Ерларни ноқонуний ўзлаштириш навбати ниҳоят, ариқ ва дарёларга етиб келдими?
Бўзсув каналининг Тошкент вилояти Зангиота тумани ҳудудидан ўтувчи қисми хавф остида.
Rost24.uz ахборот сайтига Тошкент вилояти Зангиота тумани Бўзсув қишлоқ фуқаролар йиғини маҳалласининг бир гуруҳ фуқаролари томонидан мурожаат келиб тушди.
Тошкент вилояти ва пойтахтимиздан ўтувчи Бўзсув каналининг "Чинор" ва Улуғбек маҳаллаларидан ўтган қисми тадбиркорлар томонидан ўзлаштирилиб юборилаётган экан.
Бўзсувнинг ёнида отхона ва молхона қурган тадбиркорлар катта ариқнинг атрофини чиқинди ва ахлатлар билан тўлдирган ҳолда ўзлаштириб олишни бошлаган.
Молхона қуриш учун ерга эгалик қилган яна бир тадбиркор эса чиқиндиларни қабул қилиш пункитини ҳам очибди. Тошкент шарҳидан чиққан ахлат ва чиқиндиларни ташувчиларнинг ўзоғи яқин бўлган шекилли, бир пасда мижозлар ҳам кўпайиб қолган.
Ишни кўзини билган тадбиркор шундай бўлади: Чиқиндиларга ҳам жой топади, ерини ҳам кенгайтиради. Бир ўқ билан иккита қўённи уриш дегани шу бўлса керак.
Аҳоли бундай тадбиркорликка қарши чиққанидан кейин чиқиндиларни олдин ёқиб, кейин Бўзсув устига суриб ташлаган. Устидан эса тупроқ тортиб ташлабди ҳам. Аммо ҳали ёниб улгурмаган қисми бир неча кундан буён тутаб ётибди. Аҳолининг айтишича ахлат шу даражада кўп бўлганки, бу тутунлар ҳали-бери тугамаса керак.
Аммо ариқ атрофидаги 50 га яқин дарахтлар ҳам ёниб кетган. Бизда қоғозларда бир неча турдаги табиат қўриқчилари бор. Шу ташкилотлар бундай шафқатсизликка жим турмаса керак деган умиддамиз.
Натижа гувоҳи бўлганингиздек, аҳоли чиқинди ҳиди ва тутунлардан азият чекмоқда. Айнан шу табиатга бўлган шафқатсизликлар оқибатида табиат ҳам ўз сўзини айтмоқдаки, товонини эса аҳоли тўлашга мажбурдир. Бир замонлар тоза ҳавода яшайман деб шаҳардан қочиб келган инсонлар зўрға чидаб кунларни тунларга, тунларни кунларга улаяпти. Ҳаттоки Бронхиал астма (дамқисма) касаллигини орттирганлар ҳам бор. Шу ерда яшовчи Сайфиддин Муҳиддинов ҳам айнан шундай касалликдан қийналмоқда. У айни дамда яшаб турган уйини сотиб бу ерлардан узоқларга кўчиб кетишдан бошқа чора кўрмаётганини ҳам айтади.
Бу муаммо жуда кўпчилик ташкилотларга тегишли. Биз уларни номини санаб ўтирмадик. Ўзлари билиб ўзларини ишларини қилишса бўлгани. Умид қиламизки, муаммо бартараф этилади.
Одамларни алдашимиз мумкин, улар ишонишга мажбурдир балки. Аммо табиат ўзини алдаганни кечирмайди.
Шокир Нормуҳаммедов,
Қувонч Тўраев (видео)