Ўзбекистонда бизнесни комплекс рақамли трансформация қилишга ихтисослашган BRB-TECH IT-компанияси сифат ва ахборот хавфсизлиги бўйича икки муҳим халқаро стандарт — ISO 9001 ва ISO 27001 сертификатларини олди.

ISO 9001 сертификати компанияда маҳсулот ва хизматлар сифатини бошқаришнинг шаффоф, ҳужжатлаштирилган ва тизимли жараёнлари йўлга қўйилганини тасдиқлайди. У вазифани шакллантириш ва ишлаб чиқишдан тортиб, тестдан ўтказиш, жорий этиш ҳамда кейинги техник қўллаб-қувватлашгача бўлган жараёнларни қамраб олади.

ISO 27001 эса ахборот хавфсизлигига тааллуқли бўлиб, компанияда маълумотларга киришни назорат қилиш, инфратузилмани ҳимоялаш, киберхавфларга жавоб бериш ва ахборот хавфларини бошқаришнинг комплекс тизими мавжудлигини англатади.
Компаниянинг таъкидлашича, мазкур сертификатлар банк, ишлаб чиқариш, савдо ва хизмат кўрсатиш соҳаларидаги мижозлар билан ишлашда сифат ва ахборот хавфсизлигига ягона ёндашувни таъминлайди.
BRB-TECH бизнес учун CRM ва HRM тизимлари, электрон ҳужжат айланиши, сунъий интеллект модуллари, аналитика ва BI-ечимлар каби рақамли маҳсулотларни ишлаб чиқади ва жорий этади.
Компания маълумотига кўра, ISO 9001 ва ISO 27001 сертификатларининг қўлга киритилиши BRB-TECH’нинг халқаро талабларга мос иш жараёнларини йўлга қўйганини тасдиқловчи муҳим босқич бўлиб, мижозлар билан узоқ муддатли ҳамкорлик ва компаниянинг янги бозорларга чиқиши учун замин яратади.