Биринчи марта — Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев билан тарихий суҳбат

17.08.2021 08:20

(II қисм) (Давоми)

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг “Янги Ўзбекистон” газетаси бош муҳаррири Салим Дониёровнинг саволларига жавоблари

Савол. Юртимизда аҳоли учун энг долзарб ва ўткир ҳаётий масала бўлган замонавий тураржойлар, жумладан, арзон уй-жойлар қуришга алоҳида эътибор берилмоқда. Бу йўналишдаги ишларнинг кўлами истиқболда қандай бўлади?

Жавоб. Мамлакатимизда кейинги йилларда замонавий уй-жойлар қуриш бўйича янги давр бошланди, деб бемалол айтиш мумкин. Бунинг тасдиғини сўнгги тўрт йилда аввалги йилларга нисбатан 4-5 баробар кўп уй-жойлар барпо этилгани, бу йилнинг ўзида 54 минг оилани янги уй-жойлар билан таъминлаш бўйича кенг кўламдаги қурилиш ишлари олиб борилаётгани мисолида яққол кўриш мумкин.

Биз ўз олдимизга қўйган эзгу мақсад – халқимизни рози қилиш йўлидаги улкан вазифалар, ислоҳотларимиз, қолаверса, бугунги ҳаётнинг ўзи замонавий уй-жойлар қуриш суръати ва сифатини янада оширишни талаб этмоқда.

Шуни алоҳида таъкидлаш керакки, биз илгари уй-жой қурилишига замон талабларидан келиб чиқиб, бундай кенг ёндашмаганмиз ва ҳозиргидек кенг кўламдаги қурилиш ишларини амалга оширмаганмиз.

Биз бу йўлда дастлабки қадамларни қўйиб, катта тажриба орттирмоқдамиз. Барча ҳудудларимизда аҳоли учун қулай ва шинам, барча замонавий шароитларга эга бўлган уй-жойлар барпо этилмоқда. Ипотека бозори ривожланмоқда. Ҳаётимизга “арзон уй-жойлар”, “ақлли уй”, “ақлли шаҳар”, “рақамли хизматлар” деган янги тушунча ва кўникмалар кириб келмоқда.

Келгусида уй-жой фондини шундай даражага олиб чиқишимиз керакки, аҳолининг барча қатламлари уй-жой сотиб олиш ва бу борада танлаш имконига эга бўлиши лозим.

Албатта, бу борада турли муаммолар ҳам мавжуд ва биз уларни жойлардаги маҳаллий бошқарув органлари билан биргаликда ҳал этяпмиз.

Мисол учун, кўпқаватли уйлар оралиғидаги бўш жойларда қурилишлар қилиш, мораторий эълон қилинганига қарамасдан, дарахтларни кесиш, яшил ҳудудларни камайтириш ҳолатлари кўпчиликни ранжитмоқда. Баъзи раҳбарларнинг бепарволиги ёки манфаатпарастлиги туфайли тураржой мавзеларида одамлар сайр қиладиган, спорт билан шуғулланадиган, фарзандлари билан бирга тоза ҳавода дам оладиган очиқ жойнинг ўзи қолмаяпти.

Албатта, биз бундай ҳолатларга нисбатан қатъий чоралар кўрмасдан туролмаймиз. Шунинг учун ҳам Тошкентда ва бошқа йирик шаҳарларда янги қурилишларни шаҳар ташқарисидаги ҳудудларда амалга ошириш чоралари белгиланмоқда. Тураржой мавзелари ичида коммунал инфратузилмалар – газ, электр энергияси, ичимлик суви ва канализация тармоқларини модернизация қилмасдан, янги бинолар қуриш амалиётига барҳам берилди.

Савол. Мамлакатимизда ёшларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини таъминлаш, уларнинг таълим олиши, меҳнат қилиши, билим ва қобилиятини рўёбга чиқариши учун зарур шароитлар яратилмоқда. Юртимизда 2021 йилнинг “Ёшларни қўллаб-қувватлаш ва аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш йили”, деб эълон қилингани бунинг яна бир амалий ифодаси бўлди. Янги Ўзбекистонни бунёд этиш жараёнида ёшларнинг ўрни ва асосий вазифалари нималардан иборат, деб биласиз?

