Лина Анатольевна Черязова – 1968 йил 1 ноябрда Тошкент шаҳрида туғилган.
Ўзбекистондек қуёшли ўлкадан чиқиб қишки спорт турларида муваффақиятли иштирок этган Лина Черязова том маънода “Қор маликаси” сифатида эътироф этилди ва жаҳон спортининг ҳақиқий афсонасига айланди.
Халқаро тоифадаги спорт устаси, Европа чемпионатининг бронза медали совриндори (1990), Жаҳон чемпиони (1993), Жаҳон кубоги босқичлари Гран-приси совриндори (1993, 1994), Норвегиянинг Лиллахамер шаҳрида ўтказилган XVII-қишки Олимпия ўйинлари чемпиони (1994), Халқаро Олимпия қўмитаси халқаро стипендиясининг фахрий совриндори.
Черязованинг ўзбек спорти ривожи йўлидаги буюк хизматлари Ўзбекистон ҳукумати томонидан муносиб эътироф этилиб "Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган спортчи", “Ўзбекистон ифтихори” фахрий унвони ҳамда “Меҳнат шуҳрати” ордени билан мукофотланган.
18 ёшида Лина қишки спорт тури чанғи фристайлида ўз имкониятларини синаб кўришга қарор қилди. У трамплиндан сакрашнинг барча мураккаблиги ва ва хавфлилигини англаб етган ҳолда 15-20 метр баландликдаги бир қатор машқларни бажариб, чанғида юмшоқ қўнишни ўрганди. Орадан 8 йил ўтиб ўзбекистонлик 26 ёшли қиз қишки Олимпия ўйинлари чемпионига айланишини ҳеч ким тасаввур қила олмасди.
1994 йилда Лина Черязова жароҳат олганига қарамай, Лиллехаммер Олимпиадасида иштирок этди ва энг мураккаб дастурни муваффақиятли якунлаб, ғолиблик шоҳсупасига кўтарилади. Шу тариқа Лина Черязова ўзбек спорти тарихида биринчи бўлиб Олимпиада олтин медали соҳибасига айланди.
Узоқ давом этган ва оғир хасталикдан сўнг 2019 йил 23 мартда Лина Черязованинг юраги уришдан тўхтади. У умрининг сўнгги йилларини Россиянинг Новосибирск шаҳрида ўтказди ва Клешчинский қабристонига дафн этилди.
Жорий йил 9 сентабрда Лина Черязованинг хотирасини абадийлаштириш мақсадида Новосибирск шаҳрида Клешчинский қабристонига ёдгорлик ўрнатилди.
Тадбирда Ўзбекистон Туризм ва спорт вазирлиги, Миллий олимпия қўмитаси, Спортнинг қишки ва мураккаб техник турлари бўйича Республика олий спорт маҳорати мактаби, Ўзбекистон чанғи спорти федерацияси, шунингдек, Ўзбекистоннинг Новосибирск шаҳридаги Бош консуллиги вакиллари иштирок этди.