Ўзбекистоннинг ёпиқ ҳудудидан репортаж

16.06.2021 17:14

Бизга ҳамроҳлик қилмоқчи бўлганларнинг “қизил паспорти” йўқ экан. Ўзимиз йўлга тушдик. Яна бир кишининг ёрдами билан мен ковидга тест топширганлигим ҳақидаги маълумотномани олдим. 

Чегарадан ўтишда Ўзбекистон томонидан муаммо бўлмади. Қирғизистоннинг Қадамжой вилоятига ўтишда негадир ярим соатдан ортиқ тўхтаб қолдик. Бизга “смена” алмашаётганлиги ҳақида айтишди. 

Энди навбатимиз келганда Ўзбекистон тарафидан келган, бир аёл уч-тўрт нафар бола-чақаси билан навбатсиз суқилиб кириб олди. Табиийки, биз ҳам унга навбатга туриш кераклигини, ҳамма ҳам иссиқда турганлигини уқтирмоқчи бўлдик. Аммо аёл шаллақилик қилишга ўтди. Ҳатто Қирғизистон томонига ўтсак, дарёга ташлаб юбориш билан қўрқитди. 

Бир амаллаб чегарадан ўтиб олгач, атрофи тоғлар билан ўралган, зилол сув оқиб ётган йўл бўйлаб Шоҳимардон қаердасан деб йўлга тушдик.

Унча-бунчага ҳаяжонланмайдиган одамман, аммо 1992 йилда Шоҳимардонга келганимни, бу жой билан боғлиқ болалик хотираларим энг ёрқин хотиралар эканлигини ўйлаб кетяпман. 

Биз болалигимизда ҳар йили 2 ёки 3 марта Шоҳимардонга келардик. Синглим кўп касал бўлгани учун негадир ўша пайтда Шоҳимардонпиримга атаб унга кокил қўйишганди. Биринчи марта колхознинг узун ЛАЗ автобусида битта қўй, қозон ўчоқ, ҳатто ўтингача олиб 40-50 чоғли қариндош-уруғ, қўни-қўшнилар билан келганимиз эсимда. Ундан кейин сал улғайгач, далага чиқардик. Пахтани чеканка қилиб бўлгач, теримгача далада иш тугарди. Шунда бригадиримиз “баракалла қизларим, ўзим сизларни бир Шоҳимардонга олиб бориб, ўйнатиб келаман” дерди. Яна ўша колхознинг қизил ЛАЗида йўлга тушардик. 

1994 йили мактабни тамомладим. Ўша йили Тошкентга йўл олдим. Шу билан менинг Шоҳимардонга қиладиган саёҳатим ҳам 29 йилга чўзилди. 

Шоҳимардонга бордик. Мен билган, гавжум, танга ташласа ерга тушмайдиган даражада одам билан тўла бўлган қишлоқ сокин ва жим-жим эди. Авваллари атракционларда учиш учун қанча навбатда турардигу, бир томонда Турсунали полвон, яна бир томонда Лочин дорбозлар ўйин-томоша кўрсатарди? Ипга чизилган ўрик мағизи ва қоқиси, қуртлар, шиминг-чайнама конфетлари, парварда-ю попукқандларнинг кўплигидан қай бирини олишни билмай қолардик. 

Биз қўнган хонадон эгаларини қариндошимиз деб ўйларканмиз. 

Бугунчи? 

Нега Шоҳимардон бу қадар сокин ва жим-жит. Нега ўша файзи йўқ? Нега аҳолисининг кайфияти йўқ? 

Биринчи сабаб, чегарадаги муаммолар. Мен 2 фарзанди бор бир оила Шоҳимардонга бориб келиш учун неча пул сарфлашини хомчўт қилиб чиқдим. 

Агар оилада ҳамманинг қизил паспорти бўлса, 4 киши ковид учун тест топширади. Баъзи СЭСларда бу тест жавоби бепул берилади. Баъзи жойларда эса 120 минг сўм тўлашга тўғри келади. 

Агар фарзандларингизни ёки оиланинг барча аъзоларининг хорижга чиқиш паспорти бўлмаса салкам 300 минг сўм тўлаб бу паспортни олиш керак. Демак 1 миллион 200 минг сўмга яқин пул бўлади. 

