Унга “Узр, ўлган бўлсангиз, мурожаатингизни қабул қила олмаймиз”, мазмунида жавоб берилган
Самарқанд вилояти Булунғур туманида истиқомат қилувчи Бибимарям Холботаева тирик бўлишига қарамай, 4 йилдан буён расмий тизимларда “вафот этган” шахс сифатида қайд этиб келинмоқда. Бу ҳақда аёлнинг ўзи Instagram саҳифасида маълум қилди.
Бибимарямнинг айтишича, муаммо 2022 йил 14 август куни биринчи фарзандини туғиш учун туғруқхонага борганидан кейин бошланган. Ўша пайтда у сунъий туғруқни бошидан кечирган, бироқ чақалоқ нобуд бўлган. Боланинг ўлимига сабаб сифатида онанинг ўлими кўрсатилиб, Бибимарям маълумотлар базасидан чиқариб юборилган.
Аёл бу ҳолатни кейинги йили яна туғруқхонага борганида билган.
Мен тирик инсон бўлганим билан, ўша ҳудудда ўлик одам бўлиб юрибман. Бу нарсани мен кейинги йил туғруқхонага борганимда билиб қолдим. Менга “Базада чиқмаяпсиз, фуқаро, сиз ўликсиз”, дейишди, — дейди Бибимарям.
Унинг сўзларига кўра, муаммони ҳал қилиш учун турмуш ўртоғи туғруқхона бўлимига борган. Шифокор билан учрашувда эса хатолик айнан улар томонидан кетгани тан олинган ва кичик қоғозга тегишли тилхат ёзиб берилган.
Эри ушбу тилхатни шаҳарга олиб борган. Шундан сўнг амаллаб иккинчи фарзандига туғилганлик гувоҳномаси олинган. Кейинчалик Бибимарямнинг турмуш ўртоғи унинг маълумотларини текшириш учун паспорт столига ҳам мурожаат қилган. Бироқ муаммо бартараф этилмаган.
“Face ID” тизимида ҳамон Бибимарям “тирик эмас” деб кўрсатилган.
Аёлнинг айтишича, оилага ҳужжатлар тўғриланиши ваъда қилинган. Аммо орадан уч йил ўтиб, у кредит олиш учун банкка мурожаат қилганида, паспорт маълумотлари яна “ўлик” сифатида қайд этилгани маълум бўлган.
“Ўлган фуқаро, тирик эмас, деб чиқади. Бизга “бўлди, ҳужжатингиз ҳал бўлади”, дейишди. Лекин уч йил ўтгандан кейин кредит олиш мақсадида банкка бориб, паспортимни берсам, Face IDда яна “ўлик” чиқяпман, — дея вазиятни тушунтирган Бибимарям.
Муаммо шу билан чекланмаган. Бибимарям MyGov иловаси орқали ўзининг вафот этгани ҳақидаги гувоҳномани ҳам юклаб олган. Аёл мазкур муаммо юзасидан Президент қабулхонасига ҳам мурожаат қилган. Бироқ унга “Узр, ўлган бўлсангиз, мурожаатингизни қабул қила олмаймиз”, мазмунида жавоб берилган.
Шу тариқа, 2022 йилда туғруқхонада йўл қўйилган хатолик Бибимарямнинг шахсий маълумотларида ҳанузгача бартараф этилмаган. Натижада тирик инсон расмий тизимларда тўрт йилдан буён “вафот этган” шахс сифатида қайд этиб келинмоқда.
Расмийлар муносабати
Самарқанд вилояти соғлиқни сақлаш бошқармаси ҳолат юзасидан ўрганиш ўтказди.
Аниқланишича, Булунғур туманида яшовчи, 2001 йилда туғилган М.М. 2022 йил 18 август куни оғир ҳолатда, бачадондан қон кетиши сабабли туғуруқ бўлимига мурожаат қилган.
Тиббий текширувларда ҳомиланинг она қорнида нобуд бўлгани аниқланган. Шундан сўнг аёлга зарур тиббий ёрдам кўрсатилган ва нобуд бўлган ҳомила туғдириб олинган. Ҳолат белгиланган тартибда антенатал ўлим сифатида қайд этилган.
Бироқ маълумотларни электрон базага киритиш вақтида даволовчи шифокор Раъно Ғофурова томонидан техник хатога йўл қўйилган. Натижада аёлнинг паспортидаги ЖШШИР рақами нобуд бўлган ҳомиланинг маълумотларига бириктириб қўйилган.
2023 йилда М.М. иккинчи фарзанди учун туғилганлик ҳақидаги гувоҳномани олиш жараёнида айнан шу хатолик сабабли муаммога дуч келган. Туман тиббиёт масъуллари ва ФҲДЁО органлари ходимлари томонидан электрон базадаги хатолик бартараф этилган.
Шунингдек, 2023 йил охирида М.М.га янги ID-карта расмийлаштирилишида ҳеч қандай муаммо ёки тўсиқ юзага келмаган.
Самарқанд вилояти соғлиқни сақлаш бошқармаси маълум қилишича, ҳолат юзасидан тегишли ташкилотлар билан ҳамкорликда электрон маълумотлар базасидаги Face ID тизими билан боғлиқ камчиликларни бартараф этиш чоралари ҳам кўрилган.