БЕШ ДАҚИҚАЛИК ФИКР
Журналистларни қўрқитадиганлар бор экан, қўрқадиган журналистлар ҳам бўлаверади. Аммо, биз қўрқсак-да ёзаверамиз, журналистика билан шуғулланаверамиз.
Биз мақола ёзамиз, амалдорларнинг турфа "ўйинларини" халқ билиши, хабардор бўлиши керак бўлган маълумотларни беришга интилаверамиз. Аммо, бизни туҳматда, “заказ” материал ёзишда айблашади, биз эса ёзаверамиз.
Биз мақола ёзамиз вазирлар, ҳокимлар, монополистларнинг кирдикорлари, камчиликларини очамиз, бу ҳақида халқ билишга ҳақли деб биламиз ва бу ҳақида ёзаверамиз. Ўша вазир ёки ҳокимнинг душманлари уюштирган, деб ўйлайдилар. Бироқ бу биз учун халқ билиши керак бўлган маълумот. Унинг ортидаги ўйинлар тугамайди, аммо халқ учун очиқлаш керак бўлган маълумотларни бериш учун биз ҳам югураверамиз.
Бизга қўнғироқлар бўлади, туҳматлар бўлади, ёлланган троллар “армия”сининг ҳақоратлари келаверади, аммо биз ёзаверамиз.
Гуруҳлар ўзига бизни оғдирмоқчи бўлишади, шахслар яқинлашишга истайди, кимлардир манфаатдор қилишга интилади, аммо биз оғишмасликка уринамиз. Журналистика билан ҳам кимдир шуғулланиши керак, деб ўйлаймиз. Айримлар ёзган мақолаларимиздан манфаат қидиришади. Аммо биз парво қилмаймиз, ахир улар манфаатсиз ҳам жафокаш одамларга ёрдам бериш, миллатга ҳеч бир тамасиз ҳам хизмат қилиш кераклигини қаердан ҳам билсин.
***
ТВ экранларида чиқиб, жадал суратда амалга ошаётган ислоҳотлар ҳақида тўлқинланиб гапираётган амалдор халқни аҳмоқ деб ўйлайдими ёки ўзи шундайми...
Бугун биз яшаётган жамият бошқа, у 25 йиллик даврдаги “биз яхши яшаяпмиз”, қабилидаги репортажларга алданмайди. Аммо, буни юқоридагилар англамаётгандек...
Бугун ахборот истеъмол қилаётган одамлар бошқа, жамият бошқа. Танқидий назар, қолипдан чиқиб фикрлаш кўпайгандек. Айбловлар ўша-ўша – танқидий назар билан мақола ёзувчиларни халқ душманига чиқариш принциплари ҳамон ишлаётгандек...
Эрта тонгни қаҳва ва сўз эркинлиги уфуриб турган газета билан бошламасам-да телевизор кўриб нонушта қиламан. Бугун тонгда кўрган репортажим Ўзбекистон журналистикаси ҳақида чуқурроқ фикр юритишга чорлади. “Ўзбекистон24” каналининг тонги репортажларида Тошкентнинг қайсидир туманидаги поликлиникада электрон навбат ҳисоблагич ўрнатилгани ҳақида хабар кетарди. Кейинги репортажлар ҳам шу қатори эди. Ўйлаб қолдим, янги ишга тушган электрон навбат ҳисоблагич ҳақида ахборот бериш учун воқеа жойига журналист, тасвирчи ва ҳайдовчи, яъни уч киши етиб борган. Бу фавқулодда муҳим бўлган репортажни тасдиқлаш учун муҳаррир ҳам овора бўлган. Уларга бюджетдан, халқ пулидан маблағ сарфланган. Бу репортажни тайёрлаётган журналист ўзи қайси касбни танлаганини билармикан? Тўртинчи ҳокимият мақомини кўтариб юрган касб ходимлари туманда икки қаватли поликлиника ва давлат хизматлари агентлиги халқ хизмати учун топширилгани ҳақида репортаж тайёрлаб юришдан уялмайдиларми? Бу каби репортаж тайёрлаш журналистиками, эфир тўлдиришми ёки пропогандами? Энг қизиғи мана шу руҳдаги репортажлар истеъмолчиси фақатгина ҳукумат вакилларининг ўзи бўлиб қолмаяптими?
