Ички ишлар ходимларининг “ички найранглари” ёхуд Миллий гвардия кўз ўнгида ўлиб кетишига оз қолган "мардикор-журналист" кечинмалари

03.06.2021 16:09

Журналист Анора Содиқова касбини ўзгартира олмади

(МАРДИКОРЛИКНИНГ ИККИНЧИ КУНИ)

Мен Ўзбекистонда ҳуқуқни муҳофаза қилувчи тизим ходимлари истаган фуқарони жиноятчига, хоҳлаганини жабрдийдага, ва албатта, истаганини туҳмат билан қамоққа тиқиш даражасидаги тузилмага айлангани ҳақидаги гап-сўзларга кўп ҳам ишонавермасдим. Аммо ўз ҳаётимда кўриб, нақадар аччиқ бўлса-да, айтишим керакки, бу иддаоларда ҳақиқат бор экан.

 

Мардикорликнинг иккинчи куни қизиқ ва хатарли ҳодисалар мени таъқиб қилди. 2018 йил Афғонистонга борганимда ҳам бошимдан бир тола сочим тўкилмаганди. Аммо мусаффо осмон остида Миллий гвардиядек қўриқчилари бор мамлакатимизда ўлиб кетишимга оз қолди. Кутилмаганда ички ишлар ходимларининг ички ишлари, тўғрироғи «ички найранглари» билан ҳам танишишга эришдим.

***

Кечаги мен учун оғир бўлган меҳнат, чарчоқ сабаблими, бу сафар тонги 05:00 да тура олмадим. Аранг соат тўққизга Келес кўприги яқинидаги “Мардикор бозори”га етиб бордим. Машинани бозордан узоқроққа жойлаштирдим. Бу вақтга журналист ҳамкасбларим ҳам етиб келиши керак эди, аммо улар ҳам кечикарди.

Ҳамкасбларим келгунча, ўзим шароит билан танишиб туришга қарор қилдим. Бир чеккага бориб жараённи кузатдим. Аёллар дарров ёнимга келиб, мени ишчи излаб келган, деб тушунишибди. Демак, бошқа кийимлар танлашим керак... (ўйладим).

Мен уларга ишчи излаб эмас, иш излаб келганимни, мардикорликка чиққанимни тушунтирдим. Кетма-кет саволлар ёғила бошлади: «Шеригингиз борми? Қаердансиз? Оилалимисиз? Эрингиз борми? Аввал ҳам ишлаганмисиз? Қандай ишга чиқа оласиз?»

Ўзимни Назарбекнинг «Тарнов»иданман, деб таништирдим. 80-100 минг атрофидаги иш учун «Тарнов»дан қатнаш тўғри келмаслигини айтишди. Суриштирсам, шу бозор атрофида хонадонлар бор экан. Биргина хонасига одатда 5-6 аёл жойлашади. Киши бошига кунига 10 минг сўм тўланади. Вазиятга қараб хонадонлар эгаси уйдаги ишларга ҳам жалб қилиши мумкин. Бу жойлашган уйга фарзандларим кичик бўлса уларга текин, каттароқ бўлса, пул тўлашга мажбур эканман.

Аёллар билан аста-секин танишишда давом этдим. Шу вақт иш таклиф қилиб, мардикор эркаклардан бири менга патир сотишга таниши одам қидираётганини айтиб қолди. Яшаш жойи текин, бир хона ажратиб берармиш. Ойлик иш ҳақи 1 млн. 600 минг. “Ойлиги кам экан”, дея қутилдим. 

Аёлларни гапга соламан дегунимча, яна бир машина биз турган бозорга яқинлашади, аёллар одатдагидек унга ёпирилади. Келган ҳайдовчи ошпаз кераклигини ва ошхона ёнидан жой билан таъминлашини айтди. Ҳар куни 100 кишига овқат қилиш керак, деди у. Маош ўртача 2 млн. атрофида. Табиийки, турли баҳоналар билан мен кўнмадим. 

