Имтиёзлар соясида қолиб кетаётган билимли ёшлар

17.08.2026 17:25

Имтиёзистон

Олий таълимга қабул натижалари эълон қилинди. Кимдир 180 балл билан ҳам грантдан қуруқ қолди, кимдир эса махсус квота орқали анча паст натижа билан давлат грантига эга бўлди. Бу рақамларни ёнма-ён қўйганингизда, савол пайдо бўлади: биз университетга энг билимли ёшларни қабул қиляпмизми ёки уларнинг қайси оилада туғилганига ҳам қараяпмизми?

Энг оғири ҳам шу, давлат ёшларни билимга ишонтириши керак бўлган бир пайтда, қабул тизимининг ўзи уларга бошқа сигнал бериб қўйяпти: «балинг юқори бўлиши яхши, аммо имтиёзинг бўлса, ундан ҳам яхши».

Меритократия қаерда қолади?

Сўнгги йилларда давлат бошқаруви ва жамият ҳаётида «меритократия» тушунчаси кўп тилга олинади. Яъни инсоннинг имкониятлари унинг келиб чиқиши, ота-онасининг лавозими ёки ижтимоий мавқеига эмас, қобилияти ва меҳнатига қараб белгиланиши керак.

Таълим эса бу тамойил энг аниқ ишлаши лозим бўлган соҳалардан бири. Чунки тест синовининг мантиғи жуда оддий: абитуриент саволларга жавоб беради ва натижасига қараб сараланади. 

Аммо қабул тизимидаги махсус квоталар бу манзарани мураккаблаштиради. Бу ерда абитуриентнинг шахсий натижаси билан бирга унинг қайси тоифага мансублиги ҳам аҳамият касб этади.

2026/2027 ўқув йили учун қабул параметрлари муҳокамаси ҳам бу масалани янада долзарб қилди. Жамоатчиликка тақдим этилган маълумотларда ногиронлиги бўлган шахслар, етим ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болалар, ички ишлар органлари ходимлари фарзандлари, божхона ходимлари фарзандлари, «Ижтимоий реестр»га киритилган оилалар фарзандлари, ҳарбий хизматчилар ва Миллий гвардия ходимлари фарзандлари учун турли қўшимча қабул механизмлари назарда тутилган. 



Уларнинг барчасини бир хил баҳолаб бўлмайди. Чунки ижтимоий ҳимояга муҳтож болага имконият яратиш билан давлат хизматчисининг фарзандига касбий имтиёз беришнинг сабаблари бир хил эмас. Айнан шу ерда тизимнинг энг нозик нуқтаси пайдо бўлади.

68 балл ва 180 балл орасидаги савол

Қўшимча квоталар бўйича эълон қилинган рақамлар бу баҳсни янада кучайтирди. Маълумотларга кўра, Миллий гвардия ходимлари фарзандлари учун 731 та қўшимча ўрин ажратилган бўлиб, ушбу квотада ўтиш бали 68 баллни ташкил этган. Мудофаа вазирлиги бўйича 813 та ўринда ўтиш бали 109,6, Давлат хавфсизлик хизмати бўйича эса 570 та ўринда 117,9 балл бўлган.

Фақат шу учта ташкилотнинг ўзи бўйича 2 114 та ўрин чиқади. Қолган саккизта ташкилот бўйича эса жами 2 559 та қўшимча ўрин қайд этилган.

Рақамларнинг ўзиёқ масаланинг кўламини кўрсатади. Бу ерда 68 балл олган ҳар бир абитуриентни «билимсиз» деб аташ, албатта, нотўғри. Чунки махсус квотадаги ўтиш бали умумий танловдаги ўтиш балидан фарқ қилади ва унинг ортида қонун билан белгиланган алоҳида мезонлар бор.

Лекин бошқа томонда 170–180 балл ва ундан юқори натижа кўрсатиб ҳам грантга кира олмаган ёшлар бор. Шунда савол туғилади: агар икки абитуриентнинг бири анча юқори академик натижа кўрсатган бўлса, нима учун иккинчиси грантга эга бўлади?

Бу саволга «қонун шундай» деган жавоб етарли эмас. Чунки қонуннинг ўзи ҳам адолат ва ижтимоий мақсад нуқтаи назаридан доимий равишда баҳоланиб туриши керак.

