ЙИҒЛАМАСДАН ЭШИТИБ БЎЛМАЙДИГАН ЖАМИЯТ МУАММОСИ: ЎЗИНИ-ЎЗИ ВОЯГА ЕТКАЗАЁТГАН БОЛАЛАР

06.09.2021 14:48

Ишлаш учун хорижга кетаётган ота-оналарга қийин. Бир ўйи пул топиб, рўзғор тебратиш бўлса, яна бири қаровсиз қолаётган фарзандларининг ташвиши. 

Назоратсиз қолаётган фарзандларга ҳам осон эмас. Ота-она соғинчи, зиммага тушадиган уй юмушлари, ука-сингиллар масъулияти ва турли таъсирлар...

Rost24.uz жамоаси “Ота-онасиз” қолган болалардан бирининг яширин ўйлари, ички кечинмалари билан қизиқди.

Самарқандлик 18 ёшли Гулфира 11 ёшидан ука-синглисига ота-оналик қилади. Ота-онаси Россияга ишлашга кетган. Отаси кетганида у 1 ёшда бўлган, онаси 6 йилдан буён ўша ерда. Оиласининг бутун масъулияти Гулфиранинг зиммасига тушган.

Гулфира Қиличева:

“Ота-онамиз ёнимизда бўлганида хоҳлаган ишимизни қилардик, хоҳлаган нарсани ердик, хоҳлаганимиз муҳайё бўларди. Улар кетганидан кейин бизда катта ўзгариш бўлди. Масъулият менинг бўйнимга тушган. Укамни мазаси бўлмаса, кинна солиб қўярдим. Чақмоқдан қўрқарди у, амакимникига бориб чақириб келсак, баъзида келолмасди. Сал қоронғи тушдими, бир уйдан кейингисига ўтишга қўрқардик, учаламиз бирга бориб келардик.”

ЮНИСЕФ тадқиқотларига кўра, ота-оналар миграцияси болаларнинг ҳиссий ҳолатига салбий таъсир кўрсатиб, уларнинг тахминан 33 фоизи ўзини бахтсиз ҳис қилса, 21 фоизи доим хавотирда яшаркан.

“Ҳар хил вазият ўтган бошимиздан. Кийимимизни ўзимиз юволмаганмиз кичкина бўлганмиз, овқат қилолмаганмиз. Рўзғорда пиёз, озиқ-овқатлар етишмаган вақтлар ҳам бўлди. Бизда далаларда пиёз картошкаларни катта-катта заводларга топширишади. Териб бўлинганидан қолганларини дугоналарим билан йиғгани борардим, жойи келса. Ўзим билан бирга нон, сув, помидор олиб кетардим. Кеч бўлганда халтани орқалаб уйга келиб, укаларимга овқат қилардим. Ойим ўша вақтлари бизга айтмасдан келиб қолган. Аҳволимизни кўриб роса йиғлагандилар, нега айтмайсилар деб. У вақтларда қўлимизда телефон бўлмаган-да. Шундан кейин ойимни Россияга қайтиб кетгиси келмай қолган. Одамни пул мажбурларканда ҳамма нарсага. Онам болаларим яхши ҳаётда яшасин деб ҳамма нарсага ўзини уриб кўрган. Қўлидан келмайдиган иш йўқ. Ойим болаларим ўқисин, одамлар қаторида яхши еб-ичиб юрсин, яхши оилалардан бўлайлик биз ҳам деган ниятда тиним билмасди.

Аямлар билан ойда бир гаплашиб турардик. Ҳар куни кўриб турган бошқача телефонда гаплашган бошқача эканда бари бир.

Уйимизни таъмирладик, бировдан кам жойимиз йўқ. Бўлса ҳам билинмайди. Лекин бари бир ҳеч нарса ота-онага тенг келмайди. Дадамни кўзлари операция қилдирганимиздан кейин совуққа чидолмайдиган бўлиб қолган. Келиб даволаниб кетарди. Дадам ҳам орада оғир касал бўлиб қолди. Онам операция бўлган. Унча оғир ишга бўлмайди, жигарлари шишиб кетади. Пул мажбур қиларкан-да.

