Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги Матбуот котиби Шоҳрух Ғиёсов нималар демоқда?
Масъулиятли идоранинг масъул ходими жамоатчилик олдига бир сўз айтиб чиқаётганда ҳар бир сўзи учун жавобгарлик ҳисси бўлиши лозим. Айниқса, бу ҳол ҳуқуқни муҳофаза қилувчи, бирламчи вазифаси қонун устуворлигини таъминлаш керак бўлган мулозим томонидан янграса янада ачинарли.
Сўнгги кунларда ички ишлар ходимлари томонидан яна икки нафар фуқаро ўлдирилгани айтилган воқеа ўзбек оммавий ахборот воситаларида шов-шувли мунозарага айланди. Бугун эса (Қашқадарёда) яна бир худди шундай ҳолат қайд этилгани ҳақида хабарлар тарқалди.
Ачинарлиси, қонун посбонлари томонидан содир этилаётган қотилликлар халқнинг кўз ўнгида очиқ-ошкора бўлмоқда. Воқеалар ўзани кўпчилик қайси томонга бурилаётганини англаб етар даражада фаҳмламоқда.
Сурхондарё вилояти, Денов туманида фуқаро Ҳасан Хушматов ҳамда Қорақалпоғистон Республикаси Тахиатош туманидан Бахтияр Даулетмуратов ИИБ профилактика инспекторлари томонидан уриб ўлдирилгани ҳақида расмий доиралар томонидан ҳам турли муносабат ва баёнотлар билдирди.
ИИВ Матбуот хизмати раҳбари эса бундай қотилликларни қоралаш ўрнига оқлаш билан овора. У ҳар чиқишида вазирлик ходимларини оқлаб, ҳалок бўлган фуқароларни "ғирт худо урган безори"га чиқариб журналист ва блогерларни таажжубга солаётгани, матбуот котиби ички ишлардек нуфузли вазирликнинг асл муддаоси ва ишлаш тизимини шубҳага солмоқда.
Хусусан, Шоҳрух Ғиёсовнинг сўнгги икки ўлим ҳолатлари бўйича журналистларга йўллаган норасмий баёноти ОАВ вакили сифатида бизни ҳам хавотирга солди. Шу сабабли ушбу баёнотни эълон қилишни тўғри деб билдик.
ИИВ Матбуот котибининг айтишича, Қорақалпоғистонда ўлган фуқаро пневманиядан ўлиб қолган, ичган, бошидан жароҳатланган экан.
Деновдаги ўлган фуқарони ИИВ Матбуот котиби "ғирт худо урган" дея баҳо бермоқда. Катта бир ташкилотнинг матбуот котиби ҳеч бир шахсни ким бўлишидан қатъий назар "худо урган" дея ҳақоратлашга ҳаққи йўқ. Бундай ҳуқуқ ҳозирча, билишимизча ҳеч кимга берилмаган.
Ш.Ғиёсовнинг журналистларга йўллаган мурожаати ҳам ички ишлар ходимларига қандай баҳо беришни белгилаб бермоқда. Унинг бу чиқишларидан, муносабатларидан англаш мумкинки, ўлган шахслар жамият учун ортиқчадек, гўё.
Ўзбекистон фуқароси ким бўлишидан қатъий назар яшашга ҳаққи бор. Аслида масъул ходимнинг журналистлар гуруҳидаги бундай “чиқишлари”га тегишли идоралар ҳуқуқий баҳо бериши керак. Зеро, расмий идора матбуот котибининг 500 нафар журналистларга қарата билдирган хавотирли фикрларини жиддий олмасликнинг ўзи мумкин эмас. Ички ишлар ходими ҳар қандай шароитда ҳар қандай фуқарога нисбатан ҳурмат сақлаши шарт ва фуқароларни "худо урган" дея, ажратишга ҳақли эмас.
Модомики, вазирликнинг расмий вакили фуқароларга шундай баҳо берар экан, биз журналистлар ИИБ ходими муносабатини ижтимоий юкини сезган ҳолда эълон қилишни маъқул, деб топдик.
Ўзбекистон Конститутцияси ИИБ масъул ходими "худо урган", деб ҳақоратлаётган фуқароларни ҳам ҳимоя қилади. Фақат буни ИИВ вазир ўринбосарига тенглаштирилган вазирлик матбуот котиби Шоҳрух Ғиёсовнинг билмаслиги таажжубланарли.
ИИВ Матбуот хизмати раҳбарининг ҳар бир муносабатига эътибор қилсангиз, ички ишлар ходимлари қилаётган жиноятларга жамоатчиликка қарши бир ўзи адвокатлик қилаётгандек. Наҳотки, тизим ходимлари фақатгина ўзлари ва бир бирларини эмас, балки аслида фуқароларни ҳимоя қилишлари кераклигини англаб етмаган бўлса.
Хуллас, монтажсиз очиқ эълон қилинган ИИВнинг матбуот котибининг муносабатини эшитинг ва ўзингиз баҳо беринг.