Шу вақт бирданига тўполон кўтарилди. Эркаклар орасида икки киши гап талашиб, жанжаллашиб кетди. Бир четда турган Миллий гвардия йигитлари тўполонни бир зумда бостириб, икки эркакнинг қўлини орқасига қайириб олиб кетишди.

ҲЕЧ КИМ МАРКАЗГА КИРИБ ИШЧИ АХТАРМАЙДИ...

Яна машина яқинлашди. Аёл ва эркаклар яна машина ойнасига ёпирилади. Ресторан тозалашга 100 минг сўмдан икки аёлни олиб кетди. Миллий гвардия йигитлари йўлни тўсиб олган мардикорларни четга, кунлик ишчилар учун қурилган махсус Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлигининг «Кунлик ишчилар маркази»га ҳайдайди. Аммо, кўпчилик у ерда мижоз кутишни истамайди. Чунки, мижозлар йўл юзида тўхтаб ишчи ёллаб олиб кетади. Ҳеч ким марказ ичига кириб ишчи ахтармайди. Марказ ичига кирдим. Атрофда мардикорлар учун майда-чўйда, чой, ширинлик, нос, сигарет сотувчилар ҳам бор. Бозор ўзига хос жамиятга айланиб улгурган. Узоқдан келганларга ижара бизнеси шаклланган. Нархлари ҳам шароитга яраша. Бу ерда сомса ва чой, овқатларнинг нархи ҳам нисбатан арзон. 5 минг сўмга ҳам иккита сомса ва чой билан қорин тўйдириш мумкин.

Аёллар менга маслаҳат беришда давом этади. «Ёш экансиз, шерик билан юринг», дейди бир аёл. «Ишга олиб бориб, тегажоғлик қилиб қолиши мумкин. Одамларни юзидан билиб бўлмайди. Ишлатиб кун кеч бўлгач, «Уйимдан нарсамни ўғирладинг, милицияга бериб юбораман», деб пулингизни бермай ҳайдаб юбориши ҳеч гап эмас. Шунда икки киши бўлганингиз яхши», дейди у.

«Ишга бориб, биринчи озгина тамадди қилиб оламиз. Кўпинча мошхўрда беришади, обедга», дейди яна бири. «Мен доим аллергиям борлигини мошхўрда ёқмаслигини айтардим. Шунда кўпинча тухум қовуриб беришади».

“ҲАЁТИМДАГИ ЭНГ ҚЎРҚИНЧЛИ ЛАҲЗАЛАР”

Журналист ҳамкасбларим келиши керак эди, аммо жуда кечикарди. Мен четроққа ўтиб, орқадаги ишчилар юзи кўринмаслиги учун узоқроқдан бозор фонида ўзимни суратга олишга уриндим. Телефонимда бир икки суратни туширганимдан сўнг шу атрофда юрган Миллий гвардия ходимларининг икки нафари ёнимга яқинлашди.

Улардан бири гап бошлаб, ҳозир суратга олганимда улар ҳам тушиб қолган бўлиши мумкинлигини, ўчириб ташлашимни сўради. Аслида хизмат вазифасини бажараётган Миллий гвардия ходимини суратга олиш тақиқланмаган. Бунинг устига, зобит ўзини ҳам таништирмади, нега шубҳали кўринганим ва нега суратларни ўчиришга мажбурлигимни ҳам тушунтирмади. Назаримда, Миллий гвардия йигитларида мардикор аёлларга ҳам барча фуқаролар қатори рисоладагидек муомала қилиш керак, деган тушунчанинг ўзи йўқ бўлса керак. Мен шунга қарамасдан суратларни уларга кўрсатиб, ўчириб ташладим, лекин улар бундан қониқмади. Телефонни беришимни, уларнинг ўзи телефонимдаги суратларни кўриши кераклигини айтди. Рози бўлмадим. Телефон шахсий мулким ва беришга мажбур эмаслигимни тушунтириб улардан узоқлашишга уриндим. Аммо гвардия ходимлари ортимдан “телефонингни бер”, деб бақириб келаверди ва мардикор аёлларга мен ниқобсизларни суратга олаётганимни айтиб ишора қилди. Шунда бирдан икки нафар аёл келиб мени ура бошлади. Орқадан яна бошқаси келди, улар ҳам Миллий гвардия ходимларига қўшилиб, “телефоннингни бер”, дея бақира кетишди.

