Янги энергетика вазири янги ваъдалардан эмас, эски миллиардларни ҳисоблашдан бошлаши керак

31.07.2026 09:34

Ўзбекистонда яна энергетика вазири алмашди. Бу мамлакат иқтисодиётининг энг оғир соҳаларидан бирига янги раҳбар келаётганини англатади. Энергетика нафақат электр ва газ таъминоти, балки инвестициялар, саноат, тадбиркорлик, инфляция ва аҳоли турмуш даражаси билан чамбарчас боғлиқ тизимдир.

Аммо янги вазир ишни яна янги стратегиялар, янги дастурлар ёки навбатдаги мегалойиҳалардан бошласа, эҳтимол, аввалги хатолар яна такрорланади. Бугун соҳага энг керакли нарса янги ваъдалар эмас, эски ваъдаларнинг тақдири ҳақида жамоатчиликка ҳисоб беришдир.

Сўнгги олти йилда энергетика соҳаси мамлакатда энг кўп инвестиция жалб қилинган тармоқлардан бири бўлган. Президент чиқишларида энергетикага миллиардлаб доллар инвестиция киритилаётгани, янги электр станциялари қурилаётгани, қайта тикланувчи энергия манбалари жадал ривожланаётгани, хусусий инвесторлар жалб қилинаётгани бир неча бор таъкидланди. Расмий маълумотларга кўра, 2020–2025 йиллар давомида соҳага жалб қилинган инвестициялар ўнлаб миллиард доллар билан ўлчанади. Шу даврда қуввати минглаб мегаватт бўлган иссиқлик, қуёш ва шамол электр станциялари бўйича лойиҳалар бошланди, халқаро молия институтлари ва хусусий инвесторлар билан юзлаб келишувлар имзоланди.

Бироқ, миллиардлар сарфланганига қарамай, аҳолининг саволлари, муаммолари ҳамон тугамади, камаймади, аксинча, кўпайиб бораётгандек. Нега ҳар қиш фаслида электр узилишлари яна кун тартибига чиқади? Нега газ босими билан боғлиқ муаммолар ҳануз бартараф этилмаган? Нега тадбиркорлар электр энергияси узилишлари сабаб ишлаб чиқаришини вақтинча тўхтатишга мажбур бўлади? Агар инвестициялар кутилган самарани берганида, бу саволлар бугун долзарб бўлмаслиги керак эди.

Жамоатчилик миллиардлаб долларлик лойиҳалар ҳақида эшитди, аммо уларнинг натижалари бўйича тўлиқ ва тизимли ҳисоботни кўрмади. Қайси объектлар ўз вақтида фойдаланишга топширилди? Қайси қурилишлар кечикди? Қайси лойиҳаларнинг қиймати қайта кўриб чиқилди? Қайси объектлар ҳали ҳам тўлиқ қувват билан ишламаяпти? Бу саволларга жавоблар тарқоқ маълумотлар кўринишида берилди, холос.

Шу боис, янги вазирнинг биринчи қарори янги қурилиш эмас, балки тўлиқ аудит бўлиши керак. Бу аудит сўнгги йилларда энергетика соҳасига жалб қилинган давлат маблағлари, ташқи кредитлар ва хусусий инвестицияларни қамраб олиши лозим. Ҳар бир йирик лойиҳа бўйича қуйидаги маълумотлар очиқланиши мақсадга мувофиқ: дастлабки қиймат қанча эди, якунда қанча маблағ сарфланди, ишлар белгиланган муддатда тугадими, объект бугун қандай қувватда ишлаяпти ва у режалаштирилган иқтисодий самарани бердими?
Бугунги кунда Ўзбекистон энергетика соҳасидаги энг оғриқли парадокслардан бири шундаки, мамлакат бир вақтнинг ўзида миллиардлаб доллар инвестиция жалб қилаётган, янги электр станциялари қураётган ва шу билан бирга, электр ҳамда газ танқислиги ҳақида мунтазам гапираётган давлатга айланди.

Табиий газ соҳасида ҳам вазият жиддий. Сўнгги йилларда газ қазиб чиқариш ҳажми пасайиб борди. Оқибатда, Ўзбекистон аввал экспорт қилган ҳажмларни қисқартириб, кейин эса қўшни давлатлардан газ импорт қилишга ўтди. Буни фақат геологик омиллар билан изоҳлаш етарли эмас. Бу соҳада инвестициялар қай даражада самара бергани, конларни модернизация қилиш ишлари қандай ташкил этилгани ва стратегик режалаштириш қай даражада тўғри бўлгани ҳам таҳлил қилиниши шарт.
Электр тармоқларидаги техник ва тижорат йўқотишлари ҳам ҳануз долзарб муаммо бўлиб қолмоқда. Халқаро молия институтлари ҳисоботларида ҳам Ўзбекистон электр тармоқларини модернизация қилиши ва рақамлаштиришни жадаллаштириши зарурлиги қайта-қайта таъкидланган. Чунки ишлаб чиқарилган энергиянинг сезиларли қисми истеъмолчига етиб бормасдан йўқотилади. Бу эса қўшимча газ сарфи, қўшимча харажат ва қўшимча инвестиция талаб қилади.

Энергетика мамлакатдаги энг катта молиявий оқимлар айланадиган соҳалардан бири бўлса-да, жамоатчилик кўплаб йирик лойиҳалар ҳақида тўлиқ маълумотга эга эмас. Қайси компания қайси тендерда ғолиб бўлгани, қандай мезонлар асосида танлангани, қурилиш жараёнида смета неча марта ўзгаргани ёки объектларни қабул қилишда қандай баҳолаш ўтказилгани каби маълумотлар очиқ эълон қилинса, соҳага бўлган ишонч ҳам ортади.
Собиқ раҳбарият фаолиятига баҳо бериш учун битта мезон етарли: сарфланган маблағлар аҳоли турмушида қай даражада сезилди? Агар бу инвестициялар кутилган даражада ишлаганида, мамлакат ҳар қиш мавсумида энергетика бўйича фавқулодда чоралар кўришга эҳтиёж сезмасди. Демак, муаммо маблағ етишмаслигида эмас, балки маблағларни режалаштириш, бошқариш ва назорат қилиш тизимида бўлса керак.

Энергетика соҳасида раҳбарлар алмашиши анъанага айланмаслиги керак. Ҳар бир раҳбар ўзидан кейин аниқ ҳисобот қолдириши лозим. Қайси ваъдалар берилди? Қайси бири бажарилди? Қайси лойиҳалар нега кечикди? Қайси қарорлар кутилган натижани бермади? Бу саволларга очиқ жавоб берилмас экан, навбатдаги вазир ҳам аввалги муаммолар меросини қабул қилаверади.


Янги вазир олдида турган энг катта вазифа яна бир йирик электр станцияси қуриш эмас. Энг катта вазифа — тизимга ишончни қайтариш. Бу эса, навбатдаги баландпарвоз баёнотлар билан эмас, балки очиқ аудит, молиявий ҳисобдорлик, мустақил таҳлил ва жамоатчилик олдидаги шаффоф ҳисобот билан бошланади. Энергетика соҳасида ҳақиқий ислоҳот янги лойиҳалар қуришдан эмас, аввал эски лойиҳаларнинг натижасини ҳисоблашдан бошланади.

М. Ворис

@rost24_uz_bot — Хабар йўлланг. Сизнинг хоҳишингизга кўра ҳар қандай маълумот сир сақланади
0
Изоҳ қолдириш
Изоҳлар