Қўшниларда “шармандалар рўйхати”: Ўзбекистон учун вақти келмадими?

12.05.2026 21:53

Қўшни Қозоғистон навбатдаги дадил қадамни ташлади: эндиликда иқтисодий жиноят содир этганлар, молиявий пирамида асосчилари ва порахўрлар махсус “очиқ реестр”га киритилади. Халқ тили билан айтганда бу – “шармандалар рўйхати”.

18 майдан кучга кирадиган ушбу тизим нафақат жиноятчиларни жазолаш, балки жамиятни тозалашнинг ўзига хос механизмидир. 

Бундай амалиёт Ўзбекистон учун ҳам зарурми?

Бизда коррупция ёки иқтисодий жиноят содир этган шахслар ҳақида хабар берилганда, кўпинча “Фалон ташкилот мансабдори” деб ёки исми-шарифларининг бош ҳарфлари билан умумий маълумот берилади. Суд ҳукми чиққанидан кейин ҳам уларнинг исми-шарифи оммага очиқланмайди. Бу эса жиноятчига маълум вақтдан кейин бошқа бир идорада ёки соҳада “янги ҳаёт” бошлашига имкон бериши мумкин. Жиноятчининг исми сир қолиши — унинг қайта жиноят содир этиши учун яратилган билвосита шароит эмасми?

Қозоғистон жорий этаётган тизимда нафақат шахслар, балки юридик шахслар ҳам рўйхатга олинади. Бу тадбиркорлар ва оддий фуқаролар учун жуда муҳим. Тасаввур қилинг, сиз катта инвестиция киритмоқчисиз ёки молиявий ташкилот билан шартнома тузяпсиз. Агар сизда “қора рўйхат” бўлса, шеригингиз илгари молиявий пирамидага алоқадор бўлган-бўлмаганини бир неча сонияда текшириб оласиз.

Ўзбекистонда эса фирибгарлар бир корхонани “банкрот” қилиб, иккинчисини очиб, халқни чув туширишда давом этмоқда. Очиқ реестр бундай “тадбиркорлар”нинг йўлини тўсадиган энг самарали тўсиқ бўлиши мумкин.

Бизнинг жамиятимизда “ор-номус” тушунчаси жуда кучли. Кўп ҳолларда порахўр учун қамоқ жазосидан кўра, унинг қилмиши маҳалла-кўй, қариндош-уруғ ва бутун мамлакат олдида фош бўлиши оғирроқ таъсир қилади.

Агар мансабдор шахс ўз исми “шармандалар рўйхати”га тушишини ва бу маълумот умрбод интернетда қолишини билса, пора олишдан олдин камида ўн марта ўйлаб кўрармиди балки?

Ўзбекистон Коррупцияга қарши курашиш агентлиги ва бошқа тегишли идоралар Қозоғистон тажрибасини чуқур ўрганиши лозим. Бизга шунчаки ҳисоботлар эмас, балки қуйидагиларни ўз ичига олган “Миллий очиқ реестр”
керак:

1. Мансабдорларнинг коррупцион рейтинги — пора билан қўлга тушганларнинг исми, лавозими ва сурати.
2. Фирибгар компаниялар базаси — молиявий жиноятларга аралашган юридик шахсларнинг “бизнес-тарихи”.
3. Жамоатчилик учун очиқлик — ҳар бир фуқаро ИИВ ёки Коррупцияга қарши курашиш агентлиги сайти орқали маълумотларни кўра олади.

Қозоғистоннинг бу қадами Марказий Осиёда шаффофлик сари ташланган жиддий сигналдир. Ўзбекистонда ҳам коррупцияга қарши кураш аёвсиз бўлиши айтилаётган айни пайтда, жиноятчиларнинг юзидан пардани олиб ташлаш" вақти келмадими? 

Халқ ўз “қаҳрамонларини” таниши керакку ахир.

@rost24_uz_bot — Хабар йўлланг. Сизнинг хоҳишингизга кўра ҳар қандай маълумот сир сақланади
0
Изоҳ қолдириш
Изоҳлар