Чақалоқ савдоси билан боғлиқ жиноятлар афсуски, ҳали жамиятимиздан чиқиб кетгани йўқ.
Деярли ҳар ойда янги туғилган чақалоқларнинг сотилиши тўғрисида хабарни кўриш мумкин. Уларда чақалоқлар яқинлари томонидан 700 АҚШ долларидан 23-30 минг долларгача сотилаётганини кўриш мумкин. Энг ачинарлиси, гўдаклар ўз оналари томонидан пулланмоқда. Янада ачинарли томони, бола сотилиши жараёнларида воситачиларнинг 32 фоизини тиббиёт вакиллари ташкил этган.
Маълумотларга кўра, 2017 – 2020 йиллар ўтказилган тезкор тадбирлар давомида чақалоқларни сотиш бўйича 185 та жиноят аниқланган. Жумладан, 2017 йилда 69 та, 2018 йилда 46 та, 2019 йил 41 та, 2020 йилнинг 11 ойида 34 та чақолоқлар сотилиш вақтида аниқланган.
Шу кунгача жорий йил бошидан бери оммавий ахборот воситалари орқали чақалоқ савдосига оид ўндан ортиқ хабарлар эълон қилинган.
Эслатиб ўтамиз, статистика маълумотлари хабарларида, 2020 йилга келиб одам савдоси билан боғлиқ жиноятлар сони 6 баробарга камайган. Масалан, 2012 йилда 574 та одам савдоси билан боғлиқ жиноят қайд этилган бўлса, 2019 йилга келиб бу кўрсаткич 94 та, 2020 йилда эса 74 тагача камайган.