Атрофда ҳеч ким аёлларни тўхтатишга уринмасди. Шу вақтда журналист ҳамкасбларим етиб келди. Биз йўл четида эдик. Мен улар тарафга югурдим. Ортимдан аёллар ва Миллий гвардия «жамоаси» етиб келиб, телефонни сўрарди. Ҳамкасбим келиб мени уларнинг чангалидан ажратишга уринди. Кимдир сочимни тортар, яна бошқа бири кийимларимдан тортиб йиртар эди. Кимдир “телефон” деб чўнтагимга ёпишган, бирови юзларимни юмдаларди. Умрим давомида ҳеч қачон ҳаёлимга келмаган, қўрқинчли ва тасаввурга сиғдириб бўлмас лаҳзалар...  

Тўполон орасида юлғуч аёллардан қайсидир бири телефонимни қўлимдан тортиб олди. Жон сақлаш мақсадида ҳамкасбимнинг машинасига қараб югурдим. У тезроқ машинага минишимни айтиб, менга яқинлашди. Аёллар югуриб ортимдан етиб келишди, аранг эшикни ёпишга улгурдим, ҳамкасбим машинани тезлатиб ҳайдаб кетди.

...НEГА?

Иккинчи ҳамкасбим ўша тўполон ичида қолиб кетди. Қизиқ, ортимдан қувиб келган аёлларни нега Миллий гвардия йигитлари тўхтатишга уринмади, мени калтаклаётганларни нега тўхтатмади?

Мен шу кетишда ўз машинамга чиқиб, кийимларимни алмаштириш учун уйга кетдим. Чунки, кийимимда биронта тугмаси қолмаганди, бу аҳволда касалхонага ҳам бориб бўлмасди. Йўлда ҳамкасб журналистни ҳудудий профлактика инспекторлари ёнига олиб кетишганини эшитдим.

Ичкарида эса Миллий гвардия ва ИИБ ходимлари билан қолган касбдошимда ажиб ҳангомалар бошланган экан.

Ҳамкасбим ва мени калтаклаган аёлларни Тошкент вилояти, Тошкент тумани, Келес шаҳри «Ифтихор» маҳалласи ҳудудий профилактика хонасига олиб боришган. У ерда мени қутқарган журналистга қарши, мени калтаклаган аёллар кўрсатма берган. Эмишки, бу одам аёлларни 2 кун аввал Юнусобод даҳасига олиб борган ва уни массаж қилишларини «сўраган» ҳамда уларни «зўрлашга уринган». Кўнмаган аёллар машинадан тушиб қолган. Бу юзасидан телефонга олинган сёмка ҳам бор экан. 

Воқеалар ривожланаётганидан ҳайрону лол қолган ҳамкасбим журналистлигини айтмасдан, охири нима билан тугашига қизиқиб, жим ҳолда томошани кузатаверган. Воқеа қандай юз берганига икки Миллий гвардия ходими гувоҳ бўлса-да, аёлларнинг бу кўрсатмаларига ИИБ ходимлари чиппа-чин ишонган ёки ўзларининг одатдаги ишларидек қабул қилаверган. Ўзини “Ғайрат” деб таништирган милиция ходими журналистни обдон сўроқ қилади ва шахсий телефонларини олиб текширади. Қўрқитиш, айбловларни тан олдиришини истаб ёки бу аёлларни зўрлагани олиб борганини сўраб, қўполлик қила бошлашган. Вақт ўтиши билан унинг бўйнига қўйилажак айбловлар кўпаяверган.

Ҳамкасбим яна узоқроқ ўтирса, 2001 йил АҚШдаги терактлар айбловини ҳам унинг бўйнига қўйиб юборишлари тайин эканини кулиб айтиб берди. Ваҳоланки, воқеалар қандай содир бўлгани, ҳамкасбларим мени уришаётган вақтда етиб келиб, қутқаришга уринганига Миллий гвардия ходимлари гувоҳ бўлган эди.

