«Бунёдкор»нинг Навоийга бора олмагани битта клуб эмас, бутун ўзбек футболи учун сигнал

02.08.2026 13:54

Ўзбекистон футболи тарихида турли молиявий инқирозлар бўлган. Клублар тугатилган, номини ўзгартирган, ҳомийсини йўқотган ёки мавсумни қийинчилик билан якунлаган ҳолатлар ҳам учраган. Аммо мамлакатнинг энг нуфузли мусобақаси бўлган Суперлигада қатнашувчи жамоанинг ўйинга бориш учун йўл харажатини топа олмай қолиши сўнгги йилларда деярли кузатилмаган воқеа.

«Бунёдкор»нинг молиявий қийинчиликлар туфайли Навоийга бора олмаслиги ва Профессионал футбол лигаси томонидан унга техник мағлубият ёзилиши ўзбек профессионал футболининг молиявий модели қандай аҳволга келиб қолганини кўрсатувчи жиддий сигнал.

Бу клуб оддий клуб эмас. Бир пайтлар «Бунёдкор» нафақат Ўзбекистон, балки бутун Осиё футболида энг катта бюджетга эга жамоалардан бири эди. 

2008 йилда клубга йирик инвестор кириб келгач, «Бунёдкор» нафақат Ўзбекистон, балки бутун Осиёда энг катта бюджетли клублардан бирига айланди. Луис Фелипе Сколари, Ривалдо, Зико каби жаҳон футболи юлдузлари билан шартнома имзоланди. Британиянинг BBC, Испаниянинг Marca, Reuters, ESPN каби нашрлари ўша йиллари Тошкент клубини Осиё футболининг янги бой лойиҳаси сифатида таърифлаган эди. Самуэль Это'Ога қисқа муддатга келиш учун 25 миллион доллар таклиф қилингани ҳақидаги хабарлар ҳам халқаро матбуотда кенг муҳокама қилинган. Гарчи трансфер амалга ошмаган бўлса-да, бу рақам клубнинг ўша пайтдаги молиявий имкониятлари ҳақида тасаввур беради.

Бу ҳолат йиллар давомида тўлиқ бозор иқтисодиётига ўта олмаган ўзбек клуб футболи тизимининг натижасидир. Мамлакатдаги аксарият профессионал клублар ҳали ҳам маҳаллий бюджет, давлат корхоналари ёки битта ҳомийга қаттиқ боғланган. Даромаднинг асосий манбаи чипта сотуви, телеҳуқуқлар, мерчендайзинг ёки трансфер сиёсати эмас, балки ташқи молиялаштириш бўлиб қолмоқда.

Футбол иқтисодиётида эса энг хавфли модель ҳам шу. Ҳомий кетиши ёки молиялаштириш қисқариши билан бутун тизим издан чиқади.

Бугун Европа ёки Япония, Жанубий Корея каби ривожланган футбол мамлакатларида клуб бюджети бир нечта манба ҳисобига шаклланади. Телетрансляция ҳуқуқлари, маркетинг, стадион тушумлари, академиялар, трансферлар ва хусусий инвестициялар клуб иқтисодиётининг асосини ташкил этади. Ўзбекистонда эса клубларнинг молиявий ҳисоботлари ҳам жамоатчилик учун деярли ёпиқ. Клуб қанча даромад топди, қанча маблағ сарфлади, қарздорлиги қанча, бу саволларга аксарият ҳолларда жавоб йўқ.

Шу нуқтаи назардан қараганда, «Бунёдкор» воқеасига техник мағлубият сифатида эмас, тизим инқирозининг белгиси сифатида қараш лозим.

Суперлига лицензиялаш талаблари клубларнинг молиявий барқарорлигига ҳам алоҳида эътибор қаратишни назарда тутади. Демак, бугунги вазият Профессионал футбол лигаси ва Ўзбекистон футбол ассоциацияси учун ҳам жиддий хулоса чиқаришга асос бўлиши керак. Агар клуб мавсум давомида футболчилар маошини ўз вақтида тўлай олмаса ёки ҳатто сафар харажатини қоплай олмайдиган аҳволга тушса, демак, лицензия бериш жараёнида молиявий барқарорлик мезонлари янада қатъий кўриб чиқилиши зарур.

«Бунёдкор» ҳали ҳам Ўзбекистон футболининг энг катта брендларидан бири ҳисобланади. Бу клуб мамлакатга чемпионликлар, Осиё Чемпионлар лигасидаги ёрқин иштироклар ва кўплаб машҳур футболчиларни берган. Шунинг учун унинг бугунги аҳволи нафақат мухлисларни, балки бутун футбол жамоатчилигини ўйлантириши керак.

«Бунёдкор»нинг муаммоси ҳеч қачон футбол сифатида бўлмаган. Муаммо иқтисодий моделда эди. Клубнинг катта қисми мустақил даромад ҳисобидан эмас, битта йирик ҳомий маблағлари эвазига яшади. Европада йирик клублар даромадининг асосий қисми телеҳуқуқлар, маркетинг, чипта савдоси ва трансферлар ҳисобига шаклланади. «Бунёдкор»да эса, бу механизмлар тўлиқ шаклланмагани учун ҳомий маблағи қисқариши билан бутун тизим издан чиқа бошлади.

AFC клубларни лицензиялаш тизимида молиявий барқарорликка алоҳида талаб қўяди. Клублар муддати ўтган қарздорликка эга бўлмаслиги, футболчилар ва мураббийлар олдидаги мажбуриятларни вақтида бажариши, фаолиятини давом эттира олиш қобилиятини исботлаши керак. Агар бу талаблар қатъий ишлаганида, вазият бир неча ойлаб маош олмаган футболчилар ҳақидаги хабарлар ёки клубнинг ички чемпионат учрашувига бориш учун маблағ тополмай қолишигача етиб келмаслиги керак эди.

Бир вақтлар миллионлаб долларлар сарфланган клубнинг бугун йўл ҳақига ҳам муҳтож бўлиб қолгани шунчаки молиявий инқироз эмас, бу ўзбек футболининг сўнгги ўн беш йиллик тараққиёт модели қайта кўриб чиқилиши кераклигини кўрсатади.

Балки «Бунёдкор» воқеаси ўзбек футболи учун оғриқли, аммо фойдали дарс бўлар. Бу воқеа профессионал футболни бюджет ёки битта ҳомий ҳисобидан эмас, иқтисодий жиҳатдан мустақил клублар орқалигина ривожлантириш мумкинлигини кўрсатади. Акс ҳолда, бугун «Бунёдкор» билан юз берган ҳолат эртага бошқа клубда ҳам такрорланмаслигига ҳеч ким кафолат бера олмайди.

М. Ворис

@rost24_uz_bot — Хабар йўлланг. Сизнинг хоҳишингизга кўра ҳар қандай маълумот сир сақланади
0
Изоҳ қолдириш
Изоҳлар