Мардикорликка чиққан журналист

02.06.2021 07:44

 Анора Содиқова ўз касбини ўзгартирди

БИРИНЧИ КУН

Ҳар куни тонгда уйдан ишга шошилиш бошқа-ю, бугун бозорда менга иш топилармикан, дея мардикор бозорга йўл олиш бошқа экан. 

Тонги соат 05:00. Тошкент вилояти, Назарбек қишлоғига йўл оламан. Бугун журналист эмас, мардикор аёл сифатида уйдан чиқдим. Мақсад “Журналист касбини ўзгартиради” лойиҳаси асосида бозорларда мижоз кутиб, меҳнат қилишга тайёр турган ишчи аёлларнинг бир кунини ҳис қилиш, мардикор аёл бўлиб ўз бошимдан ўтказиш, уларнинг дардини, ўй-ташвишларини билиш. 

Мардикор аёллар ҳақида кўп ёзамиз, репортажлар тайёрлаймиз, лекин уларга қанчалар оғирлигини улар билан яшаб, меҳнат қилиб ҳис қилиш учун мардикор аёл бўлиб кўриш керакдир балки...

Назарбек қишлоғи поезд йўли ёнгинасида ҳар шанба ва якшанба кунлари 30-50 нафар атрофида одам тўпланади. Уларнинг мақсади бир шу бугун мардикор бозорга чиқиб, тузукроқ мижоз топиб, ишлаб уйига пул билан қайтиш. Бу ерда кўпинча дала ишларига чиқувчилар йиғилади. Тадбиркорлар дала ишлари учун асосан аёлларни ёллайдилар. Мавсумга қараб меҳнатга ёлланувчилар ишлари турлича бўлиши мумкин. Картошка терими, памидор, бодринг терими, баҳор вақтларида ягана қилиш, чеканка ва бошқалар… 

Эркакларни одатда оғир ишлар кутади, юк ортиш, ташиш, устачилик, сувоқчилик каби. Ер чопишга ҳам кўпинча аёллар ёлланаверади. Мардикор бозорида аёллар ер чопишни оғир иш деб қарамайди. Бир сотих жойни 50 минг сўмдан 100 минггача чопиб берувчилар ҳам топилади. Россияга йўл ёпиқлиги туфайлими ёки қизғин иш мавсуми бўлгани учунми бозорда одам кўп. 

...Аста-секин аёллар билан танишаман. Турли шевада сўзлаётган, турли ёшдаги аёллар. Уларга боқиб туриб, турмуш пул топиш машаққати нафосат эгаларига ўзини унутишгача олиб боргандек кўринади. Журналистлар гендер тенглиги ҳақида жар солаётганда мардикор бозор аёллари бир кунлик ош-овқатга, ижарага пул топиш учун офтоб тиғида ер чопишгада тайёр. Ишга чиққанимни тушунтираман уларга. Янги келган, кўринишидан қўлидан ҳечвақо келмайдиган “мардикор журналист”ни, уларнинг наздидаги янги ишга келган ҳамкасб билан таниш учун ёнимга келишди. Қандай иш қила олишимни суриштириб кетди. Гапимиз узоққа чўзилмасдан биринчи мижозлар ҳам кўринди. Иссиқхонага помидор теришга аёллар керак экан. Мардикор аёллар бирданига “Дамас” автомобили ойнасига ёпириладилар. Мен нима қилишимни билмай довдирайман. Ёнимда ачиниш билан менга қараб турган аёлнинг айтишича, помидор, бодринг терими у қадар оғир иш эмас, далага нисбатан енгилроқ. Менинг бу ҳолатимда унча-мунча иш тополмаслигига кўзи етиб, ачинган бугунги ҳамкасбларим, бу сафар енгилроқ иш менга ҳам топилганини айтиб, ўзлари билан олиб кетишга қарор қилди. Бозордаги саргузаштим шу билан тезда тугади. Мен бу жойда яна анча вақт қолиб кўп тафсилотларни кўрмоқчи эдим, афсус… 

