Пулли йўллар: Қозоғистонда 37 сўм, Ўзбекистонда 714 сўм – нега?

26.08.2026 12:19

Ўзбекистонда пулли йўллар даври бошланди. 25 августдан Урганч-Хива пулли автомобиль йўлида тўлов тизими тўлиқ ишга тушди. Биринчи пулли йўлимиз пайдо бўлди ва унинг нархи ҳам маълум.

Енгил автомобиль учун Урганч-Хива йўналишининг тўлиқ қисмига 25 минг сўм, «Туркманли» маҳалласидан Хивагача бўлган 28 километрлик қисқа йўналишга эса 20 минг сўм белгиланган. 3,5 тоннагача бўлган енгил юк машиналари, автобуслар ва 3,5-12 тоннали юк машиналари учун тўлов мос равишда 40 минг ва 25 минг сўм.

Урганч-Хива янги йўли 35 километр. Демак, енгил автомобиль учун тариф тахминан 714 сўм/километр чиқади. Қисқа 28 километрлик участкада ҳам 20 минг сўмдан келиб чиқиб, тахминан шунинг ўзи 714 сўм/километр.

Бугун Ўзбекистонда пулли йўлнинг биринчи реал «нарх ёрлиғи» мана шу.

Айтиш керакки, Урганч-Хива йўли оддий таъмирланган шоссе эмас.

Лойиҳа доирасида 35 километрлик тўрт полосали йўл, битта ерости туннели, 8 та йўл ўтказгич, 15 та кўприк ва 106 та сув ўтказиш иншооти қурилган. Йўлнинг ўтказувчанлик қуввати суткасига 30 мингдан ортиқ автомобилни ташкил этади. Йўл қопламасининг умумий қалинлиги 87 сантиметрга етган.

Мавжуд йўл орқали Урганчдан Хивага боришга 45-50 дақиқа кетса, янги йўлда бу вақт 15-17 дақиқагача қисқаради. Яъни, ҳайдовчи тахминан ярим соатдан кўпроқ вақтни тежайди. Максимал тезлик 150 км/соатгача белгиланган.

25 минг сўм кўпми ёки камми?

Бу саволга Урганч-Хиванинг ўзига қараб жавоб бериш қийин. Шунинг учун қўшниларга қарайлик.

Ўзбекистонда янги пулли йўллар бўйича энг муҳим қоида энди қонун даражасида белгилаб қўйилди.

5 августда янги таҳрирдаги «Автомобиль йўллари тўғрисида»ги қонун қабул қилинди. Унга кўра, пулли автомобиль йўли ташкил этилиши учун унга боғлиқ ҳудудлар ўртасида лозим даражадаги ва фойдаланиш ҳолатидаги муқобил бепул йўл бўлиши шарт. Пулли йўлни қуриш, реконструкция қилиш ва ундан фойдаланиш ҳақидаги қарорни Президент ёки Вазирлар Маҳкамаси қабул қилади.

Бу жуда муҳим принцип.

Чунки пулли йўлнинг ўзи муаммо эмас.

Муаммо «пул тўламасанг, қаердан юрасан?» деган саволга жавоб бўлмаса бошланади.

Урганч-Хива мисолида давлат расман муқобил бепул йўл мавжуд бўлишини шарт қилиб қўйган. Янги йўл эса асосан тезлик ва вақтни сотяпти.

Шу нуқтадан қараганда, моделнинг мантиғи бор.

Пулинг бор ва вақтинг қадрлими, 25 минг сўм тўлаб, 15-17 дақиқада бор.

Вақтинг бор, лекин пулни тежамоқчимисан бепул муқобилдан фойдалан.

Эндиги энг катта лойиҳалардан иккитаси Тошкент-Самарқанд ва Тошкент-Андижон йўналишларида.

