Коррупцияда айбланиб, расмий қидирувга берилган туман суди раиси аниқланди.
Rost24.uz сайти икки кун олдин "Коррупцияда айблангани айтилаётган суд раиси йўқолиб қолди. Расмий қидирувга берилдими?" номли мақола эълон қилган эди.
Унда Жиззах вилоятидаги туман судларидан бирининг собиқ раиси қидирувга берилгани айтилган. Бу маълумотни аниқлаштириш учун Судьялар олий кенгаши матбуот котиби Турсунали Акбаров ва Бош прокуратура матбуот хизмати раҳбари Ҳаёт Шамсутдиновдан изоҳ сўралган эди.
Турсунали Акбаров тўлиқ маълумотга эга эмаслигини айтган бўлса, Бош прокуратура матбуот хизмати раҳбари Ҳаёт Шамсутдинов Rost24.uz нинг бир неча бор юборган сўровини жавобсиз қолдирганди.
Бугун эса ОАВларда Коррупцияга қарши курашиш агентлиги ҳамда Давлат хавфсизлик хизмати билан ҳамкорликда ўтказилган тезкор тадбирда пора олаётган адвокат қўлга олинди, деган хабарлар пайдо бўлди.
Адвокат “Н.П” фуқародан Дўстлик туман судидаги танишлари орқали енгил жазо турини қўллашни ваъда қилиб, 11.200 АҚШ доллари олаётганида қўлга тушган.
Олиб борилган суриштирувлар давомида адвокат олган сумманинг 1.200 АҚШ долларини суд ва тиббий экспертиза вилоят бўлинмаси ходимига, 10.000 АҚШ долларини эса туман судидаги танишларига беришни режалаштирганлиги аниқланган. Ҳозирда Жиззах вилояти прокуратураси томонидан адвокат ва унинг жиноий шерикларига нисбатан жиноят иши қўзғатилган.
Таажжубли томони шуки, коррупцияда айбланиб қидирувга берилган суд раиси ҳақидаги маълумотни матбуот котиблари бор-йўғи икки кун “беркита олишди”, холос. Улар ошкор қилишни (?) истамаган маълумот эса бошқа ҳуқуқни муҳофаза қилувчи ташкилотлар томонидан ошкора эълон қилинди.
Дарвоқе, агентлик тарқатган хабарда номи мавҳум туман судига аниқлик киритилган: Дўстлик тумани! Гарчи хабарда суд раиси ҳақида ҳеч нарса дейилмаган бўлса-да, гап у ҳақда кетаётганини билиш қийин эмас.
Жорий йилнинг 31 май куни АОКАда бўлиб ўтган матбуот анжуманида Судьялар олий кенгаши матбуот котиби Т.Акбаров бу йил тизимда бирорта корруцион ҳолат аниқланмагани ҳақида баёнот берганди. Жиззахдаги воқеа эса бунинг аксини кўрсатмоқда...
Эслатиб ўтамиз, бундан олдин сайтимизда фаолияти даврида қўпол хатога йўл қўйган, аммо судьялик лавозимини давом эттираётган, яъни ҳатто мурдаларни сўроқ қилган судьялар суд тизимида ишлаб келаётгани ҳақида «Мурдани тирилтирган» судьяга нега чора кўрилмаяпти? ҳамда Ўзбекистон суд тизимида “мурдани сўроқ қилган” судялар ҳам ишлаб келмоқда, мақолалари эълон қилинган эди. Судьялар олий кенгаши ва мутасаддилар ҳозирча бу сўровларга ҳам жимгина сукут сақламоқда.