4 нафар аёл “Дамас”га ўтириб иссиқхонага йўл олдик. Қуёш аямай қиздиряпти, кенг дала, қатор иссиқхоналар. Ҳали шаҳарда тонги юмушлар бошланмасдан, бу ерларда иш қизғин паллага кирган. Мен эса олдимда қандай саргузаштлар кутаётгани ҳақида ҳаёл сураман. Меҳнатда тобланган, умрини, ҳаётини кун кўриш, бир кунлик тирикчилик илинжида ўтказаётган аёллар турмуш тарзи мен ўйлаганимдан кўра оғирроқ эканини ҳис қила бошлайман. 

Иссиқхона ичи дим, ҳаво етишмайди, нафас олишга қийналаяпман. Қўл оёқларим бўйсинмаётгандек, гўё. Атрофдагиларга ўзимнинг ночор ҳис қилаётганимни сездирмасликка уринаман. Қаттиқ чанқаганимга қарамай сирлари кўчган оқ човгумга дамланган қора чойдан ичолмаслигимни биламан. Ҳалигача иш бошлаганим йўқ. Юзларимни рўмол билан беркитаман, офтобда қорайиб кетишим турган гап. Кунда парваришланадиган бу бармоқларим, қора меҳнатга ярармикан, ўйланаман. Ўзимдан уяламан. Аёллар чаққон-чаққон ишга киришади. Мен ҳам қатордан қолмасликка уринаман. Теришни бошлабоқ шеригимни гапга тутаман. “Нима учун мардикорлик қиласиз?” бемаъни ва тутуриқсиз саволим унга ёқмайди. Гапни буриб бошқа мендан узоқроқдаги жўякка кетди.

Йигитлар ёғоч қутиларга газеталарни жойлаб беради. Иссиқхонага бизни ишга олиб келган эркакнинг айтишича, ёғоч қутиларга ўзимизнинг ўзбек газеталарини жойлашади. Сабаби, маҳсулот Россияга етиб боргач, айнан газеталар орқали мижозлар Ўзбекистон қишлоқ хўжалик маҳсулотларини таниб олишар экан. Унинг айтишича, бизнинг маҳсулот уларга ёқади. “Қизил” сарлавҳалар билан тўлдирилган давлат нашри муқовасидан кулиб қараб турган вазир суратининг устига помидорларни тахлай бошлайман. Бу худди мардикор аёлларнинг қийин турмуш тарзига сабаб бўлган ҳукумат вакилларининг аёллар устидан ўзига хос тарзда кулишга ўхшайди. Менинг назаримда юқорида вазирлар ислоҳотлар ҳақида гапиради, ислоҳотлар шамолидан бебаҳра қолаётган мардикор аёллар уларнинг газеталарда тиржайиб тушган суратлари устига помидор бодринг қадоқлайдилар. Гўёки сиз олиб бораётган ислоҳотлар “юзи” шу деяётгандек. Уларнинг ислоҳотидан ва олиб бораётган изчил сиёсатидан четда қолган аёллар билан бугун биргаман. Улар бугунги ўзгаришлардан хурсанд. Улар ҳам худди шу вазирлардек кулишади. Аммо бу аёлларнинг кулгуларида дард, жилмайишига янги ва яхши кунларга умид излаётгандек туюлади менга.

Улар билан тезда чиқишиб кетдим. “Фақат биз тарафда иш йўқ-да”, деб қўяди деновлик аёл. Гурунг бериб ишлашда давом этамиз. Аёллар менга нисбатан чаққонроқ ҳаракат қилиб, қутиларни тез-тез тўлатиб йўлида давом этадилар. Қийналаётганимни кўриб, баъзилари менга ачинади. Ахир қўллари тупроқ кўрмаган, нозикойимнинг сустлашган ҳаракатида, бундай меҳнат билан кун кўриш қийинлигини улар тушунади. 

