1 сентябрдан Ўзбекистонда нималар ўзгарди? Иш ҳақи, автобус, кредит ва субсидиялар бўйича янги тартиблар

02.09.2026 19:44

1 сентябрдан Ўзбекистонда аҳоли, тадбиркорлар, қишлоқ хўжалиги ва ижтимоий соҳаларга дахлдор бир қатор янги қоидалар кучга кирди. Айрим тўловлар ошди, тадбиркорлар учун имтиёзли кредитлар ва янги субсидиялар жорий этилди, автобусларда йўл ҳақини тўлаш тартиби қатъийлашди.

Иш ҳақи ва стипендиялар 7 фоизга оширилди

2026 йил 1 сентябрдан бюджет ташкилотлари ходимларининг иш ҳақи ҳамда стипендиялар 7 фоизга оширилди. Шу санадан меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдори ойига 1 млн 360 минг сўм, базавий ҳисоблаш миқдори эса 440 минг сўм этиб белгиланди. Ошириш билан боғлиқ харажатлар давлат бюджети ҳисобидан қопланади. 
Бунда пенсия ва нафақаларнинг 7 фоизга оширилиши 1 июлдан амалга кирганини ҳам таъкидлаш керак. Яъни бу тўловлар сентябрдан эмас, июлдан янги миқдорларда тўланмоқда. 

Паррандачилик учун 10 фоизли кредит
Паррандачилик хўжаликлари, парранда омухта еми ишлаб чиқарувчи тадбиркорлар ва «тайёр бизнес» лойиҳалари учун 1 сентябрдан йиллик 10 фоиз ставкада кредитлар ажратилади.
Маблағлар Тикланиш ва тараққиёт жамғармасидан «Микрокредитбанк»ка йўналтирилади. Янги кредитлар 10 йилгача муддатга, айрим лойиҳалар учун 4 йиллик имтиёзли давр билан берилиши белгиланган. Муҳими, мазкур шартлар фақат 1 сентябрдан кейин янги расмийлаштириладиган кредит шартномаларига татбиқ этилади. 

Наслдор қорамол боққан хўжаликларга субсидия
Чорвачиликда ҳам янги молиявий рағбатлантириш механизми ишга тушди. 2026 йил 1 сентябрдан 2030 йил 1 январгача наслчилик хўжаликларига идентификация қилинган урғочи наслдор қорамолларни сақлаш харажатларининг бир қисмини қоплаш учун субсидия берилади.
Субсидия миқдори босқичма-босқич ҳисобланади:
биринчи наслдор урғочи бузоқ олинганда — 1,5 млн сўм;
иккинчи бузоқ олинганда — 2 млн сўм;
бузоқ 12 ойликкача сақланса — 1 млн сўм;
12 ойдан 18 ойликкача сақланса — яна 1 млн сўм.
Маблағлар давлат бюджети ҳисобидан Аграр соҳада тўловлар агентлиги орқали ажратилади. 

Қишлоқ хўжалигида субсидиялар «бир қўл»га жамланмоқда
1 сентябрдан Қишлоқ хўжалигини давлат томонидан қўллаб-қувватлаш жамғармасининг айрим субсидияларни ажратиш ваколати Аграр соҳада тўловлар агентлигига ўтказилди.


Бу механизм пахта хом ашёсини биржа орқали сотиш билан боғлиқ айрим харажатларни қоплаш, шунингдек, пахта-тўқимачилик кластерлари ва ип-калава ишлаб чиқариш занжирига эга корхоналарга ўз маблағи ҳисобидан харид қилинган пахта хом ашёси қийматининг бир қисмини қоплаш каби чораларни ҳам қамраб олади. 

Автобусга чиқдингизми, йўл ҳақини дарҳол тўланг
1 сентябрдан брутто-шартнома асосида ишлаётган шаҳар автобусларида йўл ҳақини автобусга чиқиш вақтида тўлаш талаб этилади.