Жавоб. Ёшлар – халқимизнинг асосий таянчи ва суянчи. Кенг кўламли ислоҳотларимизни самарали амалга оширишда улар ҳал қилувчи куч бўлиб майдонга чиқмоқда. Айнан замонавий билим олган, илғор касб-ҳунарларни, инновацион технологияларни, хорижий тилларни пухта эгаллаган ўғил-қизларимиз мамлакатимизни янада тараққий эттиришда етакчи ўрин тутади.

Маълумки, ёшлар янгича фикрлашга, янги-янги ғояларни дадил ўртага ташлаб, уларни амалга оширишга, муаммоларни ижодий ва ностандарт ёндашувлар асосида ҳал этишга мойил бўлади. Шунинг учун ҳозирги кунда ёш авлод вакилларининг билим олиши, илм-фан, инновациялар, адабиёт, санъат ва спорт соҳасидаги истеъдод ва салоҳиятини юзага чиқариши, уларнинг жамиятимизнинг ижтимоий-сиёсий ҳаётида фаол иштирок этиши учун барча шароитларни яратишга устувор аҳамият бермоқдамиз.

Имом Бухорий бобомиз тўплаган муборак ҳадислардан бирида: “Ёшликда ўрганилган илм тошга ўйилган нақш кабидир”, деб айтилади.

Буюк алломаларимиз ана шундай ҳикматларга амал қилиб, илм-фан соҳасида буюк кашфиётларни амалга оширганлари ва умумбашарий тафаккур ривожига беқиёс ҳисса қўшганлари тарихдан яхши маълум.

Ана шундай қутлуғ анъаналарни давом эттириб, юртимизда янги хоразмийлар, фарғонийлар, берунийлар, ибн синолар, мирзо улуғбеклар, навоийларни тарбиялаб етказиш – нафақат вазифамиз, балки тарих ва келажак олдидаги муқаддас бурчимиздир.

Биз бу йўлда катта ишларни бошладик. Мамлакатимизда юқори билим ва малакага эга бўлган, рақобатдош кадрлар тайёрлаш мақсадида олийгоҳлар сони 141 тага етказилди, 26 та хорижий олий таълим муассасасининг филиаллари очилди. Ҳолбуки, 2016 йилда республикамиздаги олийгоҳларнинг сони 77 та эди. Қисқа муддатда бу борада қарийб икки баробар ўсишга эришганимиз, ҳеч шубҳасиз, ёшларимиз, бутун жамиятимизнинг интеллектуал салоҳиятини ошириш, замонавий билим, касб-ҳунарларга янада яқинлаштириш йўлидаги ҳаракатларимиз натижасидир.

Кейинги беш йилда олий таълимга қабул квотаси 3 баробар оширилиб, жорий йилда 182 минг нафар ёшлар учун талаба бўлиш имконияти яратилди. Бу – умумий қамров 28 фоизга етди, деганидир. Ўзингиз қиёслаб кўринг, 4 йил аввал бу рақам атиги 9 фоизни ташкил этарди. Бу борада давлат грантлари 21 мингтадан 47 мингтага кўпайтирилгани, ўтган йилги тажрибамизни янги босқичга кўтариб, эҳтиёжманд оилаларга мансуб 2 минг нафар қизларга бу йил олийгоҳларга кириш учун алоҳида грантлар ажратилгани ёшларимиз келажагини таъминлашга қаратилган амалий эътиборимиз намунасидир.

Биз 2030 йилга қадар мактаб, лицей ва коллеж  битирувчиларини олий таълим билан қамраб олиш даражасини 50 фоизга етказишни режа қилганмиз ва бунга албатта эришамиз.

Бу йил Тошкент шаҳрида энг юксак халқаро талабларга жавоб берадиган “Янги Ўзбекистон” университети ташкил этилди. Ушбу университет мамлакатимиздаги барча олий ўқув юртлари учун намуна бўлади. Энг билимли ва истеъдодли ёшларимиз шу ерда ўқийди.

Биз узлуксиз миллий таълим-тарбия тизимининг барча босқичларини уйғун ва мутаносиб ривожлантиришга алоҳида эътибор бермоқдамиз. Охирги тўрт йилда болаларимизни мактабгача таълим билан қамраб олиш даражаси илгариги 27,7 фоиздан 2 баробар ортиб, 60 фоизга етгани, боғчалар сони эса 3 марта кўпайиб, 14 мингдан ошгани ана шундай ислоҳотларимиз натижасидир.