Аммо ичкарига кирганда Миллий гвардия ишораси билан мени калтаклаганлар жабрланувчига айланиб қолган. Ичкарида ҳеч ким уларни нега мени калтаклашгани ҳақида сўроқ ҳам қилмаган, жавобгарликка ҳам тортмаган. Кейинчалик бу саволимга профилактика инспекторидан жавоб ҳам олдим. Нега мени калтаклаган аёлларга гувоҳ бўла туриб уларга нисбатан жазо қўлламадинглар, деганимда, улар жабрланувчи томонидан ариза тушмаганини айтишди. Демак, икки Миллий гвардия ходими бир аёлни калтаклаб жароҳатлаганини кўрса-да, буни тўхтатишга уринмади. Бу ерда айбдор калтаклар тагида қолган, яъни мен эканман. Чунки калтакланиб, ўлиб кетишдан қўрқиб, мени давлат ходими ҳимоя қила олмагани учун қочиб кетганман.

Хуллас, мазкур ҳудуддаги профилактика инспекторларидан юқори турувчи ҳуқуқни муҳофаза қилувчи орган мутасадди раҳбарларига қўнғироқ қилиб, бўлган ва бор вазиятни тушунтирганимиздан сўнггина зўрлаганликда айбланган ҳамкасбимни қўйиб юборишди. Бироқ, ёлғон кўрсатма берувчиларга ҳеч қандай чора кўрилмади. Бировга «мени зўрлашга уринди», дея айб қўйиш назаримда ҳазил иш эмас.

Эртаси куни (23.05.2021 санасида) мен Келес кўприги яқинидаги «Фаровон» маҳалласи профилактика инспекторига Миллий гвардия ходимлари устидан ариза бериш учун бордим. Воқеаларни оқизмай-томизмай, борича тушунтирдим. Улар кеча менинг ҳамкасбимни индамай қўйиб юборишгани учун бугун мен ҳам индамай кетишимни сўрашди.

Қизиқ, нима улар ҳамкасбимни қўйиб юбормасликлари керакмиди? Зўрлаганликда айблаб қамашлари лозиммиди? Йўқ айбни ҳамкасбимнинг бўйнига қўйишмагани учун биз ички ишлар ходимларига ташаккур билдиришимиз керакмиди?

Мен кечаги ёлғон кўрсатма берган аёлларга нисбатан бирор чора кўрилганми-йўқми, қизиқдим. Ҳамкасбингизни улар ўзларини зўрлаганларга ўхшатиб юборибди, дея қутилди.

Шу куни ҳамкасбимга зўрлаш айбини қўйганлар менга «Бизни яширинча видеога олди», дея кўрсатма беришди. Мен ўша куни қўлимда бўлган телефонни бемалол экспертиза қилишлари мумкинлигини, мутахассислар ўша куни видеога олинмаганини текширишлари мумкинлигини билдирдим. Аммо, ҳалигача менинг телефоним текширилгани йўқ.

Ўзбекистон Республикаси Миллий гвардия махсус формасини кийиб юрган йигитлар мени урганлардан ҳимоя қилмагани, ва аксинча, аёлларни уришга ундагани юзасидан ариза бериш учун бу ерга келганимни тушунтирдим. Бироқ Миллий гвардия йигитлари ишораси билан мени калтаклаган аёлларга даъвоим йўқлигини айтдим. Чунки, у аёллар мардикор бозори қоидалари билан яшайди. Улар у ерда яна яшаб қолиши ва ишлашда давом этиши учун ҳам мана шу жирканч қоидаларга бўйсунишга мажбур. Тақдир уларни шу кўйга солган. Уларга нисбатан ариза беришни виждоним қабул қилмади.

ЯНА НEГА?

