РАСМИЙ МУНОСАБАТ: ДХХ биноси аукцион савдосига қўйилиши мумкин эмас

07.05.2021 14:18

Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги ҳузуридаги Маданий мерос департаменти хулосаси

Rost24.uz ахборот сайти таҳририяти Давлат активларини бошқариш агентлиги томонидан бошланғич баҳоси 1 сўм нархда оммавий савдога қўйилган собиқ Миллий хавфсизлик хизматининг бош қароргоҳи юзасидан журналистик суриштирув ўтказган эди.

Суриштирув асосида сайт мухбирлари томонидан мазкур бино қонунга хилоф равишда савдога қўйилгани қайд этилиб, Тошкент шаҳри Сайилгоҳ кўчасида жойлашган ушбу МХХнинг собиқ бош қароргоҳи Ўзбекистоннинг моддий маданий мероси объектлари рўйхатига киритилгани баён қилинганди.

Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги ҳузуридаги Маданий мерос департаменти Ишчи гуруҳ тузиб мазкур мақолада келтирилган далилларни ўрганди.

***

www.rost24.uz сайтида чиққан “Маданий мерос сифатида рўйхатга олинган ДХХ собиқ биносининг сотилиши қонунга хилоф”  хабари эълон қилинган эди.

2021 йил 28 апрель куни Маданий мерос департаментининг ишчи гуруҳи Тошкент шаҳар, Юнусобод тумани, Буюк Турон кўчаси, 29-уй манзилида жойлашган 4 қаватли бино (ДХХ биноси)ни тарихий-маданий экспертизадан ўтказиш мақсадида бино жойлашган ерга чиқиб қуйидагиларни аниқлади:

Иншоотларнинг тўплами бир яхлит мажмуа ҳолда сақланиб қолган. Шулардан энг тарихий аҳамиятга эга бўлган қисми 1950 йилларда қурилган маъмурий бинодир. Қолган иншоотлар 1970-2000 йиллар давомида босқичма-босқич қурила бошланиб, бир мажмуадай ҳолга келган. 

Мажмуа иншоотларнинг бир қисми тарихий-меъморий жиҳатдан қийматлидир. Хўжалик мақсадларида қурилган иншоотлар меъморий жиҳатдан қийматга эга эмас.

Ҳозирги кунда тарихий-меъморий қийматли қисми 1950 йилларда қурилган Буюк Турон кўчасига асосий тарз билан жойлашган маъмурий иншоотдир.

Бино 1950 йилларга хос классик усулида барпо этилган. Унинг тарзида шу меъморий йўналишга хос порталлар, калонналар ва мураккаб капителлар ишлатилган. 

Бинонинг ўрта порталли қисм асосий кириш жойи мақсадида ишлатилган. Шу кўчада жойлашган чекланувчи 2 та қисм ҳам колоннали мураккаб ордерли безакларга эга.

Иншоотнинг ички қисми ҳозирги кунда таъмирланиб, ўзгариб кетган бўлса ҳам деворларда ва шифтларда ўймакорлик ишлари намуналари сақланиб қолган.

Бинонинг тарх хусусиятлари шу даврда хос галереяли қилиб қурилган. Конструктив қийматлари шундан иборатки, девор қалинлиги ташқи қисмда 60-80 сантиметргача етган, ички деворлари 60 сантиметр.

Бино мустаҳкам қурилган. Унинг меъморий жиҳатдан қийматлиги 
1950 йиллардаги архитектура йўналишларининг намуналари ҳисобланади.

Шаҳарсозлик нуқтаи назардан бинонинг Буюк Турон кўчасида жойлашган тарзи ҳамда яқин масофада турган Князь Романовнинг иншооти билан бир ноёб ансабмлни ташкил қилади.

Сайёҳлар учун бу қизиқарли бир меъморий тўплам бўлиб, унда Тошкентнинг 1880 йилдан то 1950 йилгача архитектура йўналишларини яхлит намунаси сифатида кўрсатиб беради.