Ҳозирги вақтда юртимизда “Янги Ўзбекистон мактаб остонасидан бошланади” деган ғоя асосида мактаб таълими тизимида ҳам катта ўзгаришлар амалга оширилмоқда. Тошкент шаҳрида ва ҳудудларимизда Президент мактаблари, ижод ва ихтисослашган мактаблар сони кўпайиб бормоқда.

“Беш муҳим ташаббус” дастури, “Баркамол авлод” марказлари доирасида ёшларнинг бўш вақтини мазмунли ўтказиш учун бу йилнинг ўзида 36 мингта қўшимча тўгарак ташкил этилиб, 874 мингга яқин бола уларга жалб этилди. Шунингдек, таълим муассасалари, кутубхона ва ўқув марказларига қарийб 100 мингта санъат ва спорт инвентарлари, компьютерлар, 600 мингга яқин китоб етказиб берилди.

Айниқса, навқирон ўғил-қизларимизнинг тадбиркорлик соҳасидаги ғоя ва ташаббусларини рўёбга чиқариш, уларни иш ва даромад манбаи билан таъминлашга давлат миқёсида катта аҳамият берилмоқда. Ана шундай эътибор туфайли сўнгги тўрт йилда 30 ёшгача бўлган тадбиркорлар сони 5 баробар кўпайиб, 500 мингдан ошгани, ҳеч шубҳасиз, ушбу соҳа ривожида муҳим роль ўйнамоқда. Бу йилнинг ўзида 92 мингдан зиёд ёшларнинг тадбиркорлик лойиҳалари учун 2 триллион 300 миллиард сўм имтиёзли кредитлар ажратилгани бундай ёшларимиз сафини янада кенгайтиришга хизмат қилади.

Маҳаллаларда ташкил этилаётган касб-ҳунарга ўқитиш курсларида минглаб ўғил-қизларимиз меҳнат бозорида талаб юқори бўлган замонавий касб-ҳунарларни эгалламоқда.

Бу йилдан бошлаб, ҳар бир туманнинг имконияти ва ривожланиш йўналишидан келиб чиқиб, қишлоқларда ёшларга 10 сотихдан 1  гектаргача ер майдонлари ажратиш бошланди. Натижада қишлоқда яшаётган 230 мингдан ортиқ ёшга 61 минг гектар ер майдони ажратиб берилди. Шунингдек, ғалладан бўшаган ерлардан яна 75 минг гектари 170 минг нафар ёшларга такрорий экинлар экиш учун ажратилди.

Ёшлар ўртасида камбағалликни камайтириш, уларни ўзини ўзи банд қилишга рағбатлантиришда “Ёшлар дафтари”, ёшлар дастурлари доирасида амалга оширилаётган ишларимиз муҳим аҳамиятга эга бўлмоқда. Шу йилнинг 8 ойи мобайнида “Ёшлар дафтари”га киритилган 430 минг нафар йигит-қизнинг муаммоларини ҳал этиш учун 300 миллиард сўм маблағ йўналтирилди. Жумладан, “Темир дафтар”даги оилалар фарзандлари бўлган 2 мингдан зиёд талабанинг контракт пуллари тўлаб берилди.

Бу йилдан бошлаб иш берувчиларга уларнинг 25 ёшдан ошмаган ишчи-ходимлари учун ҳисобланган ижтимоий солиқ миқдорини бюджетдан тўлиқ қайтариб бериш тартиби жорий қилинди. Натижада жорий йилнинг иккинчи ярмида 170 миллиард сўм, келгуси йилда эса 500 миллиард сўм маблағ 240 минг нафар ёшни ишга қабул қилган тадбиркорлар ихтиёрида қолади.

Талаба ёшларни қўллаб-қувватлашга қаратилган янги тизим асосида ётоқхона билан таъминланмаган 62 минг нафар ўғил-қизларимизга ойлик ижара тўловининг 50 фоизи бюджетдан тўлаб берилди.

Албатта, бу борадаги ишларимиз нафақат изчил давом эттирилмоқда, балки янада юқори босқичга кўтарилмоқда. Шу мақсадда 2021 йил 13 июлда қабул қилинган “Ёшларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш ва уларнинг ижтимоий фаоллигини оширишга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармон бу фикрни тасдиқлайди.