Ижтимоий ёрдам билан академик саралашни аралаштирмаслик керак

Давлат ўз хизматчиларини қўллаб-қувватлаши керак. Айниқса, ҳарбий хизматчиларнинг меҳнати, хавфи ва масъулиятини инкор қилиб бўлмайди. Аммо хизмат учун бериладиган рағбат билан университетдаги академик саралашни бир механизмга жойлаштириш шартми?

Масалан, ҳарбий хизматчининг фарзандига давлат томонидан контракт пули тўлаб берилиши мумкин. Унга махсус стипендия ажратиш, ётоқхона билан таъминлаш, таълим кредити шартларини енгиллаштириш ёки бошқа моддий қўллаб-қувватлаш механизмларини жорий этиш мумкин.
Э Бунда давлат ўз хизматчисининг оиласини қўллайди, лекин грант учун академик рақобатнинг асосий мезони сақланади.

Бошқача айтганда, ижтимоий ёрдам беришнинг ўнлаб шакллари бор. Нега уларнинг энг таъсирчан шакли айнан университетга киришдаги рақобатни ўзгартириши керак?

Гап болаларда эмас, принципда

Имтиёздан фойдаланган абитуриентларни айблаш осон. Аммо бу адолатли эмас.

Ҳарбий хизматчининг фарзанди отасининг касбини танлаб туғилмайди. Ички ишлар ходимининг фарзанди ҳам мавжуд қонунларни белгиламайди. Уларга берилган ҳуқуқдан фойдаланишяпти, холос. 

Шунинг учун бу ерда «имтиёзлилар» ва «имтиёзсизлар» ўртасида душманлик яратиш керак эмас. Масала шахсларда эмас — принципда. Чунки отанинг касби боланинг билими эмас. Отанинг унвони боланинг математикадан нечта масала еча олишини белгиламайди. Отанинг лавозими боланинг кимё ёки физикани қанчалик яхши билишини ўзгартирмайди. Оиладаги касб авлоддан-авлодга академик қобилиятни автоматик тарзда ўтказмайди.

Шундай экан, университетда академик саралаш жараёнида бу омилнинг қанчалик катта аҳамиятга эга бўлиши кераклиги ҳақида очиқ гапириш зарур.

Имтиёзнинг эртанги нархи

Бу баҳснинг энг муҳим нуқтаси, эҳтимол, қабул кунида эмас, бир неча йилдан кейин кўринади. Бугун университетга кирган талаба эртага диплом олади. Кейин у шифокор, муҳандис, ўқитувчи, юрист, иқтисодчи ёки давлат хизматчиси бўлади. Унинг дипломида университетга қандай квота билан киргани ёзилмаслиги мумкин. Аммо унинг билими ва касбий салоҳияти жамият ҳаётига таъсир қилади.

Тиббиётда беморга шифокорнинг қайси имтиёз билан университетга киргани қизиқ эмас. У тўғри ташхис ва сифатли даволанишни кутади. Қурилишда одамлар муҳандиснинг ота-онаси кимлигини эмас, лойиҳа хавфсизлигини ўйлайди. Мактабда ўқувчининг олдида турган болага ўқитувчининг медали ёки отасининг лавозими эмас, унинг билими керак. Давлат бошқарувида эса қарор қабул қилаётган шахсдан аввало тафаккур, масъулият ва профессионаллик талаб қилинади.

Шунинг учун қабул тизимидаги ҳар қандай имтиёзнинг оқибати фақат бугунги мандат билан ўлчанмаслиги керак. Унинг эртага қандай кадр шакллантириши ҳам ҳисобга олиниши зарур.

Аммо «имтиёзлилар билимсиз» деган хулоса ҳам нотўғри

Бу ерда яна бир адолат мезони бор. Махсус квота билан ўқишга кирганларнинг барчасини паст билимли деб тасаввур қилиш худди шу тизим танқид қилинаётган пайтда қилинмаслиги керак бўлган хатодир.

Улар орасида ҳам юқори натижа кўрсатган, иқтидорли, яхши мутахассис бўлиб етишадиган ёшлар кўп. Муаммо уларнинг қобилиятида эмас. Муаммо — давлат танлов механизмларини қандай қурганида.