Профилактика инспектори Миллий гвардия устидан ёзажак аризамни қабул қила олмаслигини айтди. Мен ҳуқуқим бузилгани ва уни тиклашларини сўраб айнан ИИБга мурожаат қилишим тўғрилигини тушунтирдим. Инспектор бу уларнинг ташкилоти зиммасига кирмаслиги ҳақида ваъз ўқий бошлади. Агар шу гаплари ҳақиқат бўлса, ундан шу ҳақда ёзма кўрсатма беришини сўрадим. Шундан сўнгина у аризамни қабул қилишини билдирди.

Мана ариза берилганига ҳам 10 кундан ошди. Ҳозирча инспектор жиноят аломатлари йўқлиги маъмурий жазога тўғри келишини, аммо иш ҳамон кўрилаётганини билдирмоқда. Унинг айтишича, у ўша куни гувоҳ бўлган мардикор аёллардан воқеаларни суриштирмоқда экан. Аммо, негадир воқеа гувоҳи ва иштирокчиси бўлган ҳамкасбларимдан кўрсатма олишгани йўқ. Энг қизиғи, аризамни кўраётган нозирдан қўл телефонимга ёпишган Миллий гвардия йигитлари ва раҳбарининг исмини айтишини сўрадим. Инспектор уларни яхши танимаслигини, ўзим бориб қидириб топишимни билдирди. Демак, инспектор аризамда даъво қилаётган одамлардан кўрсатма олмаган, уларни сўроқ ҳам қилмаган. Аммо, унда хулоса бор.

ИИБ ходимлари ўша куни телефонимга ташланган Миллий гвардия йигитларини сўроқ қилмаган бўлса-да, улар мени ҳимоя қилганига қаттиқ ишонади. Менинг аризамни кўраётган нозирда негадир мени калтаклаган мардикор аёллар ва Миллий гвардияга нисбатан ишончи кучли. Бизнинг ҳамкасблардан эса маълумот олиш йўқ. ИИБ ходимининг айтишича, мени айнан Миллий гвардия ходими қутқаришга урингани учун ҳам енгил жароҳат олган эканман. Қизиқ, унда нега жанжаллашган икки эркакни сониялар ичида тўхтата олган Миллий гвардия ходимлари мени калтаклаган аёлларни тўхтатмади. Улар аёлларни тўхтата олганида, мен телефонимни олдириб, қочиб кетишга мажбур бўлмасдим-ку?!

Хуллас, ИИБ мутасаддисига кўра, Миллий гвардияда айб йўқ. У мендан ариза ва тушунтириш хатини олмасиданоқ бу хулосага келиб бўлганди. Яъни унинг юксак тажрибаси воқеа тафсилотларини ўрганмасданоқ уни шундай хулосага келишига туртки берган, назаримда.

Мен унга Миллий гвардия ходимлари Президент қарорига асосан менинг эркинлигимни ҳимоя қилиши шартлиги, аммо бундай қилмагани, улар худди кўчадаги безори каби қўлимдаги телефонга ташланиб, жанжални провокация қилгани учун жавобгарликка тортилиши шартлигини айтдим.

Шунингдек, бундай ўз касбига номуносиб ходимларни ишга ёллаган раҳбар ҳам жавобгарликка тортилишини сўрадим. Ҳамкасбларим келмаганида мен ўша жойда қаттиқроқ жароҳат олишим, балки ўлиб кетишим ҳам мумкин эди. Мени қутқарган ҳамкасбим ҳам жароҳатлар олганди. Аммо, аввалига мен ва ҳамкасбим ноқонуний ҳаракат қилганимиз атрофдаги камераларга ёзилганини таъкидлаган милиция ходимлари кейинчалик камералар ишламаслигини билдиришди.

Мардикор бозор атрофидаги нафақат ишчилар, балки камералар ҳам участка нозирлари ва Миллий гвардия фойдасига ишлаши кишини ҳайратга солади. Ўйлайманки, бу ҳолатни Ички ишлар вазирлиги пухта ўрганиб чиқар. 

