2026 йил бошидан бери Ўзбекистон ахборот майдонида бир нечта журналист ва блогерлар деярли бир хил айблов – асосан Жиноят кодексининг 168-моддаси (фирибгарлик) билан ҳибсга олинди.
Охирги марта “Сирожиддин медиа” YouTube канали асосчиси блогер Сирожиддин Одиловнинг ҳибсга олингани ҳақида хабарлар тарқалди. Тергов маълумотига кўра, у бир фуқаронинг молиявий муаммосини ҳал қилиб бериш ваъдаси билан пул олган ва ваъдасини бажармаганликда гумон қилинмоқда. Шу асосда унга нисбатан 168-модда (фирибгарлик) ҳамда 211-модда (пора бериш) бўйича жиноят иши қўзғатилган.
Бироқ, Одилов бу йилда айни шундай айблов билан қамалган ягона блогер эмас. Ижтимоий тармоқларда тарқалган маълумотларга кўра, 2026 йил бошидан бери бир қатор блогер ва журналистларга нисбатан ҳам шунга ўхшаш айбловлар қўйилган. Улар орасида Ғайрат Абераев, Азизжон Юлдашев, Сардор Ҳамидов, Маржона Эшқувватова, Дилшод Нишонов, Элёр Тожибоев, Фурқат Рўзметов, Азамат Авезов, Фазлиддин Меҳмонов ва Азиз Ғоипназаров каби блогерлар бор.
Нега блогерлар ишида айнан бир хил айбловлар такрорланмоқда? Фирибгарлик моддаси блогерларга қарши универсал айбловми?
Сўнгги йилларда Ўзбекистонда блогерларга нисбатан очилган жиноят ишлари таҳлил қилинса, танқидий чиқишлари билан танилган бир нечта блогерлар ҳам айнан молиявий жиноятлар, фирибгарлик ёки товламачилик айбловлари билан судлангани кўзга ташланади.
Масалан, аввалроқ блогер Абдуқодир Мўминов ҳам фирибгарлик ва товламачилик каби айбловлар билан 7 йилдан ортиқ муддатга қамалган эди.
Шунингдек, Фарғона вилоятида блогер Олимжон Ҳайдаров ҳам танқидий материаллардан кейин товламачилик ва молиявий жиноятлар билан 8 йилга ҳукм қилинган.
Таъкидлаш керак, бу каби айбловлар ҳуқуқий жиҳатдан жуда жиддий ҳисобланади. Аммо мутахассислар фикрича, бундай моддаларни исботлаш учун далиллар очиқ ва шаффоф тарзда тақдим этилиши жуда муҳим.
Айтиш лозимки, Ўзбекистонда сўнгги йилларда блогерлар жамоатчилик назоратининг муҳим воситасига айланди. Кўп ҳолларда улар маҳаллий муаммолар, коррупция, ижтимоий адолатсизлик ёки мансабдорларнинг ҳаракатлари ҳақида материаллар тайёрлаб, кенг аудиторияга етказмоқда.
Шу сабабдан блогерлар баъзан давлат идоралари ёки маҳаллий манфаатдор гуруҳлар билан зиддиятга кириб қолиши табиий ҳол. Халқаро ҳуқуқни ҳимоя қилиш ташкилотлари ҳам блогерларга нисбатан босимлар медиа эркинлигига салбий таъсир қилиши мумкинлигини бир неча бор таъкидлаган.
Шунингдек, ўзини блогер деб таништираётган медиа олами вакилларининг ҳаммаси ҳам талабларга жавоб бермайди, кўпчилиги молиявий мақсадларда ёки машҳурлик умидида бу йўлга кирган-у, аммо савия ва билим жиҳатидан бундай даражаларга арзимаслигини кўрсатаётгани ҳам бор гап.
Албатта, блогер бўлиш инсонни жиноий жавобгарликдан озод қилмайди. Агар кимдир ҳақиқатан фирибгарлик қилган бўлса, у қонун олдида жавоб бериши керак.
Бироқ муаммо шундаки, бир вақтнинг ўзида бир нечта блогерга бир хил айблов қўйилиши жамоатчиликда шубҳаларни кучайтирмоқда. Бу ҳолат айримлар томонидан “ахборот майдонини тозалаш” сифатида талқин қилинмоқда, бошқалар эса буни “қонун устуворлигининг таъминланиши” деб баҳолайди.
Бундай вазиятларда энг муҳим омил – шаффофлик. Тергов жараёнлари, суд муҳокамалари ва далиллар жамоатчиликка очиқ ва аниқ тарзда тақдим этилса, ҳар қандай гумонлар ўз-ўзидан барҳам топади.
Акс ҳолда эса, бир хил сценарийдаги ҳибслар нафақат блогерлар, балки бутун ахборот майдонига таъсир қилиши мумкин.
Ахборот эркинлиги ва қонун устуворлиги бир-бирига қарши тушунчалар эмас. Аксинча, улар бир-бирини мустаҳкамлаши керак.
Айни даврда Ўзбекистонда блогерлар қонунбузарлик учун жазоланяптими ёки танқидий овозлар секин-аста сустлаштириляптими?
Бу саволга жавоб эса, эҳтимол, фақат суд қарорларидан кейин эмас, балки жамоатчилик назорати ва очиқ муҳокамалар орқали ҳам аниқлашади.