Бош вазир ўринбосари Беҳзод Мусаев топшириғи бажарилмади

05.08.2021 11:57

Бош вазир ўринбосари таъмирлатишни буюрган йўл унутилдими?

Тошкент шаҳри Олмазор туманида жойлашган Ўзбекистон “Миллий” университети ва Ислом Каримов номидаги Тошкент Техника университети биноларининг ўртасида жойлашган 300 метрлик йўл ҳолати абгор ҳолатда қолмоқда. Бу ҳолат бўйича Rost24.uz таҳририятига фуқаролар томонидан мурожаат келиб тушди.

Фуқаро Илҳом Рўзиевнинг айтишига қараганда бу йўлни таъмирлатиш учун Олмазор туман ҳокимиятига, Тошкент шаҳар ҳокимиятининг “Йўл қурилиши ва ободонлаштириш ишлари бўйича ташкилоти”га мурожаат қилинган. Аммо, қуруқ ваъдалардан бошқа ҳеч қандай натижа бўлмаган.

“2020 йилнинг декабр ойида Ўзбекистон Республикасининг Бош вазир ўринбосари Беҳзод Мусаев қишда айнан ўзи келиб, ҳолатни кўргандан кейин Ўзбекистон Миллий университетининг собиқ ректори Aвазжон Мараҳимовга бу “Миллий” университет деган номга мос келмаслиги ва бу йўлни таъмирлаш ҳамда иккита тўсиқни олиб ташлаш тўғрисида топшириқ берганлиги ва бунинг натижасини текшириш мақсадида шахсан ўзи келишини айтиб ўтган эди. Гап декабрда айтилган, ёз охирламоқда ҳалигача ҳам ҳеч қандай натижа йўқ” дейди фуқаро Илҳом Рўзиев.

У ердаги тўсиқлар ва панжаралар олиб ташланган лекин ҳали-ҳануз йўл ҳолати талабга жавоб бермайди.

Aслида йўлнинг узунлиги 300 метр, эни эса 6 метрни ташкил этади. Бу йўлдан кунига 10 мингдан ортиқ талаба ва ўқитувчилар ўтади. Кўча икки олий ўқув даргоҳларини боғлаб турувчи йўл бўлишига қарамай у ерда пиёдалар учун махсус йўлак ҳам йўқ.

Бош вазир ўринбосари, Беҳзод Мусаев шу кичик йўлни таъмирлатишни айтган бўлсада ҳамон топшириқ бажарилмади.

Ирода Фарходова,

Қувонч Тўраев (видео)

@rost24_uz_bot — Хабар йўлланг. Сизнинг хоҳишингизга кўра ҳар қандай маълумот сир сақланади
1
Изоҳ қолдириш
Изоҳлар