Мазкур ҳужжатда мамлакатимиз ёшлари учун қўшимча 30 дан ортиқ янги имтиёз ва имкониятлар яратиш кўзда тутилган. Ана шундай имкониятлардан фақат биттаси ҳақида фикр юритмоқчиман. “Темир дафтар”га киритилган оилаларнинг олийгоҳларда таълим олаётган фарзандларининг 2021-2022 ўқув йилидаги контракт пули биринчи ўқув йили учун Давлат бюджети ҳисобидан тўлаб берилади. Бундай имкониятдан юртимиз бўйича 4 мингдан зиёд оилалар фарзандлари фойдаланади. Бунинг учун бюджетдан 29,2 миллиард сўм ажратилади.

Юртимизда ота-онасидан ажраган, меҳрга муҳтож болаларни қўллаб-қувватлаш, уларнинг таълим-тарбия олиши, иш жойи ва уйига эга бўлиши, жамиятда муносиб ўрин топиши, “Меҳрибонлик уйлари”, махсус мактаб-интернатлар ва “Болалар шаҳарчаси”нинг моддий-техник базаси, кадрлар салоҳиятини мустаҳкамлашга жиддий эътибор берилмоқда.

        

Айниқса, “Меҳрибонлик уйлари”даги болаларни оилага яқин муҳитда тарбиялаш, билимли, касб-ҳунарли ва маънавиятли, ватанпарвар инсонлар этиб вояга етказиш – ҳаммамизнинг муқаддас бурчимиз. Шуларнинг барчасини ҳисобга олиб, “Меҳрибонлик уйлари” ва махсус мактаб-интернатларда таълим-тарбия самарадорлигини ошириш бўйича янги тизимни жорий этмоқдамиз.

Ана шундай ўқув-тарбия муассасалари тарбияланувчиларининг муаммоларини ўрганиш ҳамда ҳал этиш, уларнинг орзу-истакларини рўёбга чиқариш бўйича янги тизим – “Меҳр дафтари” жорий этилмоқда. Шунингдек, етим ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болаларни уй-жой билан таъминлаш тартиби белгиланди. Унга кўра, ўзига бириктирилган уй-жойга эга бўлмаган ва тураржойга муҳтож сифатида ҳисобда турган ана шундай болаларга улар 18 ёшга тўлган йили умумий майдони 25 квадрат метрдан кам бўлмаган 1 хонали, вояга етган болалар ўртасида никоҳ тузилган ҳолатларда эса 50 квадрат метрдан кам бўлмаган 2 хонали квартиралар ажратилади.

Ўйлайманки, инсонпарварлик руҳи билан йўғрилган бундай ислоҳотларимиз буюк Алишер Навоий бобомизнинг битта кўнгли ўксик одамни хурсанд қилиш – Каъбани обод этиш билан баробар, деган теран маъноли сўзларига, меҳр-оқибат, саховат ва олижаноблик каби фазилатларни доимо қадрлаб, улуғлаб яшайдиган халқимизнинг орзу-интилишларига ҳар томонлама уйғун ва ҳамоҳангдир.

Мен юртимизнинг қайси ҳудуди, шаҳар ва қишлоғида бўлмайин, албатта у ердаги ёшлар билан учрашаман. Очиқ ва самимий суҳбатларда уларнинг соғлиги, ўқиши, орзу-интилишлари, қишлоғи ёки маҳалласидаги шарт-шароитлар билан қизиқаман.

Биласизми, дунёдаги давлатлар, халқларнинг ривожланиш даражасини кўрсатадиган мезонлар, параметрлар кўп. Лекин мен учун шу борадаги энг муҳим мезон – бу ёшларимизнинг бахти, камолидир.

Янги Ўзбекистоннинг нафаси, суръати ва шиддатини аввало азиз ўғил-қизларимизнинг азму шижоати, дадил фикр ва таклифларида, эришаётган дастлабки ютуқларида кўраман.

Яқинда 30 июнь – Ёшлар кунида навқирон авлодимиз вакиллари билан яна бир бор учрашиб, уларнинг турли соҳалардаги изланишларини кўриб жуда хурсанд бўлдим.

Ишончим комилки, фарзандлари доимо изланиш ва интилишда бўлган, юксак марраларни кўзлаб, олдинга қараб интиладиган халқ ва давлат ўз олдига қўйган мақсадларга албатта етади. Чунки бундай ҳаракатлар эртага қудратли тўлқинга айланиб, ҳаётимизни бугун кечагидан, эртага бугунгидан яхши ва обод қилиш, онгу тафаккуримизни юксалтиришга олиб келади.

