Давлат фуқарони соғлом турмуш тарзига ундаса, унинг ҳар бир қадамини рағбатлантиришга ваъда берса, бундан фақат қувониш керак. Одамлар кўпроқ юради, камроқ автомобиль ишлатади, саломатлигига эътибор беради, шаҳар ҳавосининг тозалигига ўз ҳиссасини қўшади. Бунинг нимаси ёмон? Муаммо ғояда эмас. Муаммо яхши ғоя ортидан ишончли тизим, аниқ ҳисоб-китоб ва фуқаро олдидаги масъулият келмаса, бошланади. Ўзбекистонда қадам ташлаган фуқарони рағбатлантириш ғояси биринчи марта пайдо бўлаётгани йўқ. Бу йўналишда аввал ҳам давлат платформаси ишга туширилган, кейин унинг ҳуқуқий асоси бекор бўлган. Кейин эса, «Экофаол фуқаро» номи остида янги тизим тақдим этилди.
2021 йилда Вазирлар Маҳкамасининг 28 апрелдаги 253-сон қарори билан «Соғлом турмуш тарзи» платформаси фаолиятини ташкил этиш тартиби белгиланган эди. Ҳужжатда фуқароларни кундалик юриш ва югуришга рағбатлантириш механизми назарда тутилган. Унга кўра, 18 ёшдан катта фуқаро бир суткада 10 минг ва ундан ортиқ қадам юрса, электрон ҳамёнига 3 минг сўм ўтказилиши, шунингдек энг кўп юрган иштирокчилар учун қўшимча мукофотлар берилиши белгиланган. Қарорда платформа 2021 йил 10 майдан синов режимида ишлаши, 1 июндан эса тўлиқ ишга туширилиб, тўловлар белгиланган тартибда амалга оширилиши кўрсатилган. Бу аниқ молиявий мажбурият назарда тутилган давлат дастури эди. Бироқ, мазкур қарор 2022 йил 15 январдан ўз кучини йўқотган.
Лекин тўловлар нима сабабдан тўхтагани, қанча маблағ тўлангани ёки қанча фуқаро рағбатсиз қолгани маълум қилинмаган. Афсуски, очиқ манбаларда мазкур саволларнинг барчасига бир жойда жавоб берадиган тўлиқ ҳисоботни аниқлашнинг иложи бўлмади.
Энди «Экофаол фуқаро»га келайлик. 2026 йил 21 апрелда Вазирлар Маҳкамасининг 195-сон қарори қабул қилинди. Унда «Бир миллион яшил оила» умуммиллий ҳаракати доирасида «Экофаол фуқаро» ва «Яшил тадбиркор» мақомларини бериш, иштирокчиларни рағбатлантириш тартиби белгиланди. Қарорга мувофиқ, Экология ва иқлим ўзгариши миллий қўмитаси уч ой муддатда «ekofaolfuqaro.uz» ва «yashiltadbirkor.uz» платформаларини ишга тушириши лозим эди.
Янги платформанинг ўзига кириб кўрсак, у аввалги «Соғлом турмуш тарзи» дастуридан фарқ қилади. Расмий сайтда ҳар куни 10 минг қадам юрганлик учун 15 балл бериш, дарахт экиш учун 50 балл, қуёш панелининг ҳар бир киловати учун 100 балл ва бошқа экологик фаолиятлар учун ҳам баллар ҳисоблаш кўрсатилган. «Экофаол фуқаро» мақомига эришиш учун 25 минг балл тўплаш талаб этилади. Аввалги тизимда белгиланган талабни бажарган фуқарога электрон ҳамёнига пул ўтказиш назарда тутилган эди. Янги платформада эса асосий механизм балл тўплаш, мақом олиш ва муайян имтиёзлардан фойдаланишга қаратилган.
Фуқаро бир кунда 10 минг қадам юрса, 15 балл олади. Мақомга эришиш учун эса 25 минг балл керак. Агар фуқаро фақат қадам юриш орқали балл тўпласа, бошқа экологик фаолиятларсиз бу чегарага етиш учун қарийб 1667 кун, яъни тўрт ярим йилдан кўпроқ вақт талаб этилади. Бу оддий арифметика. Албатта, янги дастур фақат қадам юришни эмас, дарахт экиш, чиқиндиларни тозалаш ва бошқа экологик ишларни ҳам рағбатлантиришни кўзда тутади. Лекин фуқарога балл тизимининг мантиғи, мақомга эришишнинг реал имкониятлари ва имтиёзлардан фойдаланиш шартлари содда тилда тушунтирилмаган ҳам.
