Қўшиқчи солиқ тўламасинми? Тўйдан 500 доллардан 15 минг долларгача пул олиб, яна имтиёз сўраш қанчалик тўғри?

31.03.2026 10:45

Ўзбекистонда 2026 йил 1 сентябрдан бошлаб санъаткорлар, бошловчилар ва концерт-томоша соҳасида хизмат кўрсатувчи бошқа ижрочиларнинг ҳар бир хизмати “Солиқ” мобил иловасида рўйхатдан ўтказилиши мумкин. Жамоатчилик муҳокамасига қўйилган лойиҳага кўра, энди тўй, юбилей, суннат тўйи, никоҳ маросимлари, ресторан ва бошқа тадбирлардаги ҳар бир чиқиш “бир хизмат — бир тўлов” тамойили асосида солиққа тортилиши режалаштирилган.

Бу ташаббус ортидан айрим санъаткорлар ижтимоий тармоқларда чиқиш қилиб, янги тартибни қайта кўриб чиқишни сўрамоқда. Хонанда Самандар Ҳамроқулов санъаткорларнинг асосий даромад манбаи тўй эканини, кўпчилиги қарздорликда яшашини айтди. Шароф Муқимов эса санъаткорларнинг оғир ҳаёти, саҳна ортидаги машаққати, ҳатто тирикчилик учун такси ҳайдашгача тушиб қолаётгани ҳақида гапирди.

Лекин масалага бир ёқлама ҳиссиёт билан эмас, адолат нуқтаи назаридан қараш керак. Бугун битта қўшиқчи бир тўйдан камида 500 доллар, айрим ҳолларда эса 10–15 минг долларгача хизмат ҳақи сўрайди. Бу маблағни заводда ишлаётган ишчи, мактабдаги ўқитувчи, поликлиникадаги ҳамшира ёки маҳалладаги фаррош ойлаб ишлаб ҳам тополмайди. Шундай экан, нега айнан қўшиқчи ёки бошловчи бир неча соатлик чиқиши орқали ишлаб топган пулидан солиқ тўламаслиги керак?

Бугун 500 минг ойлик оладиган фаррош ҳам, 2 миллион маош оладиган қоровул ҳам солиқ тўлайди. Хусусий тадбиркор ҳам, дўкончи ҳам, ҳайдовчи ҳам, қурувчи ҳам солиқ тўлайди. Улардан ҳеч ким “менинг ишим оғир”, “менинг ҳам қарзим бор”, “менинг ҳам тирикчилигим қийин” деган баҳона билан солиқдан озод қилинмайди. Нега энди саҳнага чиққан санъаткор учун бошқача қоида бўлиши керак?

Айрим санъаткорлар мурожаатларида “бизнинг қўшиқларимиз ёшларни тарбиялайди”, “санъат мафкура учун хизмат қилади” деган фикрларни ҳам айтмоқда. Аммо бу ерда яна бир ҳаққоний савол туғилади: бугунги кунда қайси қўшиқ ёшлар тарбиясига жиддий ижобий таъсир кўрсатяпти? Очиғини айтганда, “майдон”ни тўлдириб юрган қўшиқларнинг катта қисми чуқур маъно, тарбия ёки мафкуравий юк эмас, балки енгил-елпи, “олди-қочди” мазмундаги маҳсулотлардан иборат. Қисқа вақт ичида тўйбоп бўлиш, трендга чиқиш ва тез пул ишлаш учун ёзилаётган қўшиқларни “миллат тарбиясига хизмат қилаётган ижод” деб кўрсатиш қанчалик ҳақиқатга яқин?

Яна бир муҳим жиҳат бор: тўйларда жонли ижро ҳам эмас, деярли фонограмма орқали айтиладиган қўшиқлар учун катта пул олинади. Яъни баъзан санъаткор бир неча қўшиқни тайёр овоз ёзуви билан ижро қилиб, бир кечада оддий инсоннинг бир неча ойлик даромадига тенг ҳақ олади. Энди шундай хизматдан давлатга солиқ тўлаш талаб қилиниши ғайритабиийми?

Албатта, бу соҳада ҳаммани бир хил деб бўлмайди. Ҳамма санъаткор ҳам бой эмас, ҳамма ҳам бир хил пул топмайди. Аммо муаммо ҳам айнан шунда: йиллар давомида соҳада нақд пул айланмаси бўлиб келди, даромадлар кўп ҳолларда очиқ ҳисоб-китобсиз белгиланди, хизмат ҳақининг реал ҳажми акс этмай қолди. Энди эса шу тартиб ўзгармоқчи бўлганда, “бизга енгиллик беринг” деган мурожаатлар кўпаймоқда.

Тўғри, янги тартибнинг ўзи ҳам саволлардан холи эмас. Ҳар бир хизматни иловада рўйхатга олиш, рейтинг ва ҳудудга қараб тўлов белгилаш, рўйхатдан ўтмаган чиқиш учун катта жарима қўллаш каби нормалар амалда қандай ишлаши алоҳида муҳокамага арзийди.

Аммо шу баҳона билан асосий принцип ўзгармайди: санъаткор ҳам солиқ тўлаши шарт. Санъаткорлик истеъдод бўлиши мумкин, обрў бўлиши мумкин, халқ олдида танилиш бўлиши мумкин. Аммо бу солиқ тўламаслик учун асос эмас. Қонун олдида қўшиқчи ҳам, фаррош ҳам, қоровул ҳам, тадбиркор ҳам тенг бўлиши керак.

Шунинг учун бугунги баҳснинг моҳияти битта саволга бориб тақалади: санъаткорлар жамиятдаги бошқа касб эгалари каби тенг мажбуриятни тан оладими ёки йўқ? Агар жавоб “ҳа” бўлса, унда тўйдан 500 доллардан 15 минг долларгача пул топадиган ижрочиларнинг солиқ тўлаши ҳам табиий, ҳам адолатли талабдир.

Ҳурматли санъаткорлар! Ўзбекистонда деярли ҳамманинг кредити бор, жуда кўпчилик бўлиб тўлашга олиб, қарз тўлайди. Сизчалик қимматбаҳо кийимлар кийиб, қимматбаҳо машиналарда юрмаса-да, сизчалик кўп ҳақ олмаса-да, бошқалар ҳам қарз тўлаяпти, яшаяпти ва топган даромадидан солиқ тўламоқда. Ҳатто гўзаллик салонларида ҳам топилган даромадидан ҳодимлар солиқ тўлашади. Шунингдек, ўқитувчилар, журналистлар, шифокорлар, яна кўплаб соҳа вакиллари ҳам ёшларимиз, умуман халқ маънавиятига чексиз ҳисса қўшишади. Қолаверса, ҳозирда жуда катта қисм ўзини санъаткор санаб, тўйларда юрганлар ёшлар маънавиятига аксинча таъсир кўрсатаётгани ҳеч кимга сир эмас. 
Шундай экан, фуқаролик бурчингизни бажаришдан қочманг, зеро, шу пайтгача солиқ юкини ҳис қилмай фаолият юритганингиз учун миннатдор бўлинг. Зеро, солиқлар - юртимиз ривожининг асосий манбаидир.

Ўткир Назар

@rost24_uz_bot — Хабар йўлланг. Сизнинг хоҳишингизга кўра ҳар қандай маълумот сир сақланади
3
Изоҳ қолдириш
Изоҳлар