“20 йилдан бери мардкорлик қиламан. Тирикчиликнинг айби йўқ. Ҳалол меҳнат қилаяпман оилавий мардикорликка чиқамиз. Ўқиш йўқ вақтлари қишлоқдан фарзандларим ҳам келиб қарашади. Бир ўғил уч қизим бор. Ўғлимни шу мардикорчилик билан университетда ўқитдим. У ҳозир Деновда ўқитувчи. Энди қизим ҳам ўқитувчиликка ўқийман, деяпти. Уни ҳам ўқитаман. Бизга ўхшаб мардикорчилик қилмасин, дейманда”.

Меҳнат қилишдан кўра, менга кўпроқ аёлларнинг суҳбати қизиқ. Иш эмас, гап билиш маҳоратимни ишга солиб, яна бир аёлни суҳбатга чорлайман. Қадоқлашга 10 йилдан бери чиқишини айтади. Ўқишга шароит бўлмаган. Умуман олганда шароитдан келиб чиққан ҳолда ўқиш ва яхши иш, лавозим ҳақида орзу ҳам қилмаганини гапиради. 

Қуйи Чирчиқдан "Дамас"да кўпчилик аёллар билан бирга келамиз. Бизнинг иш тайин фақат помидор, бодринг қадоқлашга ва картошка теришга чиқамиз”, дейди у. “Қизлик вақтимдан бери иссиқхоналарга ишга чиққанман. Ҳозир икки фарзандим бор. Ҳамон шу ишдаман. Менга шу иш маъқул. Меҳнатдан қочмайман”, дейди аёл кулиб.

Унинг айтишича, “Дамас”да иссиқхоналарга қатнаб қадоқлаш билан шуғулланиш нисбатан даромадли ва енгилроқ иш. Омади чопиб шу ишга таниш орқали ёлланиб, доимий ишчига айланган. Яна бир аёл доимий шу ишга ёлланиб ишлаши билан мақтаниб шундай дейди: “Вақтида қайнона келин гектар далани 450 минг сўмга чопиб юрган вақтларимиз бўлган. Иссиқхонада сабзовот қадоқлаш энг яхши ишлардан”. Аёлларни ўз ишидан розилиги, бундан ортиғини орзу ҳам қилмагани мени ҳайратлантиради. 

Яна бир аёл турмуш ўртоғи давлат ишида ишлашини айтиб мақтанади. Давлат иши яхшикуя, рўзғорга етмайди, дейди у. Шунинг учун вақти-вақти билан иссиқхонага қадоқлашга чиқиб туришини айтади. Суҳбатдошларим Сурхондарёдан мардикорликка нисбатан кўпроқ аёллар чиқишини, улар бошқаларга нисбатан анча оғир ишларга ҳам чидамлилигини айтишади. Аёлларни гапга солаётганим эса иссиқхона эгасига ёқмайди. Нимадирлар деб тўнғиллайди. Биз гап сотишимиз эмас, тез-тез ишлашимиз керак.

Тушлик вақти овқатландик. Қорним жудаям очганди. Мен чарчагандим, танам ўзимга бўйсинмагандек ҳаракатланмоқда. Қолган вақтини қандай ўтказаман, ҳаёлимда шу фикр. Гапиришга-да мажолим қолмади. Совет даврини эслатувчи идиш ва алюмин қошиқда бир икки қошиқ овқатдан ейишга уриндим. Кеч бўлишини  интизорлик билан кута бошладим. Қани тезроқ кеч бўлса-ю, уйга кетсам. Соат олти бўлиши билан иш тўхтади. Эркаклар ишлашда давом этарди. Биз яна ўша “Дамас”га ўтириб мардикор бозорига қайтдик. Бу чарчоқ ва меҳнатимга яраша 100 минг сўм олдим. Қайтишда, шеригим “Жуда секин ишлар экансиз, бора бора тезлашиб кетасиз”, деди.

