Ярим йилда 506 минг киши ишга жойлаштирилди, аммо рақамлар ортида саволлар бор

25.08.2026 18:59

Ўзбекистонда 2026 йилнинг биринчи ярмида 506 минг нафар аҳоли доимий ишга жойлаштирилган. Яна 546 минг нафар норасмий банд фуқаронинг фаолияти легаллаштирилган. 2,6 миллиондан ортиқ кишининг даромади оширилган.
Бу рақамлар 25 август куни Олий Мажлис Қонунчилик палатасида ҳисобот берган Бош вазир ўринбосари, иқтисодиёт ва молия вазири Жамшид Қўчқоров томонидан маълум қилинди.


Бир қарашда натижалар салмоқли. Аммо рақамларга чуқурроқ қаралса, савол пайдо бўлади: яратилган иш ўринларининг қанчаси ҳақиқатан ҳам барқарор ва етарли даромад келтиради?
 
Ҳар куни қарийб 2,8 минг киши доимий ишга жойлашган. Яъни, 506 минг нафар кўрсаткични олти ойга тақсимласак, кунига ўртача 2,8 мингга яқин киши доимий ишга жойлаштирилгани келиб чиқади.


Бундан ташқари, маҳаллалар ихтисослашувини чуқурлаштиришга қаратилган 104 мингта микролойиҳа ишга туширилган. Улар орқали яна 246 минг нафар аҳолининг бандлиги таъминланган.
37,8 мингга яқин янги кичик бизнес субъекти ташкил этилган.


Шу билан бирга, 546 минг кишининг норасмий меҳнати легаллаштирилган. Чунки, бу янги иш ўрни яратилганини эмас, аввалдан мавжуд бўлган фаолият расмий меҳнат муносабатларига ўтказилганини англатади.
Демак, “506 минг киши ишга жойлаштирилди” ва “546 минг киши меҳнати легаллаштирилди” рақамларини бир хил натижа сифатида қабул қилиш тўғри эмас.
 
Ҳукумат ҳисоботига кўра, йил бошида 4,8 фоиз бўлган ишсизлик даражаси биринчи ярим йиллик якунига келиб 4,5 фоизга тушган.
Камбағаллик даражаси ҳам 4,5 фоизгача пасайгани маълум қилинди. Шунингдек, 2 756 та маҳалла “камбағалликдан холи” ҳудудга айлантирилган.


“Ижтимоий реестр”даги 227 мингта камбағал оилага даромадини оширишга қаратилган 300 мингта хизмат кўрсатилган.
Бироқ, камбағаллик даражаси пасайгани одамларнинг даромади реал равишда қанчага ошганини англатади?
Миллий статистика қўмитаси 2026 йил учун бир киши ҳисобида минимал истеъмол харажатларини ойига 715 минг сўм этиб белгилаган. Бу кўрсаткич камбағаллик чегарасини аниқлаш ва ижтимоий ёрдамга муҳтож аҳолини белгилашда мезон сифатида ишлатилади.
Шунинг учун камбағаллик статистикаси билан бирга аҳоли даромадларининг реал ўсиши, инфляциядан кейинги харид қобилияти ва яратилган иш ўринларидаги ўртача иш ҳақи ҳам очиқ кўрсатилиши муҳим.
 
Бу ҳисоботдан бир неча ой олдин парламентда айнан аҳолини иш билан таъминлаш ва қўллаб-қувватлаш учун ажратилган маблағлардан фойдаланиш самарадорлиги танқид қилинган эди.
Жумладан, депутат Сайёра Имомова 2025 йилда ишсизлик нафақаси ва моддий ёрдам учун бюджетдан ажратилган маблағларнинг 75 фоизи ишлатилмаганини маълум қилган. Субсидия учун ажратилган маблағларнинг эса атиги 27 фоизи ўзлаштирилгани айтилган.
Айниқса, ҳоким ёрдамчилари тавсияси асосида 40 минг нафар хотин-қизга субсидия ажратиш режалаштирилган бўлса-да, амалда уларнинг 7 минг нафари бу имкониятдан фойдаланган. Яъни режадаги 40 минг кишининг тахминан 17,5 фоизигина субсидия олган.
Бандлик вазирлиги буни маблағ ажратиш механизмлари ўзгаргани билан изоҳлаган. Хусусан, самараси паст деб баҳоланган 14 турдаги субсидия бекор қилиниб, уларнинг ўрнига фоизсиз ссудалар ва бошқа молиявий механизмлар жорий этилгани билдирилган.
Демак, бугунги 506 минглик натижани баҳолашда фақат “қанча киши ишга жойлаштирилди” деган савол билан чекланиш етарли эмас.
 
Қўчқоров ҳисоботига кўра, 2026 йил январь–июнь ойларида Ўзбекистон ялпи ички маҳсулоти реал ҳисобда 8,5 фоизга ўсган.
Бу даврда давлат бюджети харажатлари 205,6 триллион сўмга етган.
Яна бир муҳим рақам: Миллий статистика қўмитаси маълумотларига кўра, 2026 йил биринчи ярмида асосий капиталга 338,9 триллион сўм инвестиция ўзлаштирилган. Бу 2025 йилнинг шу даврига нисбатан 17,5 фоиз кўп. Унинг 235,6 триллион сўми хорижий инвестициялар ва кафолатланмаган хорижий кредитлар ҳисобига тўғри келган.
Яъни, иқтисодий фаоллик, инвестициялар ва иш билан таъминлаш бўйича бир вақтнинг ўзида ижобий динамика қайд этилмоқда.

Қизиқ, бу иш ўринларининг қанчаси хусусий секторда яратилди, қанчаси бюджет ташкилотларига тўғри келади, ўртача маош қанча, шартномалар қанча муддатга тузилди ва уларнинг қанчаси олти ойдан кейин ҳам сақланиб қолади?
546 минг норасмий ишчининг легаллаштирилиши ҳам ижобий кўрсаткич. Аммо уларнинг расмийлаштирилиши билан бирга меҳнат ҳуқуқлари, ижтимоий ҳимоя ва барқарор даромад даражаси қандай ўзгаргани ҳам очиқланса, натижанинг ҳақиқий самараси яхшироқ кўринади.
Чунки, иш ўрни яратишнинг ўзи етарли эмас. У одамнинг ҳаётини яхшилайдиган даражада даромадли ва барқарор бўлиши керак.
Бугунги ҳисобот иқтисодиётда ижобий силжишлар борлигини кўрсатмоқда. Аммо, бу рақамларнинг ортида турган одамларнинг реал даромади ва турмуш даражаси қанчага яхшиланганини кўрсатиш лозим.
Шунда 506 минг иш ўрни ҳақиқатан ҳам 506 минг янги имкониятми ёки статистикадаги яна бир катта рақамми, буни баҳолаш осонроқ бўлади.

@rost24_uz_bot — Хабар йўлланг. Сизнинг хоҳишингизга кўра ҳар қандай маълумот сир сақланади
0
Изоҳ қолдириш
Изоҳлар