Ёхуд 100 минглаб ишбилармон аёлларга ёрдам берган ассоциация жамоаси бугун ўзи ёрдамга муҳтож
Охирги бир неча йил ичида “Тадбиркор аёл” Ўзбекистон ишбилармонлар ассоциациясига 100 мингга яқин аёллар мурожаат қилишган ва уларнинг асосий қисмининг муоммолари ечилган. Бугун эса ассоциация жамоасининг ўзлари ёрдамга муҳтож бўлиб турибди. Улар фаолият кўрсатаётган бино таъмирланаётгани муносабати билан бинони тарк этишга мажбур бўлмоқда.
“Тадбиркор аёл” Ўзбекистон ишбилармон аёллар ассоциацияси 1991 йилда мамлакатимизда аёллар тадбиркорлик ҳаракатини ривожлантириш мақсадида ташкил этилган бўлиб, ҳудудлар бўйича 78 та давлат рўйхатидан расман ўтказилган филиалларига, 200 нафар бизнес тренерлари ва тадбиркор аёлларни ҳар томонлама фаолиятларида қўллаб-қувватлаш тизимига эга.
2014 йили Вазирлар Маҳкамасининг фармойишига асосан Ассоциация Фурқат кўчаси 1 уйдаги 9 қавватли бинонинг 5 қавватидан жой берилган. Бугун эса бино тубдан таъмирланаётгани учун ассоциация ходимлари бинони тарк этишга мажбур бўлмоқда.
“Тадбиркор аёл” ассоциацияси жамоаси ОАВ ходимларини таклиф этиб, юзага келган муоммо ҳақида маълумот берди.
Бугунгача хорижий молиявий институтлар ва маҳаллий ҳамкорлар кўмагида юзлаб таълим дастурлари амалга оширилиб, 200 минг нафардан ортиқ хотин-қизлар бизнес асосларига ўқитилган. 50,3 минг нафар хотин-қизлар тадбиркорлик малакасига эга бўлиб, уларнинг 80 фоизи иш билан банд бўлди. 43 минг нафар аёл бизнес юритиш асослари ва методикасига ўргатилиб, ўз бизнесларини ташкил эта олди. 100 минг нафардан ортиқ вақтинча ишсиз аёллар меҳнат бозоридаги харидоргир касбларга йўналтирилган.
Яна бир муҳим маълумот, ассоциация бирон марта давлат бюджетидан маблағ олмаган. Ташкилот ходимлари бугун ноиложликдан иш қуролларини йиғиб кўчмоқда, аммо бино таъмирдан сўнг ўзларининг қадрдон ишхонасига қайтиб келишга умид қилаётир.