“Собиқ марказий бино ҳудуди” бино ва иншоотларининг бошқа қисмлари ҳам меъморий-тарихий қийматга эга. Масалан, Сайилгоҳ кўчасида жойлашган маъмурий бино 1970 йилларда барпо этилган бўлиб, унда шу даврга хос меъморий йўналишлар ишлатилган. Қисман қуёш нурига қарши деразаларнинг конструкциялари 1970-80 -йилларнинг бир намунали деб ҳисобласа бўлади.

Матбуотчилар кўчасида жойлашган маъмурий бинода 1950 йилларда қурилган иншоотнинг стилистик йўналиши ишлатилган. Жумладан, классик усулга хос кўпгина элементлар вужудга келган. 

Шу бинонинг ҳовли қисми тарзида ҳам классика усуллари ишлатилган. 

Ҳовли қисмда мавжуд бўлган ошхона ва хўжалик иншоотлари яқин вақт ичида қурилган бўлиб, меъморий-тарихий қийматга эга эмас.

Маданий мерос департаментининг илмий экспертиза кенгаши шундай хулоса чиқарган: 

1. Буюк Турон кўчасида жойлашган 1950 йилларда барпо этилган маъмурий бино тарихий ва меъморий жиҳатдан сақланишга мувофиқдир ва уни миллий моддий-маданий мероснинг кўчмас мулк объектлари миллий рўйхатида қолдириш зарур.

2. Шу бинонинг қисми ён-атрофида жойлашган Князь Романовнинг саройи билан бир яхлит меъморий туристик объект деб ҳисоблансин.

3. Мажмуанинг Сайилгоҳ ва Матбуотчилар кўчаларида жойлашган маъмурий қисмлари ҳам ўз қийматига эгадир ва уларни ҳам меъморий тарихий объект сифатида сақланиши мақсадга мувофиқдир.

4. Иншоотлар конструктив жиҳатдан ҳам мураккаб ишланган ва узоқ муддат фойдаланиш  мумкин.

Объект Моддий-маданий мероснинг кўчмас мулк объектлари миллий рўйхатида қолдириш юзасидан қарор қабул қилинган. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 4 октябрь санасидаги 846-сонли қарорига кўра, Давлат хавфсизлик хизматига тегишли бўлган “Марказий бино” архитектура ёдгорлиги сифатида рўйхатга олинган ҳамда ушбу қарорда мазкур бино бадиий ёки ўзга маданий қимматлилиги туфайли унга гаров ва ипотека қўлланилиши мумкин эмас. 

Ўзбекистон қонунчилигига кўра, давлатга тегишли бўлган моддий маданий меросни сотувга қўйиш қонун билан тақиқланган. 

“Маданий мерос объектларини муҳофаза қилиш ва улардан фойдаланиш тўғрисида”ги Қонуннинг 23-моддасига кўра, давлат мулкида турган моддий маданий мерос объектлари давлат тасарруфидан чиқарилиши ва хусусийлаштирилиши мумкин эмас.

Маданий мерос департаменти

***

ТАҲРИРИЯТДАН: Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги ҳузуридаги Маданий мерос департаменти хулосаси асосида rost24.uz ахборот сайти таҳририяти Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратурасига Тошкент шаҳри Сайилгоҳ кўчасида жойлашган МХХнинг собиқ бош қароргоҳи Ўзбекистоннинг моддий маданий мероси объектлари рўйхатига киритилганини ҳисобга олиб ҳамда  Маданий мерос департаментининг илмий экспертиза кенгаши чиқарган хулоса асосида бинони очиқ аукцион савдосидан олинишини ўрганиб чиқилишини сўрайди.

@rost24_uz_bot — Хабар йўлланг. Сизнинг хоҳишингизга кўра ҳар қандай маълумот сир сақланади
2
Изоҳ қолдириш
Изоҳлар
10.05.2021 10:46
👏👏👏
08.05.2021 12:23
молодцы
08.05.2021 04:44
Бошқа жойлар сотилиб бўлиб энди навбат ҳукумат идораларигами. Ҳаммасини сотинглар армонларинг қолмасин. Идораларни контейнерларга кўчиринглар.