Сайтимизда “Чироқчида Агробанкдан кредит олиш ўлим билан баробар (+ВИДЕО)” сарлавҳаси остида танқидий мақола эълон қилган эдик. Мурожаатлар асосида тайёрланган мазкур мақолада Агробанкнинг Чироқчи филиалидан аҳоли кредит олишга қийналаётганлиги баён этилган эди.
Орадан икки кун ўтиб Агробанкнинг Чироқчи филиали раҳбарияти томонидан мурожаатчилар муаммолари қонуний ўрганилиб чиқилгани баён этилган жавоб хати келди.
Ушбу жавоб хатини тўлалигича эълон қилишни лозим топдик:
Rost24.uz ахборот-таҳлилий сайтида 2021 йил 1 апрель куни “Чироқчида Агробанкдан кредит олиш ўлим билан баробар (+ВИДЕО)” сарлавҳаси билан билдирилган фикр-мулоҳазалар юзасидан қуйидагиларни маълум қиламиз.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 24 октябрдаги ПҚ-4498-сон “Оилавий тадбиркорликни ривожлантириш давлат дастурлари доирасида амалга оширилаётган лойиҳаларни кредитлаш тартибини такомиллаштиришнинг қўшимча чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорида 2020 йил 1 январдан бошлаб дастурларни молиялаштириш учун ресурслар ажратган Ўзбекистон Республикасининг Тикланиш ва тараққиёт жамғармаси ҳамда Жамғармалар ресурсларининг 2020-2022 йилларда сўндириладиган қисми ҳар ойда ваколатли банклар (Агробанк, Микрокредитбанк ва Халқ банки)га дастурлар доирасидаги лойиҳаларни молиялаштириш учун йўналтирилиши белгиланган.
Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 27 мартдаги “Оилавий тадбиркорликни ривожлантириш давлат дастурлари доирасида амалга ошириладиган қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги ПҚ-5041-сон қарорида белгиланган мақсадли параметрларга асосан 2021 йилда ажратиладиган кредитларнинг 45 фоизи дастурлар доирасида аввал ажратилган кредитларнинг қайтарилиши натижасида ваколатли банкларда шакллантириладиган ресурс маблағлари ҳисобидан ажратиб борилиши кўзда тутилган.
Қарорга асосан Дастур координаторлари томонидан ҳақиқий эҳтиёждан ҳамда шакллантирилган лойиҳаларнинг истиқболи ва қўшимча иш ўринлари яратишга йўналтирилганлигидан келиб чиққан ҳолда ажратилаётган ресурслар Дастурлар, ваколатли банклар ва ҳудудлар кесимида тезкор қайта тақсимлаб борилади.
Хусусан, мақсадли параметрларга асосан жорий йилда “Агробанк” АТБ Чироқчи филиали томонидан оилавий тадбиркорликни ривожлантириш дастурлари доирасида
15,123 млрд. сўм миқдорида имтиёзли кредитлар ажратилиши режалаштирилган.Шундан, 1-чоракда 3,781 млрд. сўмлик кредитлар ажратилиши кўзда тутилган бўлиб, амалда 4,96 млрд. сўмлик кредитлар берилди (чораклик режа 131 фоизга бажарилди).
Ҳозирда оилавий тадбиркорликни ривожлантириш дастурларига асосан банк филиали томонидан ажратилган кредитлар бўйича муддатида қайтарилмаган қарздорликлар 2,58 млрд. сўмни ташкил қилмоқда. Имтиёзли кредитларга талаб кўплигини инобатга олган ҳолда, бу каби муаммоли қарздорликлар айрим ҳолларда ўз-ўзидан ресурс тақчиллигини ҳам юзага келтирмоқда.
Муҳтарам Президентимизнинг юқорида кўрсатилган қарорларига асосан сўнгги йилларда оилавий тадбиркорликни ривожлантириш ва аҳоли бандлигини таъминлаш дастурларини амалга ошириш бўйича орттирилган тажрибалар асосида янада соддалаштирилган тизим жорий этилди.
Унга кўра, 2021 йил 1 апрелдан бошлаб аҳоли ва тадбиркорлик субъектларининг кредит олиш учун аризалари Оилавий тадбиркорликни ривожлантириш дастурлари ягона электрон платформаси орқали қабул қилинади.
Оилавий тадбиркорликни ривожлантириш дастурлари ягона электрон платформаси – дастурлар доирасидаги лойиҳаларни молиялаштиришда шаффоф механизм яратишга, фуқароларга кредит ажратилишида ортиқча оворагарчиликларни олдини олишга, қарор қабул қилиш тизимининг ҳар бир босқичини назорат қилишга, секторлар ва тижорат банкларининг дастурдаги фаолиятини баҳолашга ҳамда фуқароларнинг тадбиркорлик кўникмаларини оширишга имкон беради.
Бунда, кредит олувчига дастурлар доирасида кредит олиш бўйича ҳар бир босқичда қабул қилинган қарор тўғрисида Электрон платформа орқали маълумот бериб борилади.
Кредит олувчи танлаган маҳсулот етказиб берувчи (иш бажарувчи) ташкилот (таъминотчи) томонидан маҳсулот етказиб берилгандан (иш бажарилганидан) сўнг, кредит маблағлари таъминотчига ажратиб берилади.
Шу билан бирга, чорвачиликни ривожлантириш учун имтиёзли кредит олувчиларга қуйидагиларни таъкидлаб ўтамиз.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 7 июндаги “Ҳар бир оила-тадбиркор” дастурини амалга ошириш тўғрисида”ги ПҚ-3777-сон қарорида махсус фермалар томонидан чет элдан маҳсулдорлиги юқори бўлган наслдор қорамол, эчки ва қуён зотларини олиб келиш, кўпайтириш ҳамда вилоятнинг табиий-иқлим шароитларига мос зотларини яратиш, молларни сунъий қочиришнинг илғор технологияларини жорий этиш, мазкур фермаларда маҳаллий шароитга мослаштирилган наслдор қорамол, эчки ва қуён зотларининг кўргазмаларини ташкил этиш ва аҳоли хоҳишига асосан уларни танлов асосида мақбул нархларда сотиб олинишига замин яратиш вазифалари белгиланган.
Шунга мувофиқ, дастурлар доирасида чорвачиликни ривожлантириш учун имтиёзли кредит маблағлари фақат четдан келтирилган маҳаллий шароитга мос наслли чорва молларини харид қилиш учун таъминотчиларга пул ўтказиш йўли билан ажратилади. Бунда, асосий эътибор сут йўналишидаги қорамол (ғуножин мол), совлиқ қўй ва эчки сотиб олишга қаратилади.
Шунингдек, Rost24.uz ахборот-таҳлилий сайтида кредит олиш масаласида қийналаётганлигини баён қилинган фуқаро билан учрашиб, унинг масалалари ўрганиб чиқилди.
Ўрганиш давомида фуқарога таъминотчи томонидан наслдор чорва етказиб берилгандан сўнг, банк филиали томонидан кредит маблағи ажратиб берилиши тушунтирилди.
Фуқаро томонидан қайд этилган масала бўйича зарур тушунчага эга бўлганлиги ва банк филиалига эътирози йўқлигини билдириб, тушунтириш хати тақдим этилди.
Оилавий тадбиркорликни ривожлантириш дастурлари доирасида кредитлар ажратиш бўйича банк филиали томонидан зарур чоралар кўриб борилишини маълум қиламиз.
О.УМРЗОҚОВ,
“Агробанк” АТБ Чироқчи
филиали бошқарувчиси.