Четроқда турган машинамга зўрға етиб олдимда. Яна янги ишимни эртага давом эттиришимни режалаб, уйга қайтдим. Репортажим мукаммал бўлиши учун мардикор бозоридаги тафсилотлар кам эди. Уйга қайтар эканман, эртага бошқа бир ҳудудда эртанги куним қандай ўтишини мен қайдан ҳам билибман.

(Давоми бор… Сайтимизни кузатишда давом этинг.)

@rost24_uz_bot — Хабар йўлланг. Сизнинг хоҳишингизга кўра ҳар қандай маълумот сир сақланади
59
Изоҳ қолдириш
Изоҳлар
11.06.2021 08:26
Rahmat opa.Ayollarni bir kunlik mardikorlikka chiqib qanday qiynalib pul topishini tushunganingiz uchun.Pul topaman deb kechgacha yurgani uchun farzandlari qarovsiz qolib xohlagan ishini qilyapti.Aslida ayollar uyda oʻtirib farzand tarbiyasi bilan shugʻullanishi,turmush oʻrtogʻini oʻzga ayollar bilan yurib ketmasligi uchun ayollik nazokatini,nafosatini saqlab qolishi kerak emasmi?Buning uchun erkaklarga maoshi yaxshi ishlar berilishi kerak.Buni har tomonlama oʻylab koʻrish kerak... .Bu qachon amalga osharkan bilmadim
11.06.2021 08:25
Rahmat opa.Ayollarni bir kunlik mardikorlikka chiqib qanday qiynalib pul topishini tushunganingiz uchun.Pul topaman deb kechgacha yurgani uchun farzandlari qarovsiz qolib xohlagan ishini qilyapti.Aslida ayollar uyda oʻtirib farzand tarbiyasi bilan shugʻullanishi,turmush oʻrtogʻini oʻzga ayollar bilan yurib ketmasligi uchun ayollik nazokatini,nafosatini saqlab qolishi kerak emasmi?Buning uchun erkaklarga maoshi yaxshi ishlar berilishi kerak.Buni har tomonlama oʻylab koʻrish kerak... .Bu qachon amalga osharkan bilmadim
10.06.2021 20:15
Anora opa o'zbek jurnalistikasidagi kamyob qo'llaniladigan usuldan ajoyib tarzda foydalanibsiz. Rahmat zo'r material uchun!
09.06.2021 23:24
siz bir kunda bazo'r chidadiz ular che yillar davomida qora mehnat xattaoki ayolik nazokatini ham esdan chiqarishgam
08.06.2021 07:56
Ajoyib, yana ayollarni qo‘llab quvatlaydigan yaxshi maqolalarni kutib qolamiz
07.06.2021 07:13
100 яхшику биз томонда 60 минг
06.06.2021 21:34
O'zbek ayollarining ko'pchiligi shunday yumushlar bilan ro'zg'or tebratmoqda
06.06.2021 21:33
O'zbek ayollarining ko'pchiligi shunday yumushlar bilan ro'zg'or tebratmoqda
06.06.2021 21:13
Сизга Рахмат оддий халк орасига кириб хаети билан якиндан танишганиз учун.Бу хам бир жасорат.
06.06.2021 16:46
Kuniga 100ming soʻm, zoʻr mani universitetda sirtdan oʻqiyotgan oʻgʻlim shu issiqda gʻisht zavodda 45000 soʻmga ishlab kelyapti,bolamga rahmim keladi,lekin bitta mani oʻqituvchi maoshim kontrakt, roʻzgʻor deganlarida sal kamroq mikin
05.06.2021 09:49
Qoyil Anora, ba'zi joylarida yig'lagisi keldi odamni
04.06.2021 07:52
Afsus jamiyatimiz wunday tepadagilar buni o’qib o’qimaslikka oliwadi afsus
04.06.2021 06:02
Жудаям чироили креатив булибди макола!!! Узбек тилидаги халк сузи газетаси устига терилган помидорлар... Хакикий халкнинг ахволи Хар куни куриб Курмаганга оладиган хакикатни курсатибсиз!
