Қишлоқларда тез ёрдам вазифасини эшаклар бажармоқда, вазирлик амалдорлари эса ўзларига "Captiva" харид қилиш билан овора

10.11.2021 16:36

Ўтган йили Chevrolet Tracker автомобилини сотиб олган Самарқанд соғлиқни сақлаш бошқармаси раҳбарияти жорий йилда "Captiva-5" русумли автомобилини харид қилиш учун имзо чекди.

Rost24.uz ахборот сайти мухбири Самарқанд вилояти соғлиқни сақлаш бошқармасининг бу қарори ҳақида текширув ўтказди.

Самарқанд вилоят Соғлиқни сақлаш бошқармаси томонидан 309 миллион 900 минг сўмга бир дона "Captiva-5" русумли автотранспорт воситаси харид қилмоқчи. Ушбу автотранспорт воситаси соғлиқни сақлаш соҳасида ўтказилаётган ислоҳотларни ўрганиш ва амалий ёрдам бериш мақсадида ташриф буюрувчи хорижий меҳмонларга қулай шароит яратиш мақсадида харид қилинган, дея ҳужжатда келтириб ўтилган.

Хорижий меҳмонларга қулай шароит яратиш учун — "Chevrolet Cаptiva-5", аҳолига тез ёрдам кўрсатиш учун эса Damas ҳам бўлаверадими?

Самарқанд вилояти Соғлиқни сақлаш бошқармасига кунига ўртача нечта хорижлик меҳмон ташриф буюряпти? Умуман хорижий меҳмонлар вилоят бошқармасига Каптива ёки Трекер автомобилларида сайр қилиш учун келадими.

2020 йилда пандемия иқтисодий қийинчиликларига қарамай қиймати 222 миллион сўмлик " Chevrolet Tracker  turbo 1.0" русумли автомашина айнан хорижий меҳмонларни кутиб олиш мақсадда харид қилиниб бошқармага фойдаланиш учун топширилган эди. Бу йили яна нима учун қимматбаҳо автомашина харид қилинмоқда?

Мазкур саволларга жавоб топиш мақсадида биз Бошқарма матбуот хизмати раҳбари Элдор Мухаммадиев билан боғландик.
 
"Автомобил ҳали сотиб олинганича йўқ. Бу қарорда сотиб олинди эмас, балки рухсат берамиз, деган гап кетган эди. Баъзи бир блогерлар буни нотўғри талқин қилиб сотиб олган, деб талқин қилди. Бу қанчалик тўғри? Ҳозирги кунда бошқарма бошлиғимиз Тошкентда ва бу машина сотиб олиш ҳали амалга ошгани йўқ. Агарда Каптива харид қилинса ҳам бу фақат хорижий меҳмонлар учун эмас, балки аҳоли учун ҳам хизмат қилади. 2022 йилда Самарқандда фестивал бўлиб ўтади. Мана шу фестивалда бу қўл келиши мумкинлиги учун ҳам кўзланган эди. Бу машина сотиб олинса ҳам махсус тиббий ранглар берилади", деб айтиб ўтди матбуот хизмати раҳбари Элдор Мухаммадиев.

Бу муҳр босилган ҳужжатдан кейин матбуот хизмати ходими машина сотиб олаётганимиз йўқ, бу шунчаки ҳужжат, рухсатнома деб вазиятни изоҳлади. Агар машина сотиб олиш режада бўлмаса, нима учун хат ҳужжат қилингани ажабланарли. Қолаверса, мазкур рухсатноманинг ўзи қонунга хилоф ҳисобланади. Чунки, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил 29 апрелдаги 258-сон қарори билан тасдиқланган Давлат бошқаруви ва маҳаллий давлат ҳокимияти органларида хизмат автотранспорт воситаларини бириктириш меъёрлари тасдиқланган. Унга кўра, Соғлиқни сақлаш вазирлигининг вилоят бошқармаси сотиб оладиган хизмат автомашинаси энг юқори нархи базавий ҳисоблаш миқдорининг 700 бараваридан ортиқ бўлиши мумкин эмас. 
Ҳозирги кунда базавий ҳисоблаш миқдори 270 000 сўм эканлигини ҳисобга оладиган бўлсак, Самарқанд вилояти Соғлиқни сақлаш бошқармаси сотиб олмоқчи бўлган хизмат автомашинасининг нархи 189 млн. сўмдан юқори бўлиши мумкин эмас.

Самарқанд вилояти Соғлиқни сақлаш бошқармаси Chevrolet Captiva-5 русумли автомбилини сотиб олмаган бўлсада, уни харид қилишга рухсат берувчи ҳужжатга имзо чекиш билан ҳукумат 258-сонли қарорини бузган.

Икки ой аввал сайтимизда, Қашқадарё вилояти, Қамаши туманидаги қишлоқда тиббий ёрдамга муҳтож аҳоли касалхонага эшакда ташилаётгани ҳақида материал эълон қилган эди. Айрим ҳудудларда аҳоли учун тез ёрдам машинаси мавжуд бўлмаган бир вақтда Самарқанд вилояти соғлиқни сақлаш вазирлиги бошқармаси хорижий меҳмонларни Каптивада кутиб олиш ҳақида қайғурмоқда.

@rost24_uz_bot — Хабар йўлланг. Сизнинг хоҳишингизга кўра ҳар қандай маълумот сир сақланади
7
Изоҳ қолдириш
Изоҳлар
11.11.2021 13:06
Дунени сув босса урдакка нима гам. Вилоят ССБ рахбари алламбало машинада кур тукиб юрса бас . Бу унинг обруси. Минг таассуфки, унинг обруси ахолига сифатли тиббий хизмат курсатиши билан бегиланмайдида.Дангиллма уйи, машинаси, бойлиги...унинг обруси! Аллох инсоф берсин!