Илованинг техник ишлаши алоҳида ва асосий масала. Фойдаланувчиларнинг айримлари қадамлар тўлиқ ҳисобланмаётгани, илова узлуксиз ишламаётгани ва амалда ундан фойдаланиш қийинлигидан норози бўлаётгани ҳақида шикоят қилиб юрган бир вақтда, иловага умуман кириб бўлмайдиган бўлиб қўя қолди.
Агар фуқаро телефондаги бошқа қадам ҳисоблагичда 10 минг қадам юрганини кўрса-ю, давлат платформасида бундан анча кам рақам чиқса, у қайси ҳисобга ишониши керак? Қадамлар қайси алгоритм асосида ҳисобланади? Телефоннинг операцион тизими, энергия тежаш режими ёки фон жараёнларининг чекланиши натижага таъсир қиладими? Маълумотлар Google Fit ёки Apple Health каби хизматлардан олинадими ёки мустақил ҳисобланадими? Хато ҳисобланган қадамларни қайта текшириш ва шикоят қилиш механизми борми?
Расмий сайтнинг ўзида баллар маъмур тасдиғидан кейин ҳисобга қўшилиши айтилган. Қадам юриш каби автоматик ўлчаниши мумкин бўлган кўрсаткичларда тасдиқлаш жараёни қанча вақт олиши, баллар қачон ҳисобга тушиши ва рад этилган натижа юзасидан нима қилиш мумкин? Қолаверса, сайтдаги маълумотларнинг ўзида «Яшил оила» учун 140 та махсус совға ҳақида маълумот берилган бўлса, бошқа қисмларда электромобиллар сони бошқача ифодаланади.
Энди тўловларга ўтайлик. «Экофаол фуқаро» дастурида ҳар 10 минг қадам учун тўғридан-тўғри пул тўлаш механизми аввалги дастурдагидек белгиланмаган. Янги тизим баллар ва мақом асосида ишлаши белгиланган.
Лойиҳа учун бюджетдан қанча маблағ ажратилгани, ишлаб чиқиш ва техник хизмат кўрсатиш шартномалари ким билан тузилгани, ишлар қайси мезонлар бўйича қабул қилингани, тизим белгиланган талабларга жавоб бериши қандай текширилгани каби маълумотларнинг барчаси мавжуд бўлса, уларни бир жойга жамлаб эълон қилиш керак.
«Экофаол фуқаро» ғоясининг ўзи қоғозда гўзаллигича қолди, аммо ҳозирча унинг фаол ишлаганини ҳеч ким тасдиқлай олмайди. Рўйхатдан ўтишнинг one ID орқали ўтиш йўли бор, аммо у ишламайди, тизимга кириш имкони йўқ.
Аввалги платформа ҳақидаги саволлар жавобсиз қолиб, янги платформа эса аниқ натижаларни кўрсатмаса, янгидан янги иловаларнинг нима креаги бор? Унга қанча, қаердан маблағ сарфланяпти?
Экология ва иқлим ўзгариши миллий қўмитасидан бир нечта аниқ талабни илгари суриш пайти келгандир? Биринчидан, аввалги «Соғлом турмуш тарзи» платформасининг фаолияти, сарфланган маблағлар ва тўловлар бўйича якуний ҳисобот эълон қилинсин.
Иккинчидан, «Экофаол фуқаро» платформасининг ишлаш ҳолати мустақил техник текширувдан ўтказилиб, қадамларни ҳисоблаш аниқлиги ва маълумотлар узатилиши ҳақида хулоса берилсин. Учинчидан, рўйхатдан ўтганлар, мақом олганлар, фойдаланилган имтиёзлар ва тушган шикоятлар бўйича мунтазам статистика очиқлансин. Тўртинчидан, фуқаролар учун хато ҳисобланган қадамлар юзасидан мурожаат қилиш, натижани қайта текшириш ва белгиланган муддатда жавоб олиш тартиби соддалаштирилсин. Бешинчидан, дастурга сарфланган бюджет маблағлари ва ишлаб чиқиш шартномалари ҳақидаги очиқ маълумотлар жамоатчиликка тақдим этилсин.
Гап давлатнинг ваъдасига, жамоатчилик маблағларининг сарфига ва фуқаронинг ишончига бўлган муносабат ҳақида кетмоқда. Фуқаро учун энг муҳим рағбат балл ҳам, мақом ҳам эмас. Унинг ҳаракати беҳуда кетмаётганини билиш, тизимнинг адолатли ишлаётганига ишониш ва савол берганда жавоб олиш имкониятидир. «Экофаол фуқаро» бу ишончни аллақачон оқлолмади, аммо ҳамма жим, нима бўлди, нима бўлади?
M.Ворис