Агар тизим кучли абитуриентни кучсизроқ натижа кўрсатган абитуриентдан устун қўйиш учун эмас, балки турли ижтимоий тоифаларни қўллаб-қувватлаш учун яратилган бўлса, унинг натижаси ҳам шу мақсад нуқтаи назаридан баҳоланиши керак. Шунинг учун махсус квота билан кирган талабаларнинг кейинги академик натижалари, ўқишни тамомлаш кўрсаткичлари ва бандлиги ҳақида очиқ статистика бўлиши жуда муҳим.

Энг катта муаммо — билимли ёшнинг ишончи синиши

Олий таълимга кириш кўпчилик ёшлар учун шунчаки диплом олиш эмас. Бу — ижтимоий лифт. Айниқса, оддий оиладан чиққан, катта маблағи бўлмаган, репетиторга катта пул тўлай олмайдиган, аммо билим олишга ҳаракат қилаётган ёш учун грант ҳаётини ўзгартириши мумкин.

У тунлари ўқийди. Имтиҳонга тайёрланади. Балл йиғади. Ва натижа кутади. Агар у юқори натижа кўрсатиб ҳам ўзини четда ҳис қилса, муаммо фақат унинг бир йиллик режасида эмас. Унинг давлатга бўлган ишончига ҳам таъсир қилиши мумкин.

«Кўпроқ ўқисам, кўпроқ имкониятга эга бўламан» деган ишонч таълим тизимининг энг кучли рағбатидир. Агар унинг ўрнига «қанча балл олсам ҳам, бошқа имтиёзлар мендан устун келиши мумкин» деган тушунча келса, бу жамият учун жиддий сигнал.

Имтиёзларни бекор қилиш эмас, қайта қуриш керак

Ечим барча имтиёзларни бир кунда бекор қилиш эмас. Чунки ижтимоий ҳимояга муҳтож гуруҳлар бор ва уларга давлат ёрдами шарт.

Масала — имтиёзнинг шаклини ўзгартиришда. Ҳарбий хизматчи фарзандига ёрдам бериш керакми? Албатта. Лекин бу ёрдам контракт пулини қоплаш, стипендия, ётоқхона, таълим кредити ёки бошқа молиявий механизмлар орқали ҳам амалга оширилиши мумкин.

Етим болага қўшимча имконият керакми? Албатта. Аммо унинг ижтимоий ҳимояси билан академик саралаш ўртасида мувозанат бўлиши керак.

Ногиронлиги бўлган абитуриент учун тенг шароит яратиш керакми? Албатта. Бунинг ўзи адолат масаласи.
Аммо касбий имтиёзлар билан ижтимоий ҳимояни бир тизимда аралаштириб юбориш қабул жараёнининг моҳиятини ўзгартириб юбормаслиги керак.

Энг муҳими, махсус квоталар учун ҳам минимал академик талаблар аниқ ва асосланган бўлиши лозим.

Чунки университет — шунчаки давлат ёрдами олиш жойи эмас. У мутахассис тайёрлайди.

Тест столида умумий мезон керак

Бола ота-онасини танлаб туғилмайди. Бировнинг отаси генерал бўлиши мумкин. Бировнинг отаси оддий ишчи. Яна бирининг онаси ўқитувчи. Бошқасининг эса ота-онаси умуман йўқ.

Уларнинг ҳаёт шароити бир хил эмас. Шунинг учун давлат айримларига кўпроқ ёрдам бериши табиий. Аммо тест столига ўтирганда давлатнинг яна бир вазифаси пайдо бўлади: кимнинг билими кучлироқ эканини адолатли аниқлаш.

Чунки ижтимоий ҳимоянинг мақсади кучсизга қўл узатиш. Таълимнинг мақсади эса билимли инсонни тарбиялаш. Бу икки мақсад бир-бирига қарши қўйилмаслиги керак. Аксинча, улар бир-бирини тўлдириши зарур.

Давлат ҳарбий хизматчини қўллаб-қувватлаши мумкин. Аммо унинг фарзандининг ўқиш харажатини қоплаш учун бошқа билимли боланинг имкониятини тортиб олиш шарт эмас. Давлат ижтимоий ҳимояни кучайтириши мумкин. Аммо бу меритократия тамойилидан воз кечиш ҳисобига бўлмаслиги керак.

@rost24_uz_bot — Хабар йўлланг. Сизнинг хоҳишингизга кўра ҳар қандай маълумот сир сақланади
0
Изоҳ қолдириш
Изоҳлар