Савол. Мамлакатимизда кейинги йилларда инсон ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлаш борасида эришилаётган ютуқлар ҳақида сўз борганда, хотин-қизларнинг ўқиши, билим олиши, меҳнат қилиши, уларнинг соғлигини сақлаш, истеъдод ва қобилиятини рўёбга чиқариш, оналик ва болаликни ҳимоя қилиш, гендер тенглик бўйича амалга оширилаётган кенг кўламли ишлар биринчи навбатда тилга олинмоқда. Бунинг сабаби нимада?

Жавоб. Бунинг сабаби оддий, албатта. Чунки дунёдаги ҳар қандай халқ, давлат ва жамиятнинг тараққиёт ва маданият даражаси аввало уларнинг хотин-қизларга бўлган муносабати билан белгиланади.

Аёл бор экан, оила деган муқаддас қўрғон, фарзанд деган бебаҳо неъмат бор. Аёлларимиз бахтли бўлса албатта оиламиз, жамиятимиз ҳам бахтли бўлади.

Хотин-қизлар барча соҳа ва тармоқларда эркаклар билан тенг ҳуқуққа эга бўлиб, юксак ҳурмат-эҳтиромда яшаган мамлакатда албатта тинчлик ва ҳамжиҳатлик, ўсиш ва юксалиш бўлади.

Шунинг учун ҳам биз учун буюк Она тимсоли бўлган аёл зотини халқимиз азал-азалдан улуғлаб, эъзозлайди.

Одамзотга асрлар давомида меҳр туйғусини сингдириб, уни гўзаллик, вафо ва садоқат, ватанпарварлик руҳида тарбиялаб келаётган азиз ва мукаррам зот ҳам оналаримиздир.

Бу ҳаётда нимага, қандай ютуқ ва натижаларга эришган бўлсак, уларнинг барчаси мунис ва меҳрибон оналаримиз туфайлидир. Шунинг учун биз хотин-қизларимиз олдида доимо қарздорлик ҳисси билан яшаймиз. Уларга ҳар қанча меҳр ва эътибор кўрсатсак, арзийди.

Юртимиз аҳолисининг қарийб ярмини ташкил этадиган муҳтарама оналар, опа-сингилларимизнинг қонуний ҳуқуқ ва манфаатларини таъминлаш, хотин-қизларнинг жамиятдаги ўрни ва нуфузини ошириш борасида давлат сиёсатини олиб боришда биз айнан ана шундай қадриятларга таянамиз.

Кейинги йилларда бу муҳим масаланинг амалий ижросига қаратилган 24 та ҳужжат, жумладан, 2 та қонун, Президентнинг 6 та фармон ва қарори, Вазирлар Маҳкамасининг 16 та қарори қабул қилингани опа-сингилларимизга бўлган юксак эътибор ва ғамхўрлик ифодасидир.

Ҳурматли аёлларимиз ҳаётимизнинг барча соҳа ва тармоқларида фаол иштирок этиб, Янги Ўзбекистонни барпо этишга беқиёс ҳисса қўшмоқдалар. Уларнинг орасида депутат ва сенаторлар, вазир ва ҳокимлар, академиклар, профессорлар, Ўзбекистон Қаҳрамонлари, Халқ ўқитувчилари, Халқ шоирлари, Халқ артистлари борлигини барчамиз яхши биламиз.

Бугунги кунда мамлакатимизда Гендер тенгликни таъминлаш бўйича комиссия, Олий Мажлис Сенатининг Хотин-қизлар ва гендер тенглик масалалари қўмитаси, Республика Хотин-қизлар жамоатчилик кенгаши каби тузилмалар опа-сингилларимизнинг манфаатларини ҳимоя қилишда муҳим роль ўйнамоқда.

Мамлакатимизда хотин-қизларни иш ўринлари, уй-жой билан таъминлаш, уларга тиббий хизмат кўрсатиш сифатини яхшилаш масалаларига алоҳида эътибор берилмоқда. Бу борада аёлларни касб-ҳунарларга қайта ўқитиш марказлари жорий этилгани, арзон уй-жойлар дастури амалга оширилаётгани муҳим аҳамиятга эгадир. Ҳар йили оғир турмуш шароитида яшаётган аёлларнинг уй-жой бўйича бошланғич бадаллари давлат бюджети ҳисобидан тўлаб берилмоқда.