Ҳар доим Худодан ота-онамга соғлиқ бер деб сўрайман. Биринчи навбатда соғлиқни бер деб. Бошқа ҳеч нарса сўрамайман. Бир жойим оғрияпти демаса бўлди улар

Тўртинчи синфгача баҳоларимни ҳаммаси беш эди, синфнинг энг олди бўлганман, ойим ҳар доим қўллаган. Россияга кетганидан кейин ҳеч ким эътибор бермай қўйди, дарсларимга. Баҳоларим пасайиб кетган.

Менга бир нарса ёмон таъсир қиларди. Баъзи вақти укамлар йўқлигида уйда ўтириб йиғлардим. Мактабдаги дугоналаримникига борсам, уларни ойиси уйда кутиб оларди. Мен уйга келсам, ҳеч ким бўлмасди. Аям уйда бўлган вақти ҳар куни эрталаб қучоқлаб, ўпиб мактабга кетардим. Егим келган нарсани сўрарди, келгунимча тайёрлаб қўярди.”

Зиммаларига уй юмушлари ака-ука ва опа-сингилларга ғамхўрлик қилиш мажбуриятининг тушиши уларнинг эрта улғайишига сабаб бўлади.

“Биринчи марта Тошкентга имтиҳон топшириш учун ҳам Самарқанддан бир ўзим келдим. Ҳамма ота-онаси билан келган. Мен бир ўзим келиб-кетдим. Шунақанги юрагим ачиди. Онам биринчи имтиҳонингга ўзим бораман, ёнингда тураман деганди.

Ўқишга кирганлигим ҳақидаги хабар келганда ҳамма табриклади. Лекин ўша вақт қучоқлаб ўпадиган онам ёнимда бўлмадида. Синглим ҳам шу йили ички ишлар лицейига топширди. Бир куни ўтириб гаплашсак, “стадионда турибмиз киролмаганларини дадалари уришяпти, кирганларни оналари хурсанд кийим қилиб бергани бозорга олиб кетди. Мен бир ўзим сўппайиб қайтиб келдим уйга. Шунақанги алам қилди. Аямиз нимага бизни ташлаб у ерга кетган экан-а. Шу пул ўлиб кетсин, уйи куйсин шу пулни. Қанийди ўша вақти ёнимда турса экан, майли ҳеч қаерга олиб бормаса ҳам,” деб йиғлади. Кичкина укам бор онамни соғинса ҳеч нарса егиси келмайди. У аям келса семиради, бўлмаса йўқ. Қанча овқат еганда ҳам фойдасиз. “Аямни соғиниб кетдим, аямга телефон қилиб беринг, аям билан битта гаплашай дейди.”

Аяни ўрнига мен ая бўлганман, жойи келса дада ҳам бўлдим. Икки укамни ўзимни боламдай кўриб қолганман. Кундаликларига имзо қўйиб берардим. Укаларимга ота-она бор. Мен уларга ота она бўлиб бераяпман. Лекин менга ота-она бўладиган ҳеч ким йўқ эди. Мен етимларга ўхшаб катта бўлдим.

Майли ҳеч қаерга бормайлик, майли ўзимиз хоҳлаган нарсани емайлик ойимиз ёнимизда ўтирса, дадамиз ёнимизда бўлса. Баъзи вақтларда бегона болалар телефон қилса дадамга бергим келган. Лекин ёнимда бўлмаган лекин.”

Ота-оналар миграцияси сабабли васийларда қолган болаларнинг 7 фоизга яқини жисмоний жазолардан, 3 фоизи оиладаги зўравонликлардан ва 6 фоизи мактабдаги таҳқирлашлардан азият чекади.

“Онамникига (бувиси) бориб ўзим ёққан ишни қилсам, ойимга айтиб аралашганда Менга хўжайинлик қилмасин ҳеч ким мен ўзим катта бўлдим энди қўшилманглар ҳаётимга деган вақтим ҳам бўлган. Қаттиқ хафа қилган вақтларим бўлган. Шунақанги афсусланаман ўша ишларимдан.

Ҳеч қайси ота-она четга ўзи хоҳлаб кетмайди. Ҳеч қайси ота-она фарзандини иссиқ бағридан қўйишни истамайди. “Ҳидларингни ҳидлаб, қучоқлаб эркалатиб ўтиришни ўзим ҳам соғиндим болам. Нима қилай болам, боролмайман. У ерга борганим билан биров ма деб пул бермайдида. Оз қолди кейин бир илож қилармиз”, – дейди аям”.