Тошкент-Самарқанд пулли муқобил йўли қурилишига 2026 йил 22 июлда старт берилди. Янги йўлнинг узунлиги 282 километр, олти полосали бўлади. Лойиҳа қиймати қарийб 2,2 миллиард доллар.

Бу жуда катта рақам.

Оддий ҳисобда 2,2 миллиард долларни 282 километрга бўлсак, бир километр қурилиш қиймати қарийб 7,8 миллион доллар чиқади. Бу капитал харажат, молиялаштириш, кўприклар, йўл ўтказгичлар, инфратузилма ва бошқа харажатларни ўз ичига олади.

Транспорт вазирлиги ва Автомобиль йўллари қўмитаси вакиллари аввалроқ пулли йўлларда тўлов километрига 5 центдан кам бўлишини айтган. Якуний тариф эса, молиялаштириш шартлари, хусусий шерик ва лойиҳанинг амалга ошириш муддатига боғлиқ бўлиши таъкидланган.

26 августдаги Марказий банк курси бўйича 1 доллар 11 778,52 сўм. Демак, 5 цент тахминан 589 сўм.

Яъни, ҳозирги маълумотлардан келиб чиқсак, келажакдаги катта пулли йўллар учун айтилган ориентир 589 сўм/кмдан паст.

Урганч-Хивадаги амалдаги тариф эса 714 сўм/км.

Бу жуда қизиқ тафовут.

Демак, ҳозир амалда ишлаётган биринчи пулли йўлимиздаги километр нархи келажакдаги Тошкент-Самарқанд ва Тошкент-Андижон учун айтилган 5 центлик юқори ориентирдан ҳам баланд.

Урганч-Хива кичикроқ лойиҳа. Унинг трафиги, қурилиш қиймати, инвестиция модели, концессия шартлари ва харажатларни қоплаш механизми Тошкент-Самарқанд ёки Тошкент-Андижон билан бир хил эмас.

Нега биринчи пулли йўлда километр нархи бундай?

Тошкент-Андижон пулли автомобиль йўли концепцияси 2025 йил январда тасдиқланган, тендернинг биринчи босқичи эълон қилинган ва малакавий таклифлар қабул қилинган.

Лойиҳанинг умумий узунлиги турли босқичларда 314 километр атрофида кўрсатилган. Биринчи босқичда Тошкентдан Қамчиқ довонигача бўлган 171 километрлик қисм назарда тутилган.

Бундан ташқари, Тошкент-Чорвоқ йўналишида ҳам пулли йўл режалари муҳокама қилинган. 2026 йил бошида мамлакатнинг Қашқадарё, Наманган, Бухоро ва Сурхондарё ҳудудларида ҳам йирик пулли йўл лойиҳалари пайдо бўлиши ҳақида хабарлар тарқалди. Лекин уларнинг барчаси бўйича ҳозирча Урганч-Хивадагидек аниқ тариф ва амалдаги ҳаракат режими бор, деб бўлмайди.

Демак, Ўзбекистон пулли йўллар тизимига энди кириб келяпти.

Шунинг учун биринчи йўлдаги нарх биз учун оддий тариф эмас.

У прецедент.

Энди Сариағашдан Чимкентга қарайлик

Қозоғистонда Шимкент-Ўзбекистон чегараси йўли 84 километрлик пулли участка. Бу Ўзбекистонга кириб-чиқадиган машиналар учун ҳам жуда таниш йўналиш. Участка 2021 йил ноябрдан пулли тартибда ишлайди. Расмий ҳужжатларда унинг узунлиги 84 километр ва I-б тоифали экани кўрсатилган.

2025 йилда эълон қилинган тариф маълумотида енгил автомобиль учун ушбу 84 километрлик участка ҳақи 120 тенге бўлган.

Бу дегани:

120 тенге / 84 км = тахминан 1,43 тенге/км.

26 август 2026 йилда Қозоғистон Миллий банки курси бўйича 1 доллар 458,48 тенге, Ўзбекистон Марказий банки курси бўйича 1 доллар 11 778,52 сўм.