Жамият ҳаётида фаол иштирок этаётган, турли соҳаларда ибратли натижаларга эришаётган, соғлом ва баркамол авлодни тарбиялашга муносиб ҳисса қўшаётган опа-сингилларимиз 8 март – Халқаро хотин-қизлар байрами, Мустақиллик куни, турли касб байрамлари муносабати билан давлатимизнинг юксак мукофотлари, шунингдек, “Мўътабар аёл” кўкрак нишони билан тақдирланмоқда.

Зулфия номидаги давлат мукофоти билан тақдирланган қизларнинг сони 367 нафарга етгани ҳам ана шундай ишларимиз қаторига киради.

Суҳбатимиз бошида айтилганидек, “Аёллар дафтари” тизими асосида хотин-қизлар ўртасида камбағаллик ва ишсизликни тугатиш бўйича изчил иш олиб борилмоқда.

Савол. Юртимизда хонадонларимизнинг файзу фариштаси бўлган кекса авлод вакиллари, муҳтарам фахрийларимизга алоҳида меҳр ва ғамхўрлик кўрсатиб келинмоқда. Бу борадаги амалий ишларнинг келгуси ривожи ҳақида ҳам фикрингизни билмоқчи эдик.

Жавоб. Мен ҳар доим бугунги тинч-осойишта, эркин ва фаровон ҳаётимиз ҳақида ўйлаганимда, бундай ёруғ кунларга етиб келишда қанча-қанча авлод вакиллари, ота-боболаримиз тинимсиз меҳнат қилганлари, ўз бошига тушган барча синов ва машаққатларни сабр-матонат билан енгиб ўтганларини чуқур миннатдорлик билан эслайман. Улар ўзлари қийналиб бўлса ҳам бизни шундай тинч ва дориломон кунларга етказганлари – бу ҳеч нарса билан ўлчаб, баҳолаб бўлмайдиган улкан жасорат, фидойилик ва қаҳрамонликдир.

Шунинг учун бундай мард ва олижаноб аждодларимиздан ўтганларининг хотирасини улуғлаб, ҳамиша чуқур ҳурмат-эҳтиром билан ёд этиш, бугун орамизда яшаб келаётган муҳтарам нуронийларимизни ҳар томонлама ардоқлаш – муқаддас бурчимиздир.

Энг муҳими, бундай савобли ишларимиз ёшларимиз учун ҳам тарбия ва ибрат мактабига айланади.

Албатта, сиз, журналистларга яхши маълум – юртимизда кекса авлод вакилларини қўллаб-қувватлаш, уларнинг мазмунли умр кечириши учун зарур шароитларни яратиш борасида катта ишлар қилинмоқда. Хусусан, пенсия ва нафақаларни расмийлаштириш, уларни ўз вақтида тўлаш, турли ижтимоий хизматлардан фойдаланиш билан боғлиқ қийинчилик ва муаммолар бартараф этилди. Жамиятимиз ҳаётида фаол иштирок этиб келаётган отахон ва онахонларимиз “Нуроний” жамғармаси томонидан моддий ва маънавий рағбатлантирилмоқда.

Кекса авлод вакилларининг саломатлигини асраш, уларга республикамиздаги турли санатория ва дам олиш уйларига имтиёзли йўлланмалар бериш, байрам кунларида уларни алоҳида қутлаб-табриклаш, доимий иззат-ҳурмат кўрсатиш эзгу анъанага айланиб бормоқда.

Такрор айтаман, ўз вақтида бор куч-ғайрати, билим ва салоҳиятини Ватанимиз равнақи, халқимиз фаровонлиги учун бағишлаган бундай табаррук инсонлар олдида биз бир умр қарздормиз. Муҳтарам нуронийларимизнинг ҳаётини янада файзли қилиш, улар ўзларининг бой тажрибаси, фойдали маслаҳатлари билан ижтимоий ҳаётимизда, айниқса, Янги Ўзбекистон ёшларини тарбиялашда янада фаол иштирок этишлари учун қўшимча имкониятлар яратамиз.

Бу масалаларга алоҳида урғу бериб гапираётганим албатта бежиз эмас. Биз Янги Ўзбекистонни барпо этиш жараёнида халқимизни рози қилишни ўз олдимизга улуғ мақсад қилиб қўйган эканмиз, буни жамиятимизнинг ҳар бир аъзоси ўз ҳаётида сезиши, ҳис этиши биз учун ғоят муҳимдир.