Давлат телеканалларининг эфирларини тўлдираётган тадбирлар ҳақидаги репортажларни кўриб ўйлаб қоламан, бу журналистика эмас-ку. Лекин, афсуски, ана шу тадбирбоз “журналистика”миз амалдорларни ҳам фалон тадбиримизни ёритиб беринг, дея ҳисобот бериш учун ишлашга одатлантириб қўйгандек. Аксарият тадбирлар “Ўзбекистон24” канали мухбирлари бормаса, бошланмай туради. Ана шу тадбирбоз “журналистика” фонида юқоридаги 3 ҳокимиятни танқидий кўз билан назорат қилиб мақолалар яратаётган сайтимизни халқ душманига чиқариб қўяётгандек. Аслида амалдорларнинг фаолияти, камчилиги улар йўл қўяётган хатолар ҳақида очиқ ва холис гапириш ҳақиқий журналистика ҳисобланади. Аммо, буни ҳазм қилиш қийин.
Ҳақиқий журналистика амалдорларни халқ олдида ҳисобдор қилиб қўяди. Аммо нутқларга қарсак чалиб, “халқ давлат учун эмас, давлат халқ учун хизмат қилиши керак”, дея интервью бераётган амалдорлар бу гаплари устидан назорат қилувчилар борлигига кўника олмаяпти.
Тадбирбоз репортажларни кўриб одатланган ҳукумат одамлари журналистиканинг вазифаси шу, деган тасаввур қолмоқда. Улар ҳақида танқидий материаллар ёзиб бораётган сайтимизни шахсий адоват, яхшиликларни кўра олмайдиган “ғаламис”ларга чиқармоқда. Давлатнинг адолат тарозиси қўлида бўлган адлия вазирлигининг вазир ўринбосарларигача танқидий руҳдаги материалларимиз сабаб бизни хориждан маблағ олишда, сотқинлик ва ғаламисликда айблаганликларига нима дейсиз?
Норасмий тўртинчи ҳокимият эгалари бўлган журналистларнинг асосий вазифаси олдиндаги уч ҳокимиятни назорат қилиш эмасми? Амалдорларни амал сабаб ўзларидан кетишлари, фаолиятидаги камчиликларни ёритиш ҳақиқий журналистика вазифаси ҳисобланади аслида. Биз янги топширилган бинолар ҳақида ахборот бериш учун қўлимизга қалам олмаймиз-ку. Қадимда жадидчи ота-боболаримиз ҳам жамиятдаги иллатлар ҳақида кўп қалам тебратишган. Танқид билан, хатоларни очиқ тан олиш билан жамият ривожланиши ҳақида бугун кимгадир гап ўргатиш шарт эмас. Камчиликлар, ўхшамаган ёки амалга ошмаган ислоҳотлар ҳақида гапириш душманлик эмаслигини бугун одамлар яхши билади. Аммо, ҳақиқий журналистикадан ўзини ноқулай сезган тараф уни душманликда айблашни маъқул кўрмоқда.
Rost24.uz сайти жамиятдаги муаммоларни холис назар билан олиб чиқиш, 3 ҳокимиятни чуқур микроскоп остида, танқидий кўз билан назорат қилишни мақсад қилган. Бу Ўзбекистон қонунчилигида жиноят ҳисобланмайди. Бу эркин ва тўғри журналистика ва айни дамда биз танлаган йўл.
Журналистикани “Ўзбекистон24” репортажларидан ёки “Янги Ўзбекистон” саҳифаларидан излаганларни уйғотиб қўйишни истардик. Бугунги жамият одамлари, ёшлар кечаги эмас. Уларни “пропоганда” билан “суғориш” имконсиз. Ҳақиқий журналистика билан муроса қилишга кўникинг, танқидлар ортидан шахсий адоват изламанг. Зеро, Президент сиздан талаб қилаётган шаффоф ва адолатли сиёсат ҳам шу эмасми?
02.12.2021 й.