ЁХУД “Давлат ҳокимияти ва бошқаруви органларининг тузилмасини мақбуллаштириш ва штат бирликлари сонини қисқартириш тўғрисида” ги Президент қарори қачон ишга тушади?
Ўзбекистонда 24 нафар вазир бор, шунча вазирнинг 109 нафар ўринбосари ҳам бор.
Бундан ташқари, ҳукуматимизда 6 та давлат инспекцияси, 4 та оддий инспекция, 9 та агентлик, 4 та қўмита, 3 та марказ фаолият юритади.
Маълумотларга таяниладиган бўлса, гарчи давлат хизматчиларини қисқартириш ва муқобиллаштириш бўйича қарор чиқарилганига қарамасдан, сўнги 5 йилда ҳукумат вакиллари фақатгина ортиб борганини кузатиш мумкин. Хусусан, 2016 — 2021 йиллар давомида республикамизда вазирликлар сони 10 тага ортган, 3 та вазирлик эса янгиланган.
Rost24.uz тўплаган маъумотларга кўра, ҳозирда ҳукумат вакиллари сони 2016 — 2019 йиллар орасида 25 фоизга ўсган. Идоралар сони кўпайгач ўз-ўзидан унда фаолият юритувчи ходимлар сони ҳам кўпаймоқда. Масалан, 2016 йилда вазирлик(идора, қўмита, агентликлар)да банд бўлганлар сони жами 96 828 кишини ташкил этган бўлса, бу кўрсатгич, 2017 йилда кескин камайиб 39 616 кишигача тушган. Бироқ, 2018 йилга келиб юқоридаги келтирилган давлат идораларидаги ишчилар сони кескин ошиб қарийб 120 минг кишига етган. Яъни, 2016 йилги даражага нисбатан 25 фоиз ўсиш кузатилган.
Ўзбекистон ҳукумати аппарати ва бошқа Марказий Осиё давлатларининг вазирлик идоралари сонини солиштирилганда, Туркманистонда 21 та, Қозоғистон ҳукуматида вазирликлар сони 18 та, Тожикистонда 14 та ва Қирғизистонда 12 та вазирлик мавжуд экани кўринади. Ҳатто Россиядек дунёда ҳудуди бўйича биринчи ўринда турувчи мамлакатда ҳам 21 та вазирлик бор. Ўзбекистонда эса, 24 та вазирлик фаолият юритади.
Ҳукуматда ташкилотлар сони ортаётгани, ходимлар кўпайиб бораётгани, бу ҳолат давлат елкаси юк бўлиш билан бирга ислоҳотлар илдамлашига ҳам таъсир кўрсатиши борасида сайтимизда қатор материаллар ҳам эълон қилган эдик. Жумладан, “Ўзбекистонда 24 вазир ва 109 нафар вазир ўринбосари бор” мақоласида ҳар бир вазирлик алоҳида бино ҳамда вазир ва вазир ўринбосарлари хизмат машиналари билан таъминлангани, катта ҳаражатга тушаётгани ҳақида, шунингдек, барча вазирнинг ўринбосарлари сони рейтингини ҳам эълон қилганди.
Ҳукуматдаги мазкур ҳолатни яқинда Адлия вазири Русланбек Давлетов ҳам очиқча ошкор этди ва бу — Ўзбекистон учун ниҳоятда катталиги, ортиқча харажат ва бюрократия экани ҳақида бонг урди.
Адлия вазири Р.Давлетов ҳукуматнинг бу таҳлит катталигига: “Давлат органи дегани бу — бюрократия, дегани. Бу қўшимча ваколат, қўшимча бошқарув функцияси, дегани. Шунинг учун бу борада биз ўша ботиб кетган қўлларимизни қайтариб олишимиз керак! Бу бюрократия натижасида коррупция, мана шу қўллардаги негатив факторларни йўқотишимиз керак”, дея куюнди.
Таъкидлаб ўтиш керакки, Президентнинг “Давлат ҳокимияти ва бошқаруви органларининг тузилмасини мақбуллаштириш ва штат бирликлари сонини қисқартириш тўғрисида”ги қарори қабул қилинишига қарамай бу тенденция охирги йилларда ҳам давом этмоқда. Масалан, биргина Тошкент шаҳар ҳокимининг 10 та, молия вазирининг эса 6 та ўринбосари бор. Давлат штат бирликлари сонини қисқартириш тўғрисида қарор чиқарилишига қарамай давлат хизматчилари сони катталашиб бораверган.
Балки адлия вазирининг навбатдаги чиқишигача бу масалалар ечим топар, кузатишда давом этамиз. Ким билсин, Президент томонидан имзоланган қарорни балки ҳукумат бажариб қолар.