Воқеалар содир бўлган ҳудуддаги камераларга тушган ёзувларни олса ҳам ким аслида ҳақиқатни гапираётгани аён бўлади. Мен видеога олганманми йўқми? Мендан аёллар телефонни сўрадими ёки Миллий гвардия ходимларими? Жанжал қандай бошланди. Ҳамкасбларим қачон етиб келди, барча-барчасига ойдинлик шу камераларда. Бошқача бўлиши мумкин эмас. Камералар бор, фақат ўша кунги ёзувларни кўриш керак холос.

ИИБ ходимлари агар шу воқеалар ҳақида материал ёзсам, Келес кўпригидаги 200 нафар мардикор аёллар ишхонам олдига жанжал кўтариб боришларини, мени шарманда қилишлари мумкинлигини айтди. Қизиқ, бу ўзига хос қўрқитувми, шантажми ёки бизда оммавий митингларни Миллий гвардия ва ИИБ уюштирадими?

Офис деразасидан кўчага мўралаб қўяман, милиция ходимлари ваъда қилганидек, ариза ва мақолам ортидан ўша кунги аёллар митинг кўтариб келмадимикан?..

Ва яна бир гап. Профилактика инспектори бизнинг устимиздан ОАВ раҳбариятига хизмат текшируви ўтказиш талаби билан чиқар экан. Майли кутамиз, журналистлар хато қилган бўлса, қонун олдида жавоб берсин. Бунинг оддий усули ўша. Ўша кунги камераларни бир текшириб кўринг, балки текшириб ҳам кўриб улгургандирсиз, ўйламизки ёзувларни ўчириб юбормагансиз.

Анора СОДИҚОВА,
журналист

 

P/S: Куни кеча Миллий гвардия ахборот хизматининг сайтимизда чиққан анонси мазкур тизимга нисбатан янада шубҳаларимизни кучайтиради. “Журналист А.Содиқова томонидан ушбу марказга иш сўраб борган фуқароларни видеотасвирга олаётган вақтида бир гуруҳ аёллар бундан норози бўлиб ўзаро жанжал чиққан ва Анора Содиқованинг телефон аппаратини қўлидан тортиб олишган”.

Қайси кўрсатма ва далилларга нисбатан жиддий давлат органи шундай кўрсатма бермоқда? 

“Олинган хабарга асосан етиб борган Миллий гвардия ҳарбий хизматчилари томонидан барча жанжал иштирокчилари  туман ИИБ га олиб борилган” 

Миллий гвардия қайси олинган хабарга кўра етиб боради? Ахир, жанжални уюштирган, шу воқеаларнинг бош иштирокчиси ўзлари-ку. 

 

Пойтахт атрофидаги мардикор бозорларининг геолокацияси

 