Шу курслар бўйича 120 тенге тахминан 3 080 сўм.

Демак, Шимкент-Ўзбекистон чегараси йўлида:

84 километр учун тахминан 3 минг сўм.

Ўзбекистонда Урганч-Хивада:

35 километр учун 25 минг сўм.

Километр ҳисобида эса:

Қозоғистон – 37 сўм/км.

Ўзбекистон – 714 сўм/км.

Фарқ қарийб 19 баравар.

Қозоғистон тарифлари МРП ва норматив формулалар асосида ўзгариб туради, шунинг учун турли йилларда 90, 120 тенге ва бошқа рақамлар учрайди. Шу сабабли солиштиришда қайси санадаги тариф олинганини кўрсатиш шарт. 2026 йил учун Қозоғистонда МРП 4 325 тенге қилиб белгиланган.

Лекин ҳатто тариф ўзгаришларини ҳисобга олсак ҳам, Ўзбекистондаги 714 сўм/км билан Қозоғистондаги тариф ўртасидаги улкан фарқ сақланиб қолади.

Нега?

Россияда пулли йўллар анча қиммат.

Масалан, М-12 «Восток» Москва-Қозон йўналишида 2026 йил 2 мартдан тарифлар оширилган. «Автодор» маълумотларига кўра, Москвадан Қозонгача бўлган йўл учун биринчи тоифали енгил автомобиль тарифи 5 250 рублга етган. Шу йўналишда амалдаги ўртача тариф 7,3 рубль/км, қонун билан белгиланган юқори чегара эса 11,12 рубль/км.

26 августда Ўзбекистон Марказий банки курси бўйича 1 рубль 138,96 сўм.

Шундай қилиб, Россияда М-12нинг 7,3 рубль/кмлик амалдаги тарифи тахминан 1 014 сўм/км.

Ўзбекистонда пулли йўллар Қозоғистондан жуда қиммат, Россиядан эса ҳозирча арзонроқ.

Аммо, бу нарх аҳоли даромадига нисбатан қанча? Пулли йўл нархини фақат доллар ёки километрда солиштириш ҳам тўлиқ манзарани бермайди. Чунки уч давлат аҳолисининг даромадлари бир хил эмас. Ўзбекистонда 2025 йил якуни бўйича ўртача ойлик номинал иш ҳақи 6,38 млн сўм бўлган. Қозоғистонда 2026 йил биринчи чорагида ўртача ойлик 461,5 минг тенге, медиана иш ҳақи эса 331,5 минг тенгени ташкил этган. Россияда шу даврда ўртача ойлик иш ҳақи 106,98 минг рубль бўлган.

Бу фарқни пулли йўл нархига қўйсак, Урганч-Хивадаги 25 минг сўмлик тўлов Ўзбекистондаги ўртача ойликнинг қарийб 0,39 фоизига тенг. Қозоғистонда Шимкент-Ўзбекистон чегарасидаги 84 километрлик участка учун 120 тенге тариф эса ўртача ойликнинг жуда кичик қисмига тўғри келади. Россияда М-12нинг тарифлари анча баланд бўлса-да, у ерда ўртача иш ҳақи ҳам кескин юқори.

Бу тўлов оддий ўзбек оиласининг даромадига нисбатан қанча оғирлик қилади? Нима учун биздаги биринчи пулли йўл Қозоғистондаги худди шундай минтақавий йўлдан бир неча ўн баравар қиммат?

Бу йўллар аслида ким учун?

Урганч-Хива йўлида йўл қурилишига жиддий инфратузилма киритилган. 35 километрлик йўлда туннель, кўприклар, йўл ўтказгичлар, сув иншоотлари, янги қоплама, рақамли тўлов ва бошқарув тизими бор.

