Ўзбекистонда мансабда ўтирган 20 нафардан зиёд амалдор коррупцияда гумон қилинмоқда

10.12.2020 09:19

Коррупцияга қарши курашиш агентлиги 20 нафардан ортиқ мансабдор шахсларнинг хатти-ҳаракатлари юзасидан Бош прокуратурага тақдимнома киритди. Агентлик раҳбари Акмал Бурхоновнинг маълум қилишича, йил якунида устидан жиноят ишлари қўзғатилган амалдорлар ҳақида маълумот берилади.

Ушбу агентлик фаолиятини бошлагандан буён шу яқин кунларгача аҳолидан 300 га яқин мурожаатлар келиб тушган. Уларнинг аксарияти давлат хизматчилари томонидан давлат мулкини ноқонуний сарфланиши, ноқонуний харидларни амалга ошириш юзасидандир. Акмал Бурхоновнинг билдиришича, агентлик ноқонуний харидлар ва тендер натижалари бўйича вазирликларга ҳам тақдимнома киритган. Айни пайтгача ушбу тақдимномалар натижасида 6 та вазирлик ва идораларнинг харидлари бекор қилинган.

“Биз ҳозирда коррупция занжирини ўрганяпмиз. Қайси соҳада энг кўп коррупция мавжуд? Албатта, кўп коррупция ҳолатлари ижтимоий соҳаларда аниқланмоқда. Қизиқ томони, ойлик маошлари кам бўлган соҳаларда ҳам коррупцион хавф-хатарлар борлигини кўрдик. Таълим, соғлиқни сақлаш, қурилиш соҳалари энг кўп коррупция учрайдиган йўналишлар бўлиб қолмоқда. Шунингдек, пандемия даврида энг катта коррупция аниқланган йўналиш бу давлат харидларидир. Куни кеча давлат харидлари қонунчилигини бузгани учун жиноий жавобгарлик киритиш бўйича Қонунчилик палатасига таклиф киритилди.

Амалдорларнинг ноқонуний бойлик орттириши, чет-элдаги активлар, мол-мулклари қонунчиликда тартибга солинмаган. Ҳозирги кунда мансабдор шахс чет элда банк ҳисоб рақамини ҳам очиши, мол-мулк сотиб олиши мумкин. Буни ҳам, албатта, тартибга солиш керак”, дейди Коррупцияга қарши курашиш агентлиги раҳбари Акмал Бурхонов.

@rost24_uz_bot — Хабар йўлланг. Сизнинг хоҳишингизга кўра ҳар қандай маълумот сир сақланади
2
Изоҳ қолдириш
Изоҳлар
11.12.2020 16:46
Афсуски конунларни конун чикарувчи депутатлар бузиб келишмокда.