу боис футбол бўйича иқтидорли мураббий Ислом Исмоилов билан суҳбатлашдик.

«Болалар футболидаги энг асосий хатойимиз бу – ёш кичрайтириш. Тасаввур қилинг, 2006 йил туғилган бола ёшини кичрайтириб 2008 йил қилса, ўз-ўзидан шу йилда туғилган болалар ичида сўзсиз кучли бўлади. Ҳақиқатдан 2008 йил туғилган бола ўз тенгқурлари ичида юқори маҳоратга эга кучли футболчи бўлсада, ҳалиги ёшини кичрайтирган болани олдида йўқолиб қолади. Вақти келиб терма жамоага футболчи чақирилаётган даврда эътибор ёши кичрайтирилган футболчига қаратилади ва ҳақиқий ёшдаги иқтидорли футболчи четда қолиб кетиши мумкин. Қолаверса, мураббийлар болаликда ўргатиладиган «футбол алифбоси»ни ўз вақтида ўқитмайди. Бунинг ўрнига турли хил кераксиз мусобақаларга олиб юришлари энг катта хатолардан деб биламан», – деди И.Исмоилов.

Болалар футболимизда ёш кичрайтириш анча урфга кирган. Бунинг натижасида ҳақиқий маҳорат эгалари йўқ бўлиб бормоқда. Бу эса ёш футболчининг келажагига салбий таъсир ўтказмай қолмайди. Унинг иштиёқи йўқолади, руҳиятида синиш кузатилади.

Ёш иқтидорларни маҳорат мактабларига, академияларга саралаб олишда ҳам ноҳақликларга беихтиёр дуч келамиз. Селекционер ва селекция ишлари билан боғлиқ турли хил гап-сўзлар учраб туради. Бу борада ҳам мутахассиснинг фикрига қизиқдик.

«Анча вақт бўлди болалар футболида ишламаганимга. Ҳеч кимни қўл билан ушлаб олмай туриб кимгадир айб қўйиш тўғри эмас, – деди собиқ футбол мураббийи Ислом Исмоилов. – Лекин селекция ишларида футбол маҳорат мактабларига кириш пуллик деган гаплар қулоққа чалиниб қоляпти. Бизнинг ўзимизга ҳам кўп чиқишади, пул таклиф қилишади. Демак бу нарса борки, одамлар шу ишга «қўл уришади.

Гуруч курмаксиз бўлмайди» деганларидек, иқтидорларни саралаб олиш жараёнларида юқоридаги нохуш ҳолатлар учраб туради. Мазкур саралаб олиш ишларини фақат шаҳар марказларида эмас балки чекка чекка қишлоқларга ҳам бориб ўтказиш, у ердаги ёш талантларни кашф этиш зарур. Қанчадан-қанча иқтидорлар ўз ўйинларини кўрсата олмай тоғлар орасида ўтиб кетмоқда».

Мураббий суҳбат давомида чемпионатимизда фаолият олиб борадиган жамоалар ўз академияларини ривожлантириши кераклиги, футбол маҳорат мактабларининг шароитлари талабга жавоб берадиган даражада яхшиланиши, болалар футболига ҳам хорижлик мураббийларни жалб этиш муҳимлигини ҳам таъкидлади.

Хулоса қилиб айтадиган бўлсак, болалар футболида коррупция йўқолмас экан, биз бирор натижага эриша олмаймиз. Биз ҳеч кимни айбдор қилмоқчи эмасмиз, фақат футболимиз ривожланишига тўсқинлик қилаётган асосий муаммолардан биттасини ҳақида ёритишга ҳаракат қилдик.

Муҳаммадшукур Муҳаммаджонов тайёрлади.

*****

Мавзуга оид мақолалар:

Бир умрга футболдан четлатилган Самвел Бабаян ҳали ҳамон бу оламини тарк этгани йўқ

О.Раматов: «Ўзбек футболини ё бор қиламиз ёки бутунлай йўқ қиламиз»

ЎФА ФИФА ҳакамини 5 йилга футболдан четлатди

ФОТОТАРИХ: 42 йил аввал худди шу куни ўзбек футболида унутиб бўлмас фожиа содир бўлганди

@rost24_uz_bot — Хабар йўлланг. Сизнинг хоҳишингизга кўра ҳар қандай маълумот сир сақланади
2
Изоҳ қолдириш
Изоҳлар
09.12.2021 16:50
Ўзбекистонда фудболни ривожлантириб бўлмайди. Ҳамма поғонада коррупсия ва мафия. Яхши ўйнайдиган ўйинчилар қолиб кетиб ошна оғаничилик, телфонбозлик, иқтидор бир пул.