Йўловчи транспорт картасини валидаторга теккизиши, банк картаси, смартфон ёки бошқа контактсиз тўлов воситаларидан фойдаланиши мумкин. Имтиёзли ёки бепул юриш ҳуқуқига эга бўлганлар ҳам ижтимоий ёки транспорт картасини валидатор орқали тасдиқлаши керак. 


Агар йўловчи чиқиш вақтида тўловни амалга оширмаса ёки имтиёзини тасдиқламаса, у чиптасиз юрган деб ҳисобланади.
Назорат ҳам кучайтирилади: Транспорт назорати инспекцияси ва шаҳар йўловчи ташишни мониторинг ва назорат қилиш давлат муассасаси ходимлари чиптасиз йўловчиларни тўғридан-тўғри автобус салонида текшириши мумкин. 
БҲМ 1 сентябрдан 440 минг сўм этиб белгилангани ҳисобга олинса, 0,1 БҲМ миқдоридаги жарима 44 минг сўмни ташкил этади.

Алоҳида таълим эҳтиёжлари бўлган болаларга янги ёрдам
1 сентябрдан алоҳида таълим эҳтиёжлари бўлган болалар билан «оилабай» ишлаш тизими йўлга қўйилди.


3 ёшдан 18 ёшгача бўлган болаларнинг таълим эҳтиёжларини аниқлаш, уларни баҳолаш ва давлат таълим муассасаларига йўналтириш «Инсон» ижтимоий хизматлар марказлари ҳузуридаги Болани комплекс баҳолаш гуруҳлари зиммасига юкланади.
Коррекцион синф ташкил этиб, умумий ўрта таълим хизматини кўрсатадиган нодавлат таълим ташкилотларига ҳар бир ўқувчи учун субсидия берилади. Унинг миқдори Тошкент шаҳрида 4 млн 840 минг сўм, вилоятлар марказлари ва Нукус шаҳрида 4 млн 180 минг сўм, бошқа туман ва шаҳарларда эса 3 млн 740 минг сўм этиб белгиланган. 

Ичимлик суви лойиҳалари электрон назоратга ўтади


1 сентябрдан «Ўзсувтаъминот» АЖга фойдаланиш учун топшириладиган барча ичимлик ва оқова сув инфратузилмасини ривожлантириш лойиҳалари махсус электрон платформада акс эттирилади.
Янги тизим лойиҳаларни мониторинг қилиш ва улар бўйича манзилли рўйхатларни келишиш жараёнларини рақамлаштиришга қаратилган. Шунингдек, халқаро молия институтлари ва хорижий ҳукумат молия ташкилотларининг кредит ва грант маблағларини жалб қилиш имкониятларини кенгайтириш кўзда тутилган. 

Одам савдосидан жабрланганлар учун ёрдам маҳаллага яқинлашади
1 сентябрдан одам савдосидан жабрланган ёки жабрланган деб тахмин қилинаётган шахсларни аниқлаш ва уларга ёрдам кўрсатишда «Инсон» ижтимоий хизматлар марказларининг роли кучайди.
Эндиликда маҳалла ва туман даражасида жабрланганларнинг ҳолати баҳоланиб, улар ижтимоий, психологик, ҳуқуқий, тиббий ва бошқа хизматларга йўналтирилади. Дастлабки идентификация қилиш ваколати ҳам «Инсон» марказлари, ихтисослашган муассасалар ва айрим нодавлат нотижорат ташкилотларига берилди. 


Бундан ташқари, Қорақалпоғистон, Қашқадарё, Самарқанд ва Фарғонада одам савдосидан жабрланган хотин-қизлар ҳамда уларнинг вояга етмаган фарзандларини қабул қилиш учун ҳудудий марказларда қўшимча 40 та ўрин яратилади.

@rost24_uz_bot — Хабар йўлланг. Сизнинг хоҳишингизга кўра ҳар қандай маълумот сир сақланади
0
Изоҳ қолдириш
Изоҳлар