Чироқчида Агробанкдан кредит олиш ўлим билан баробар (+ВИДЕО)

01.04.2021 09:41

Агробанк Чироқчи филиали одамларни сарсон-саргардон қилмоқда.

Аҳоли Агробанкнинг Чироқчи филиалига қатнайвериб калишлари ейилиб кетган. 

Қашқадарё вилояти Чироқчи тумани аҳолисининг дардига қулоқ тутсангиз кўпчилиги кредит олиш масаласида қийналаётганини баён қилишади.

Уларнинг дардига қулоқ тутамиз:

“Ҳокимиятдан, прократурадан мутасаддилар келиб тадбиркорлик қилиш учун кредит олишимизни маслаҳат беришади. Дафтарларига бир нималарни ёзиб кетишади. “темир дафта”лар тузишади, ҳисобот учун узундан-узун рўйхатлар тузишади. Аммо Агробанкка борсак, сарсон-саргардон қилишади.

Сўраган ҳужжатларини тахлаб папка қилиб топширамиз. Эрта келинг, индин келинг лимит йўқ, рухсат йўқ, захира тугади деган навбатчи сўзлар бошланади.

Агробанкнинг Чироқчи бўлими раҳбарининг ошқозонига йўл топа олмасангиз қанча елиб югурманг бари бир бефойда.” – деди туну кун кредит дардида юрган одамлар.

Наҳотки, Агробанк раҳбарлари шу даражада “Ўзи хон, кўланкаси майдон” бўлганмикин деган қизиқиш билан банкнинг Чироқчи филиалига бордик. Ичкарига киришингиз билан “Халқ фаровонлиги фаолиятимиз мезони” деган баландпарвоз гапга кўзингиз тушади. Бироқ негадир ҳар тарафга “Тасвирга ва суратга олиш таъқиқланади” белгиси осиб ташланган.

Бу белги аслида икки тоифали обеъктларга қўйилади: биринчиси – стратегик тоифадаги обеъктлар бўлса, иккинчиси – коррупция авж олган жойлардир. Биз билганимиз шуки, аҳолига хизмат кўрсатувчи банк стратегик обеъкт эмаслиги аниқ.

Аслида ҳар тарафга қўйиб ташланган бу белгинининг ўзи Агробанкнинг қандай фаолият олиб боришидан ва банк ходимларининг савиясидан тилсиз сўзлайди. 

Ичкарида эса тилларда достон Агробанкнинг ҳақиқий кўриниши намоён бўлади. Кўмак ва мадад истаб келган одамларнинг дод-войи, оҳу-фарёдига гувоҳ бўласиз. 

Одамлар банкка ишониб иссиқхона қурдирган, қудуқ қаздирган. Аммо пулдан эса дарак йўқ. Уч-тўрт марталаб ҳужжат йиғиб топширган. Аммо ҳужжатлар йўқолиб кетаверган. Йўқолмаганлари ҳам бор. Уларнинг эса ойлаб кутиш натижасида муддати ҳам ўтиб кетган. 

Бизда йиғилган кўплаб саволларга жавоб олиш ниятида Агробанкнинг Чироқчи филиали раҳбари билан гаплашмоқчи бўлдик. Аммо раҳбар жойида йўқ. Раҳбар эса ҳар доимгидек, аҳолининг саволларига берадиган жавоблари йўқлиги боис хонасининг эшигини очиқ ҳолда қолдирар экан. 

Чироқчи аҳолси асосан чорвачиликка ихтисослашган. Шу боис аксарият одамлар чорвачилик билан шуғулланмоқчи бўлиб таъминотчига борса, таъминотчи банкдан пул ўтказиш бўйича кафолат сўрамоқда, банк эса “кафолат хатини Республикадан беради, улар эса бермаяпти” деган баҳоналар билан одамларни ойлаб алдаб келмоқда.

Яна бир оддийгина лек тушуниб бўлмайдиган парадокс: Таъминотчи банкдан кафолат сўрайди, банк эса олган молини мониторинг қилиши керак эмиш. Кафолат бўлмаса, мол йўқ... Қисқаси, одамлар банк билан таъминотчи ўртасидаги йўлда умр ўтказмоқда. Русларда бир мақол бор:  У кольца нет конца.

Банк пул бермаслик учун молларни фақат таъминотчидан олиш керак деган шартни қўймоқда. Бунга чидаса бўлар балки. Аммо таъминотчи берадиган шохли моллар хорижники бўлиши шарт деган талаб одамларни кредит олишдан умид узишга мажбур қиляпти. Иқтисодий тарафдан олиб қарайдиган бўлсак, банкнинг бу талаби қанчадан-қанча валютанинг четга чиқиб кетишига хизмат қилишдан ўзгасига ярамайди.

Умуман олганда банк пул бермаслик учун баҳоналарни қалаштириб ташлайверади. Пул эса пули борларга берилмоқда. Чунки улардан  қайтариб олиш осон. Маблағи йўқ эса алдовларга ишониб яна ўша “темир дафтар”ларда яшашга маҳкум.

Президентимиз одамлар ўзини-ўзи банд қилиши учун имконият яратайлик деб жон куйдирмоқда. Чироқчида эса Агробанк 20-30 миллион сўм олиб ўзини-ўзи банд қилмоқчи бўлганларни 20-30 км масофага ҳар куни қатнашга мажбур қилиб уларнинг қимматли вақтини банд қилмоқда. 20-30 миллион сўм кредит одамларни бой қилиб юбормаслиги мумкиндир. Аммо одамлар яшаши учун курашга етадиган шу маблағни ҳам улардан дариғ тутмаслигимиз керак.

Кредит масаласида қийналаётган Чироқчи аҳолисининг муаммосини енгил қилиш учун ҳали бу мавзуга яна қайтамиз. Кейинги сафар алоҳида махсус кўрсатув тайёрлашни мақсад қилдик.

@rost24_uz_bot — Хабар йўлланг. Сизнинг хоҳишингизга кўра ҳар қандай маълумот сир сақланади
7
Изоҳ қолдириш
Изоҳлар
02.04.2021 04:30
Мен хам омонат куймокчи эдим лийкин ишонч юк бизни банкга
01.04.2021 14:45
Мени ҳам хусусий корхонамни ҳисоб рақамим агробанкда хисоб рақамимдан ишчиларимга ойлик иш хаққи утказаман десам жуда қийналаман у ходимдан бу ходимга учрашаман хуллас эрталаб утгазган утказмалар кечга ёки эртасига куринади агар буш вақтим купроқ бўлиб бошида турсам 2-соат ичида тушади маъсулият нима эканлигини билмайди ёки ишидан безиб қолган ё бўлмаса рахбар бушроқ
01.04.2021 12:29
Katta rahmat Usha kiridetni olish uchun manham yugiriverib ochigi charchaganman uzi kiridet beriladimi yuqmi ishonmay quydim
01.04.2021 12:20
Чироқчини бошқа банки ҳам ундан баттар, эга йўқ деса бўлади.
01.04.2021 12:17
Kredit olishni yengillashtirsa buladimi uzi shunaqilila
01.04.2021 12:17
Kredit olishni yengillashtirsa buladimi uzi shunaqilila