Саволлар аниқ, лекин Давлатнинг ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлари буни сир сақламоқда. Матбуот котибларининг ҳаракатлари эса журналистларда янада шубҳали ҳолатлар уйғотишга сабаб бўлди.
Rost24.uz сайти ишончли манбасининг маълумот беришича, Жиззах вилоятидаги туман судларидан бирининг собиқ раиси қидирувга берилган. Шахснинг қидирувга берилгани унга нисбатан жиноят иши қўзғатилганини билдиради.
Собиқ суд раисига коррупцион ҳолат бўйича жиноят иши очилган бўлиши мумкин. Аммо бу маълумотни расмий равишда ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларидан аниқлашнинг имкони бўлмаяпти.
Rost24.uz сайти мухбири маълумотларни аниқлаштириш мақсадида Судьялар олий кенгаши матбуот котиби Турсунали Акбаров билан боғланди. Суд тизими ва судьялар фаолиятидаги камчиликларни аямай танқид қилиши билан тилга тушган, аммо Кенгаш матбуот хизматига ўтганидан кейин бунинг аксини қилаётган Т.Акбаровнинг жавоби қуйидагича бўлди:
“Сиз айтаётган туман судининг собиқ раиси фаолиятидаги жиддий камчиликлари учун бир неча ой аввал вазифасидан озод этилган. Унга нисбатан жиноят иши қўзғатилган-қўзғатилмагани ҳақида маълумотга эга эмасман”.
Бош прокуратура матбуот хизмати раҳбари Ҳаёт Шамсутдинов эса Rost24.uz нинг бир неча бор юборган сўровини ҳозирча очиқ қолдирди.
Шубҳалар эса ортиб бормоқда.