Ўрнини ижтимоий тармоқларга бўшатиб берган газеталаримиз меваларни қадоқлашга хизмат қилмоқда

14.05.2026 10:51

 Айни пайтда Савдо-саноат палатасида Президентнинг тадбиркорлар билан очиқ мулоқотига тайёргарлик кетмоқда. Бу эса, соҳада йиғилиб қолган тизимли муаммолар ниҳоят юқори даражага чиққани ва уларни очиқ муҳокама қилиш зарурати туғилганини кўрсатади.


Ўзбекистон қишлоқ хўжалиги сўнгги йилларда иқтисодиётнинг энг тез ўсувчи йўналишларидан бирига айланди. Мамлакат ҳар йили миллионлаб тонна мева-сабзавот етиштирмоқда, экспорт географияси кенгаймоқда, янги бозорлар очилмоқда. Айниқса, гилос, узум, ўрик, помидор, бодринг, карам ва полиз маҳсулотлари ташқи бозорда рақобатбардош товар сифатида танила бошлади. Расмий маълумотларга кўра, Ўзбекистон аграр экспорти йил сайин ўсиб, миллиардлаб долларлик ташқи савдо айланмасини шакллантирмоқда.


Аммо рақамлар ортида ҳал этилмай қолaётган оғриқли муаммолар ҳам бор. Энг катта масалалардан бири, маҳсулотнинг катта қисми ҳали ҳам расмий айланмага тўлиқ кирмаётгани. Кўплаб фермер ва деҳқонлар ҳужжатлаштириш, сертификатлаш, солиқ ва ҳисобот тизими мураккаблиги сабаб маҳсулотни нақд пулга сотишни афзал кўради. Бу эса уларнинг катта экспорт занжирига киришига, қайта ишлаш саноати билан ишлашига ёки йирик ритейл тармоқларига чиқишига тўсқинлик қилмоқда.


Чунки глобал бозорда фақат сифатнинг ўзи етарли эмас. Бугун дунё бозори маҳсулотнинг келиб чиқиши, қадоқланиши, сертификати, логистикаси ва брендига ҳам қарайди. Ҳужжатсиз маҳсулот эса, йирик экспорт учун ишончли товар ҳисобланмайди.
 
Айни пайтда Савдо-саноат палатасида Президентнинг тадбиркорлар билан очиқ мулоқотига тайёргарлик доирасида айнан шу каби муаммолар муҳокама қилинмоқда. Бу эса, соҳада йиғилиб қолган тизимли муаммолар ниҳоят юқори даражага чиққани ва уларни очиқ муҳокама қилиш зарурати туғилганини кўрсатади.
Сўнгги кунларда ижтимоий тармоқларда яна бир рамзий, аммо жуда жиддий муаммони очиб берган видеолар тарқалди. Уларда экспортга жўнатилаётган помидор ва бошқа маҳсулотлар қутиси ичига “Жадид”, “Янги Ўзбекистон”, “Ишонч” каби газеталар ўралгани кўринган. Бу экспорт маданияти, қадоқлаш саноати ва миллий бренд сиёсатидаги катта бўшлиқнинг белгиси. Газеталар, уларга сарфланаётган меҳнат, муаллифлик ҳуқуқлари, булар энди алоҳида мавзу.
 
Журналист Шоҳира Ҳамронинг айтишича, тадбиркорлар билан суҳбатлашилганда улар қизиқ бир фикрни билдирган: “Газетасиз борса, маҳсулот Ўзбекистондан келганига ишонишмайди”. Бу гап ҳазилга ўхшаса-да, унинг ортида ачинарли ҳақиқат ётибди. Биз ҳали ҳам халқаро бозорда ўз маҳсулотимизни замонавий бренд, стандарт қадоқ ёки миллий дизайн орқали танита олмаяпмиз. Маҳсулотнинг “паспорт”и вазифасини газета бажаряпти.


Ваҳоланки, бугун дунёда экспорт маҳсулоти шунчаки товар эмас, у мамлакат имижи ҳисобланади. Туркия, Нидерландия, Марокаш ёки Испания маҳсулотлари бозорга чиққан заҳотиёқ унинг қайси давлатга тегишли экани қадоқ дизайнидан билинади. Қутиси, логотипи, ранги, штрих-коди, сертификати ва ҳатто ичидаги қоғозигача муайян стандарт асосида тайёрланади.
Ўзбекистонда эса, ҳали ҳам экспортнинг маълум қисми “қўлбола тизим”да ишлаяпти. Бу унинг ташқи қабул қилинишига салбий таъсир кўрсатмоқда. Ҳолбуки, Ўзбекистон мева-сабзавотининг таъми ва сифати бўйича дунёда рақобат қила оладиган маҳсулотлари жуда кўп. Муаммо маҳсулотнинг атрофидаги тизимда.
 
Экспорт учун махсус миллий қадоқлаш саноатини шакллантириш, ягона дизайн стандартлари жорий қилиш, фермерлар учун арзон ва сифатли брендли қути ҳамда ўрам материаллари ишлаб чиқариш бугунги кун талаби бўлиб қолмоқда. “Made in Uzbekistan” ёзуви туширилган, замонавий, экологик ва таниб олинадиган қадоқлар нафақат ташқи кўриниш, балки ишонч, маркетинг ва миллий имиж масаласи ҳамдир.
 
Экспортдаги муаммолар фақат фермер муаммоси эмас. Бу логистика, сертификатлаш, божхона, қадоқлаш, совутиш омборлари, брендлаш ва давлат бошқаруви ўртасидаги занжирли масала. Агар шу занжирнинг битта бўғини оқсаса, маҳсулот сифатли бўлса ҳам бозорда ютқазади.

Шу нуқтаи назардан қараганда, бугун Савдо-саноат палатасида ўтаётган муҳокамалар жуда муҳим. Йиғилишларда фақат рақамлар гапириладими ёки экспортнинг ҳақиқий, ердаги муаммолари ҳам очиқ муҳокама қилинадими? Миллий бренд мавзуси ҳам кўтариладими? Қадоқлашдан тортиб ҳужжатлаштиришгача бўлган оғриқли нуқталарга амалий ечим топиладими?
 
Чунки, Ўзбекистоннинг маҳсулоти ҳақиқатан ҳам дунёдаги энг мазали маҳсулотлардан бири. Аммо глобал бозорда мазанинг ўзи етарли эмас. Бозор тизим, стандарт ва брендни ҳам талаб қилади. Агар биз экспортни ҳақиқий иқтисодий драйверга айлантирмоқчи бўлсак, энди фақат ҳосил етиштириш эмас, уни қандай тақдим қилишни ҳам ўрганишимиз керак бўлади.

М.Ворис

@rost24_uz_bot — Хабар йўлланг. Сизнинг хоҳишингизга кўра ҳар қандай маълумот сир сақланади
0
Изоҳ қолдириш
Изоҳлар