@rost24_uz_bot — Хабар йўлланг. Сизнинг хоҳишингизга кўра ҳар қандай маълумот сир сақланади
37
Изоҳ қолдириш
Изоҳлар
22.06.2022 09:37
Воқеалар ривожи қандай бўлди? Ҳақиқат юзага чиқдими? Давомини қаердан ўқиймиз?
05.01.2022 19:53
Биринчи марта куришим мардикорлар хакида очик маколани .муаллифга рахмат куркмасдан шундай макола езгани учун нега бошкалар курмайди шу оддий хакикатни .ИИБ,ОЛИЙ МАЖЛИС ,СУД ,ТЕЛЕВИДЕНИЕ,ДЕПУТАТЛАР, ХОКИМЛАР кузи курми уларни .бу жуда аянчли холат .аслида халол мехнатни уяти йук .лекин биз кулдорлик жамиятида яшамаяпмизку .Бу бозорда инсонларга кулдек муомила килишади .нега мустакилликдан олдин бунака мпрдикор бозорлари булмаган .12 та вилоятни ахолиси айникса аеллар мардикорга чикиши уят янги Узбекистан учун
03.01.2022 17:06
Блогерларни борига шукр, яхши кунлар келиши учун жафолар чекилади. Биз ишонамизки, Янги Узбекистонда барча конунлар вакти келиб оддий халк учун хизмат килади.
03.01.2022 03:05
йил одами экану
09.06.2021 14:30
Аслида хаммасининг юраги котиб, вахшийлашиб кетган. Булмаса, факат расмга олгани учун хам калтаклайдими? Аёл эмас. Гирт вахший кимсага айланган. Эссиз. Кани бизнинг муслима аёлларимиз.
08.06.2021 19:41
Молодец Анора.гап йук.
06.06.2021 21:51
Uzr so'rattirishsa k.k yaqin orada "uzr orqam oyog'izga tegib ketgani uchun" deb )
05.06.2021 21:11
Ички ишлар ва силовой структурадаги баьзи майда мафиячалар шу органларга нисбатан халкни ишончини йукотган, энди бу исботланган нарса, тулик реформа зарур
04.06.2021 19:49
Assalomu aleykum. Siz ko`rganlaringiz haqiqiy Jamiyatimiz yuzi bu. Ishsizlik va adolatsizlikka ko`milgan jamiyat. Ichki ishlar vazirligini manimcha bu yuz yillikda o`zgarmaydi.. Juda ko`plari oylik va pensiya uchun ishlab yuribdi. Man aminman ba`zi mardikorlar ularning o`zlari mayli boshliqlaridan ko`ra 10 barobar bilimliroq. Bu bizning soliqlarimiz kimlarga berilyotganligidan dalolat beradi. Ammo Milliy Gvardiya bu shunchaki ilmsiz va bilimsiz bolalar yig`ilgan yangi tuzilma. Bunga ham vaqt kerak. Qani Vazirlar va katta katta amaldorlar ham sizday mardlik qilib Xalq ichiga kirib yashasa. Haqiqiy ahvolli ko`zlari bilan ko`rsa.......................... Sizga esa RESPECT
04.06.2021 19:17
Яшанг, Анорахон! Ижодга барака! Худо қўлласин!
04.06.2021 17:36
Daxshat
04.06.2021 16:18
. . .
04.06.2021 15:06
Умид қиламизки, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар бундай нопок ходимларга жазо қўллайди. Янги Ўзбекистон имижига бундай ҳолатлар салбий таъсир кўрсатмайдими? Хориж ОАВсида бу ҳолат ёритилса, халқаро обрўйимиз қолмайди.
04.06.2021 14:05
Sizga jiddiy jarohat yetmadimi hozir ahvoliz yaxshimi?
04.06.2021 13:42
Shuning uchun oliy tabaqa hayotidan tushib, xalq holidan xabar olib turinglarda. Bu oddiy hol.
04.06.2021 09:53
Маколани укиб тугриси хайрон колдим. Находки шунчалик тубан укувсиз саез фикирловчи одамлардан ташкил топган бизнинг ииб сизлардан илтимос шундай ташлаб куйманглар бу ишни . айбдорлар жазоланиши керак.
04.06.2021 07:05
Миллий гвардия ходимининг ишини ИИБ кўрмайди, бу учун прокуратурага арз қилиш керак бўлади, бўлар бўлмас гаплар билан халқни чалғитманг.
04.06.2021 05:26
Бу хали осон қутилганингиз. Энди журналист эмас,оддий фуқаро бўлса, қанақа тухматларга қолиб кетиши мумкин эканлигини билиб олдингиз
04.06.2021 03:18
Вот это поворот...
04.06.2021 03:06
Бу оддий холку, хақиқат йўқ юртимизда. Қисқаси Қиёмат яқин, нима бўлаётганига ақлим етмайди, ўзим бутун умр хизмат қилганман, лекин бундай бебурд харбийларни кўрмаганман. Энн ашаддий жиноятчи хам ўзига эп кўрмайдиган ишлар бўляпти, Астоғфуриллоҳ.
04.06.2021 01:47
Анора Содикова сизга койил колдим лекин, сизда катта юрак бор, хамма журналистларимиз хам сиздек жасур булса эди. Офарин Сизга. Койил.
04.06.2021 00:30
Форманиям шарманда қилди бу...............................................Лар