Унинг вазифаси ҳам фақат Урганчдан Хивага бориш эмас. Хива Ўзбекистоннинг энг йирик туристик марказларидан бири. Демак, йўл туристик оқим, аэропорт, шаҳар ва иқтисодий фаолликни бирлаштиради.

Хўп, оддий аҳоли-чи? Шунда улар бу йўлдан фойдаланмаслиги керакми? Қурилиш қиммат бўлгани тариф ҳам мажбуран қиммат бўлиши керак дегани эмас.

Бу ерда молиялаштириш модели ҳал қилувчи аҳамиятга эга.

Ким қурди?

Қанча маблағга?

Кредит қанча?

Инвестор қанча киритди?

Қанча йилда инвестиция қайтарилиши керак?

Оператор қанча даромад олади?

Йўлни таъмирлаш ва сақлаш харажатлари қаердан қопланади?

Тариф инфляцияга қараб автоматик ошадими?

Агар трафик кутилганидан кўп бўлса, тариф пасайтириладими?

Агар трафик кам бўлса, давлат инвесторга кафолатли тўлов қиладими?

Қозоғистон тажрибасининг муҳим томони, у ерда пулли йўллар тармоғи анча олдин шаклланган. 2026 йилда Қозоғистонда пулли участкалар сони 28 тага, умумий узунлиги эса 6 290 километрдан ортиққа етган.

Яъни, улар пулли йўлни тизим сифатида ишлатиб кўрган.

Ўзбекистонда эса ҳозир биринчи йўл ишга тушган.

Қозоғистонда тарифни паст ушлаб, катта трафикдан тушум олиш модели кўпроқ синовдан ўтган.

Масалан, 2026 йилнинг дастлабки етти ойида пулли йўлларда миллионлаб қатновлар қайд этилган, Шимкент-Ўзбекистон чегараси йўналиши энг серқатнов участкалардан бири бўлган.

Яъни, уларнинг мантиғи арзонроқ тариф + катта трафик = барқарор тушум.

Ўзбекистон учун бу жуда муҳим дарс.

Аслида Урганч-Хивадаги 25 минг сўмнинг ўзи энг катта муаммо эмас.

Асосий масала шундаки, кейин нима бўлади?

Агар Ўзбекистонда 10-20 та пулли йўл пайдо бўлса, одамлар ҳар бир йўналишда алоҳида ҳақ тўлай бошлайди. Тошкентдан Самарқандга бир тўлов. Самарқанддан Бухорога яна бир тўлов. Тошкентдан Андижонга яна бир тўлов. Чорвоққа бориш учун яна бир тўлов.

Туризм, логистика, юк ташиш ва ички сафарларда бу харажатлар йиғилиб боради.

Шунда пулли йўлнинг нархини фақат ҳайдовчи нуқтаи назаридан эмас, бутун иқтисодиёт нуқтаи назаридан баҳолаш керак.

Юк машинаси пулли йўлга кирса, унинг харажати маҳсулот нархига қўшилади.

Автобус ташувчиси тўласа, йўл ҳақи чипта нархида акс этади.

Турист тўласа, саёҳат харажати ошади.

Демак, пулли йўл фақат автомобилистнинг муаммоси эмас.

У иқтисодиётдаги янги харажат элементи.

Одамларга «пул тўла, чунки йўл пулли» дейиш етарли эмас.

Уларга «Мана йўлнинг қиймати. Мана инвесторнинг харажати. Мана тариф қандай ҳисобланди. Мана сиз тўлаган пул қаерга кетади. Мана бепул муқобил йўлингиз. Мана эвазига олаётган тезлик ва хизматингиз», деб очиқ айтиш керак.

Шунда пулли йўл жамиятда солиқнинг яна бир яширин шакли эмас, ҳақиқий хизматга айланади.

М. Ворис

@rost24_uz_bot — Хабар йўлланг. Сизнинг хоҳишингизга кўра ҳар қандай маълумот сир сақланади
0
Изоҳ қолдириш
Изоҳлар