Ҳозирги кунда мамлакатимизнинг барча ҳудудларида уч авлод вакиллари ўртасида самимий учрашувлар ўтказилаётгани, уларда муҳтарам нуронийларимиз ҳам фаол иштирок этиб, ўзларининг меҳнат ва ҳаёт тажрибаси, бугунги тинч ва ёруғ кунларнинг қадр-қиммати ва аҳамияти ҳақида билдираётган фикрлари ёшларимиз учун чинакам тарбия мактаби бўлиб хизмат қилмоқда.

Савол. Энг улуғ ва энг азиз айём – Мустақиллик байрамимиз арафасида газетамиз саҳифаларида турли касб эгалари бўлган юртдошларимизнинг эзгу тилаклари бериб борилмоқда. Сиз Ватанимиз мустақилликка эришган биринчи кунлардан бошлаб мамлакатимизда янги давлат ва жамият қуриш жараёнларида фаол иштирок этиб келган атоқли раҳбар, бугунги кунда эса Янги Ўзбекистонни барпо этиш концепциясининг ташаббускори ва уни амалга ошириш йўлидан бутун халқимизни дадил олдинга бошлаб бораётган миллий етакчи, Президент сифатида ушбу байрам муносабати билан халқимизга қандай тилаклар билдирган бўлардингиз?

Жавоб. Албатта, мамлакатимиз мустақиллигининг 30 йиллиги муносабати билан биз барча соҳа ва тармоқлар бўйича тараққиётимиз якунларини чуқур сарҳисоб қилиб, келгуси режаларимизни янада аниқ белгилаб оламиз. Айниқса, юртимиздаги ҳар бир инсоннинг ҳуқуқ ва эркинликлари ҳамда қонуний манфаатларини таъминлаш, халқимизнинг янада эркин ва фаровон яшашига эришиш биз учун бундан буён ҳам бош мақсад бўлиб қолади.

Мен учун Ўзбекистон Республикаси Президенти сифатидаги фаолиятимнинг маъно-мазмунини ташкил этадиган энг улуғ мақсад –халқимизнинг тинч ва осойишта, эркин ва фаровон ҳаёт ҳақидаги орзу-умидларини рўёбга чиқариш йўлида сидқидилдан фидокорона хизмат қилишдан иборатдир.

Барчамизга ризқ-насиба берган, оқ ювиб, оқ тараб вояга етказган эл-юртимиз олдида биз ҳамиша қарздормиз. Азиз ва ардоқли халқимизнинг розилигига эришиш – биз учун энг буюк саодатдир. Чунки халқ биздан рози бўлса, Яратган ҳам рози бўлади.

Неча-неча аждодларимиз орзу-ният қилиб ўтган мана шундай буюк ишларни амалга ошириш бугун бизга насиб этган экан, бу ўзлигини англаган ҳар бир ватандошимиз учун чинакам бахт ва шараф эмасми?

Ишончим комил, биз жонажон Ватанимизга бўлган чексиз меҳримиз ва садоқатимизни муқаддас байроқ қилиб, бор билим ва тажрибамиз, ақл-заковатимизни ишга солиб, ягона халқ, ягона миллат бўлиб, кўзлаган эзгу мақсадларимизга албатта етамиз.

Янги Ўзбекистон жаҳон майдонида кучли салоҳият, муносиб обрў-эътиборга эга бўлган, ҳар томонлама обод ва фаровон  мамлакатга айланади.

Мен бунга нафақат ишонаман, балки шу йўлда бор билим ва тажрибамни, куч-ғайратимни сафарбар этишга ҳамиша тайёрман. Барча юртдошларимизни ана шундай улуғ сафда – Янги Ўзбекистон бунёдкорлари қаторида бўлишга даъват этаман.

Бугунги имкониятдан фойдаланиб, кўпмиллатли халқимизни яқинлашиб келаётган Мустақиллик байрами билан чин қалбимдан табриклайман. Ҳар бир хонадон, ҳар бир ватандошимизга тинчлик-хотиржамлик, файзу барака, бахту саодат доимо ёр бўлишини тилайман.

@rost24_uz_bot — Хабар йўлланг. Сизнинг хоҳишингизга кўра ҳар қандай маълумот сир сақланади
0
Изоҳ қолдириш
Изоҳлар