Қарор чиқарувчилардан талаба норози. НЕГА?
Президентимизнинг “2021/2022 ўқув йилида Ўзбекистон Республикасининг олий таълим муассасаларига ўқишга қабул қилишнинг давлат буюртмаси параметрлари тўғрисида”ги ПҚ-5157-сонли қарорига мувофиқ талабалар ўқишини кўчиришнинг тартиби белгиланган.
Унга кўра,
талабанинг республика бир ҳудудидан иккинчи ҳудудига доимий яшаш учун кўчиб ўтиши, турмуш ўртоғи ёки ота-онасининг меҳнат фаолиятини амалга ошириш жойи бошқа ҳудудга ўзгартирилиши, никоҳ тузгандан кейин турмуш ўртоғи доимий яшайдиган ҳудудга кўчиб ўтиши узрли сабаблар этиб тан олинади.
Лекин талабанинг ўзи иш жойини бошқа вилоятга ўтказса, унда нима қилади? Ота-онасини ҳам кўчирадими, ёки "дарров турмушга чиқишига" тўғри келадими?
Қарордаги мана шу чекловнинг қурбони бўлаётган талаба Меҳринисо Маҳмуд қизидан мурожаат келган:
"Гулистон давлат университетида ўзбек тили адабиёти йўналиши сиртқи бўлимда ўқийман. Аммо журналист бўлиб бир неча йилдан бери ишлаб келаман. Яъни умуман ўқитувчи бўлиб ишламаганман. Кейинги фаолиятим ҳам фақат журналистика билан боғлиқ бўлади.
2020 йилдан иш жойим пойтахтга кўчди. Шу муносабат билан ўқиш жойимни ҳам кўчириш учун Журналистика университетига онлайн ариза топширдим ва аризам Олий таълим вазирлиги томонидан кўриб чиқилиб кўчиришга тавсия этилди. Аммо ЎзЖОКУ раҳбарияти асос бўлувчи ҳужжатингиз йўқ деб аризамни қайтармоқда. Ваҳоланки, аризамда иш жойим пойтахтга кўчганлигини асос қилиб келтирганман. Улар бўлса 5157-қарорда бу бўйича фақат ота-онаси ёки турмуш ўртоғининг иш жойи ўзгарса кўчиришга рухсат берамиз деб таъкидламоқда.
Эй, барака топгур қонун ёзувчилар, институтларда сиртқи, кечки бўлимлар очилганини ва у ерда ўқийдиган талабалар ишлаши ҳам мумкинлигини ва ота-онаси, турмуш ўртоғи у ёқда турсин ўзи ҳам иш жойини ўзгартириши мумкинлигини ҳисобга олмагансизларми. Нега? Қачон қонунлар ҳамма учун бирдай ишлайди" – дея сўзини якунлаган мурожаатчи.
Бу бўйича мутасаддилардан жавоб кутиб қоламиз.