04.06.2021 06:02
Жудаям чироили креатив булибди макола!!! Узбек тилидаги халк сузи газетаси устига терилган помидорлар... Хакикий халкнинг ахволи Хар куни куриб Курмаганга оладиган хакикатни курсатибсиз!
04.06.2021 01:55
Rahmat
04.06.2021 00:59
.
04.06.2021 00:59
.
04.06.2021 00:58
Эх эссиз... бу бой давлатнинг ночор аёллари... оксуяк амалдорлари ва монополлари узлари учун карорлар чикариб бойиётган, уларнинг хотинлари ва болалари машинасини инстаграмда куз-куз килаётган, кора халкнинг эркаклари чет элда кора ишчи, аёллари эса нон топиш илинжида иш излаб кун кураётган, бу бечораларнинг болалари эса буюк келажак хакидаги уйдирмаларга ишониб узи билмаган холда узини Россияга арзон ишчи килиб тайёрлаётган хеч ким укимайдиган газеталардаги "буюк халк"миз.
04.06.2021 00:58
Эх эссиз... бу бой давлатнинг ночор аёллари... оксуяк амалдорлари ва монополлари узлари учун карорлар чикариб бойиётган, уларнинг хотинлари ва болалари машинасини инстаграмда куз-куз килаётган, кора халкнинг эркаклари чет элда кора ишчи, аёллари эса нон топиш илинжида иш излаб кун кураётган, бу бечораларнинг болалари эса буюк келажак хакидаги уйдирмаларга ишониб узи билмаган холда узини Россияга арзон ишчи килиб тайёрлаётган хеч ким укимайдиган газеталардаги "буюк халк"миз.
04.06.2021 00:55
Matonatingizga qoyil. Mazza qilib o'qidim. davomini intizorlik bilan kutaman
04.06.2021 00:50
Молодец Анора! Сизга таъзим
03.06.2021 15:07
Ислоҳот деб мақтанмиз-у бу материал ислоҳотга яққол баҳо беради
03.06.2021 15:05
тан олинмаган ҳақиқат
03.06.2021 14:31
Ассалому алайкум Давомини кутамиз
02.06.2021 21:18
Yaxshimisiz qaniydi boshqalar xam siz kabi boshqalani dardi bilan yashasa ... Xozirgi paytda .
02.06.2021 20:23
ASSALOMU ALAYKUM. Postni o'qib, bir narsaga ajablandim, sababi ziyoli insonlar ham faqat kun ko'rish uchun emas orzu havas uchun ishlashadimi degan savol aylanayapti miyamda.
02.06.2021 20:18
Давомини ёздизмии . Баракаллаа рахмат шу аёллар номидан
02.06.2021 19:03
Qoyil shu jurnalist qizga! Anoraxon ishlarizga omad hech ham og'riqli mavzularni olib chiqishdan charchamang!
02.06.2021 15:59
Эх шу нарсаларни тепада кандиор хоналада утирганла кайдан билсин
02.06.2021 15:59
Эх шу нарсаларни тепада кандиор хоналада утирганла кайдан билсин
02.06.2021 15:59
Эх шу нарсаларни тепада кандиор хоналада утирганла кайдан билсин
02.06.2021 15:47
Улар билан квартирасига ҳам боринг энди кўпроқ малумотлар ўша ёқда
02.06.2021 15:44
Sizni kuzatishda davom etamiz, to'g'ri yo'ldasiz,inson qiynalgan insonlarni ko'rganda faqat bir gapni aytishi kerak:"Uning o'rnida men bo'lishim ham mumkin edi"
02.06.2021 15:42
Xalq dardini,hayotini,orzu-armonlaruni bilmagan,tushunmagan odam rahbar bo'lishga noloyiq.
02.06.2021 12:07
Сабр токат,ишларингизда ривож.хакикат хамиша шиорингиз булсин, омад.