Ўзбекистон чегарасидан ўтишда муаммо бўлмаслиги мумкин. Ҳар ҳолда бизда шундай бўлди. Аммо агар шахсий машинангизда ўтсангиз қирғиз чегарачиларига маълум миқдорда “узатишингиз” керак. Бўлмаса ҳеч қандай сабабсиз ярим соатча ҳам ушлаб ўтираверишади. 

Шоҳимардонга шу кунларда борсангиз яхшиси озиқ-овқатни ўзингиз билан ғамлаб олинг. У ерда ҳозирча фақат битта фаст-фуд кафеси ишлаяпти холос. Ҳот-дог, лаваш, гамбургер, гриллда пишган товуқ ва кабоб ейишингиз мумкин. 

Агар ётиб қолмоқчи бўлсангиз бир киши учун 20 минг сўмдан тўлаб хонадон ижарага олсангиз бўлади. Сизга суюлтирилган газдан фойдаланиш имконини, қозон, идиш-товоқ беришади. Бемалол овқат қилиб ейишингиз мумкин. 

Шоҳимардонда ҳазрат Алининг мақбаралари жойлашган. Биринчи ўша ерни зиёрат қилиб, сўнгра Ҳамза Ҳакимзода Ниёзий музейини айлансангиз бўлади. Чунки иккаласи битта мажмуа қилинган. Музейга кириш катта-ю кичикка 5000 сўм.

Шоҳимардондан сўнг Ёрдон қишлоғига йўл олиб, Арчамозор деган жойни томоша қилиб келишингиз мумкин. Ҳақиқатдан ҳам жуда ҳавоси тоза, табиати бетакрор бу масканда оқсув шовуллаб оқиб ётибди. Ҳавоси ҳам киши танасига ҳузур бағишлашини айтмайсизми? 

Бу жойларга бир йил давомида меҳнат қилиб, ҳеч кимни кўришни истамай қолган, ҳеч ким билан гаплашгиси келмай қолган одамлар келиб, бир ҳафта шу тоғу тошларда ётиб,  битта яхши китобни ўқиб тугатиб кетса тузук. Болалар билан келиб бўлмайди. Чунки бу ерда болаларни ўзига жалб қиладиган ҳеч қандай инфратузилма йўқ. 

Каруселлар эски ва яроқсиз, бори ҳам ташриф буюрувчилар деярли йўқлиги учун ишлатилмаяпти. 

Агар сизнинг дидингиз ўта нозик бўлса, таъбингиз кўп нарсани тортмаса ҳам Шоҳимардонга келмай қўя қолинг. Сабаби, бу ерда мавжуд ҳожатхоналар талабга жавоб бермайди.

Аҳоли ишсизликдан қийналмоқда. 

– Бизга сайёҳлар қанча кўп келса шунча яхши, – дейди суҳбатдошимизнинг барчаси. – Чунки бизнинг тирикчилигимиз шу. Уйимизни ижарага қўямиз, “гид”лик вазифасини бажарамиз, сайёҳларга қурут, мева-чевалар, ширинликлар, турли совғалар сотиб кун кўрамиз. Аввал чегаралар йўқ пайтида чорвачилик билан шуғулланардик. Энди чорвачилик ҳам қийин бўлиб қолди. Сабаби, молларимиз чегарадан ўтиб кетса, қирғиз биродарларимиз катта пул эвазига қайтариб беришяпти ёки бутунлай бермай қўя қолишяпти. Экин экиб, деҳқончилик қилайлик десак, еримиз ҳам тошлоқ. Боғдорчилик эса гоҳида ундай, гоҳида бундай. Мана бу йил об-ҳаво ноқулай келди. Нок ва олма мевалари ҳам мўл эмас. 

Икки давлат ўзаро келишиб,   чегарадан осон ўтадиган қандайдир битим тузиши керак. Шунда бу ерда яна аввалгидек ҳаёт қайнайди. 

Шарифа МАДРАҲИМОВА

@rost24_uz_bot — Хабар йўлланг. Сизнинг хоҳишингизга кўра ҳар қандай маълумот сир сақланади
5
Изоҳ қолдириш
Изоҳлар
17.06.2021 17:09
Эҳ, худди болалигим эсимга тушди, лагерга борардим...
17.06.2021 15:33
Нега киргизларга минг гектарлаб ерлар бераётган Ватанимиз Шохимардонга борадигон йу'лни у'ртасидаги киргизни постидан бемалол у'тадиган килса бу'лмасмикан ё тили кисик жойи борми.