Меҳнат қонунчилигини Меҳнат вазирлиги тизими бузмоқдами?..

19.10.2021 07:48

Фарғонанинг Бувайда тумани Аҳоли бандлигига кўмаклашиш марказида меҳнат қонунчилиги бузилгани юзасидан фуқаролар мурожаат билан чиқди.

Бу мунозарали масалани журналист Шарифа Мадраҳимова ўрганди.

Рамазон ҳайити кунида дам олиш бўлишига қарамасдан Бувайда тумани Аҳоли бандлигига кўмаклашиш маркази ишчи-ходимлари мажбуран ишлатилган. Энг ажабланарлиси, бу мажбурий ишлатилган ходимлар "Аҳоли бандлигига кўмаклашиш" маркази ишчилари эканидир. Қонун шу ердан бузилса, арз-додингни кимга айтасан?..

2021 йилнинг 10 май куни «Рамазон ҳайитини нишонлаш тўғрисида"ги Президент қарори чиққан эди. Қарорга биноан, ўзбекистонликлар Рамазон ҳайити муносабати билан кетма-кет 4 кун дам олишган.

Фарғона вилояти Бувайда тумани Аҳоли бандлигига кўмаклашиш маркази ишчи-ходимлари 14 май куни ишга жалб этилганини айтмоқда. Улар ягона исбот сифатида марказнинг телеграм ижтимоий гуруҳида берилган топшириқларни кўрсатишмоқда. Уларга кўра, бошлиқ ходимларни кеч соат 18:00 – 19:00 гача ишлашга, маълумот тайёрлашга мажбурлаган.

Табиий савол туғилади. Дам олиш куни ишга жалб этилган ходимларга қўшимча тўловлар тўлаб берилганми?

Иш вақтидан ташқари бажарилган иш учун компенсация ва ҳақ тўлаш Меҳнат Кодекснинг 157-моддасига мувофиқ амалга оширилиши керак. Қолаверса, иш вақтидан ташқари ишлар ходимнинг розилиги билан қўлланилиши мумкин.

Байрам кунидаги қўшимча иш куни учун тўловлар берилганмиди? Биз саволга жавоб олиш учун бандлик маркази ходимига мурожаат қилдик.

– Йўқ, – деди исми сир қолишини истаган ходим. – Исмимни айтсангиз ташкилот раҳбари мени ҳам турли баҳоналар билан ишдан бўшатиб юбориши мумкин. Сабаби, биз ўзимиз меҳнаткашларнинг ҳақ-ҳуқуқини ҳимоя қиладиган ташкилот бўлсак ҳам бизнинг ҳуқуқимизни, меҳнат шароитларимизни ҳеч ким ҳимоя қилмайди. Раҳбарнинг ноқонуний талабларига бўйсунмаган ходимлар турли баҳоналар билан ишдан бўшатилади. Масалан, давлат меҳнат ҳуқуқи инспектори Зафар Қурбонов, яна бир ходимимиз Аҳрор Холматовларнинг бошига шундай кун тушди.

– Нега 2021 йил 14 май куни бўлган ҳолатни энди орадан шунча вақт ўтиб очиқлаяпсиз?

– Агар ўша пайтда бу мавзу ҳақида гапирганимда, раҳбарлар бизга дарров "Меҳнат" кодексида кўрсатилганидек, қўшимча тўлов қилишар, уни буйруқлаштириб, ходимларнинг ёзма розилигини олиб, гўёки мажбурий меҳнат бўлмагандек ҳамма ҳужжатларни текислаб қўйишарди. Энди орадан шунча пайт ўтиб гапираётганимга келсак, ҳозир мутасадди ташкилотлар агар текшириш ўтказишса, ишхонамизда меҳнат қонунчилиги бузилгани исботланади, – дея жавоб қилди ходим.

Журналист бу масала юзасидан марказ раҳбари Элёржон Турсуновдан изоҳ олди.

– Ҳа, ўша куни 14 май Президент қарорига мувофиқ дам олиш куни ҳисобланган. Шу куни соат 13:00 да Президент селектори борлиги учун мен ҳокимиятга селекторга борим. Аммо ишчи-ходимларимиз ишга чиққани йўқ. Телеграмм гуруҳига ёзилган топшириққа келсак, ҳақиқатдан ҳам уни мен 14 май куни ёзиб қўйганман. Кимдир уйида бажарган бу топшириқни, кимдир душанба 17 май душанба куни ишхонага келиб бажарган. 14 май куни ҳеч ким топшириқни бажаришга мажбурланмаган, – дея жавоб қилди Элёржон Турсунов.

Элёржон Турсуновга кўра, топшириқни 17 май куни бажариш мумкинлиги айтилсада, телеграм гуруҳида вазифани якунлаш санаси “14 май куни соат 18:00гача” деб кўрсатилган.

Маълумот ўрнида, Ўзбекистон Республикаси "Меҳнат" кодексининг 124-моддасида ходим учун белгиланган кундалик иш (смена) муддатидан ташқари ишлаш вақтидан ташқари иш деб ҳисобланади. Иш вақтидан ташқари ишлар ходимнинг розилиги билан қўлланилиши мумкин. Иш сменасининг муддати ўн икки соатдан иборат бўлганида, шунингдек меҳнат шароити ўта оғир ва ўта зарарли ишларда иш вақтидан ташқари ишларга йўл қўйилмайди.

Иш вақтидан ташқари ишга жалб этиш ушбу Кодекснинг 220-моддаси бешинчи қисмида ва 228, 245-моддаларида белгиланган чеклашларга риоя этган ҳолда амалга оширилади.

Иш вақтидан ташқари бажарилган иш учун компенсация ва ҳақ тўлаш ушбу Кодекснинг 157-моддасига мувофиқ амалга оширилиши керак.

@rost24_uz_bot — Хабар йўлланг. Сизнинг хоҳишингизга кўра ҳар қандай маълумот сир сақланади
4
Изоҳ қолдириш
Изоҳлар