Мигрант ота-онанинг фарзандлари кўпинча васийлар вазифасини бажаруви қариндош-уруғлар, оила аъзоларининг қарамоғида қолдирилиши таъсиридан бепарволик, эксплуатация ва таҳқирлаш хавфи остида қоладилар.

“Мен бахтли эмасман. Қачонки онам ёнимда бўлса, қачонки болам деб бошимни силаб ўтирса ўшанда бахтлиман. Нима қилсин улар ҳам мажбур. Фарзандларим яхши еб-ичиб катта бўлсин, яхши жойларда ўқисин дейди-да”

Ишсизлик, борларида ҳам маошнинг камлигидан Гулфира каби изтиробда, сарсон, интизорликда ўзлари катта бўлаётган болалар сони йилдан йилга кўпайса кўпайяптики, камаяётгани йўқ.

* * * * * 

МАВЗУ БЎЙИЧА СТАТИСТИК МАЪЛУМОТЛАР:

Rost24.uzга тақдим этилган маълумотга кўра, бугунги кунда хорижда ишлаётган ўзбекистонликлар сони 2 миллион 40 870 кишини ташкил этяпти. Уларнинг расман 992 610 нафари, норасман 1 миллион 48 260 нафари меҳнат қилиш учун ватанини тарк этган.

1 миллион 562 238 киши Россия Федерациясида: 656 266 киши расман, 905 972 нафари норасман меҳнат қилади.

Қозоғистонда ишлаётган ўзбекистонликлар 240 556 нафар. 192 300 нафари расман, 48 266 нафари норасман меҳнат қилади.

Жанубий Кореяда 71 325 киши. Уларнинг 39 874 нафари расман, 31 451 нафари норасман ишлайди.

Туркияда ишлаётганлар 43 178 нафарга етган. 9 944 нафари расмий, 33 234 нафари норасмий мигрантлар.

Бирлашган Араб Амирликларидаги ўзбекистонлик меҳнат муҳожирлари эса 120 минг кишини ташкил этмоқда. Меҳнат мигрантларининг вилоятлар кесими бўйича статистикаси:

• Самарқанддан — 268 минг;

• Фарғона — 247 минг;

• Қашқадарё — 178 минг;

• Сурхондарё — 164 минг;

• Xoразм— 140 минг;

• Андижон — 132 минг;

• Тошкент вилояти— 102 минг;

• Тошкент шаҳри — 90 минг;

• Бухоро— 88 минг;

• Жиззах — 88 минг;

• Наманган — 69 минг;

• Қорақалпоғистон — 66 минг;

• Сирдарё — 57 минг;

Уларнинг асосий қисми (40 фоиз) қурилишда, 20 фоизи саноатда, қолганлари (40 фоиз) умумий овқатланиш ва ишлаб чиқариш корхоналарида меҳнат қилади. Фаррош ва ҳайдовчи бўлиб ишлайдиганлар ҳам талайгина.

@rost24_uz_bot — Хабар йўлланг. Сизнинг хоҳишингизга кўра ҳар қандай маълумот сир сақланади
4
Изоҳ қолдириш
Изоҳлар
08.09.2021 11:41
Yig'lab o'qidim. Ota-onamiz 9 farzandni mehrlarini ayamasdan o'stirdilar, oddiy zavod ishchisi va uy bekasi bo'lsa ham, xorijga ketmadilar. Qaniydi, yoshi mos ukam yoki o'g'lim bo'lganda, shu qizni kelin qilardim, ukalarini ham qaramoqqa olardim.
07.09.2021 12:00
Kunda yegan suq bo'lar, oyda yegan to'q bo'lar.
07.09.2021 11:54
Futbol qiroli Pele o'zining 1000-golini urganda butun dunyoga hayqirig'ini eslang: "Bolalarni asrang, bolalarni asrang, bolalarni asrang, bolalarni asrang, .........................."
07.09.2021 11:32
Yoshlgimiz 90-yillarga, "o'tish davri"ga to'g'ri keldi. Ota-onamiz biz 9 farzandni aqlli, bilimli bo'lishga, kasb-hunarga o'rgatdi. Otam zavod ishchisi, onam uy bekasi, hozir nafaqadalar. Birontamizni xorijga yubormadilar. BAXT-VATANda.