МДҲ мамлакатлари етакчиларининг жисмоний фаоллиги қай даражада?

05.01.2026 15:15

Қозоғистон президенти Қосим Жўмарт-Тўқаев маҳаллий – «Turkistan» газетасига интервью бериб, жумладан, ўзининг соғлиги билан боғлиқ тарқалган гап сўзларга муносабат билдирди.

У журналистга ўзини яхши ҳис қилаётганини ва саломатлигидан шикоят қилмаслигини айтади.

«Саломатлигим жойида, қон босимим доимий равишда меъёрда. Ҳар куни йога билан шуғулланаман, лекин медитациясиз», – дейди Тўқаев.

Президентнинг айтишича, у ҳафтасига икки марта собиқ профессионал спортчи билан стол тенниси ўйнайди. Шунингдек, сўнгги вақтларда 9 килограмм вазн ташлагани ҳам умумий аҳволини яхшилаган.

«Ҳақиқатан ҳам оздим, бу ўзимни анча енгил ва яхши ҳис қилишимга ёрдам берди», – дея қўшимча қилди у.

Суҳбат давомида Қозоғистон етакчиси МДҲ мамлакатлари етакчиларининг жисмоний фаоллигига ҳам тўхталиб ўтди. Унинг сўзларига кўра, минтақадаги кўплаб раҳбарлар яхши жисмоний формада.

«Яқинда Бишкекда бўлиб ўтган норасмий тадбирда Владимир Путин ёш дзюдочига қарши курашиб, катта авлод шаънини ҳимоя қилди», – деди Тўқаев.

Шунингдек:

Озарбайжон президенти Илҳом Алиев доимий равишда машқ қилади,
Қирғизистон раҳбари Садир Жапаров футбол ўйнайди,
Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев спорт залида машқ қилади,
Арманистон бош вазири Никол Пашинян велосипедда юришни хуш кўради,
Беларусь раҳбари Александр Лукашенко ҳали ҳам хоккей ўйнайди,
Тожикистон президенти Эмомали Раҳмон эса ўзини яхши ҳис қилаётганини айтган.

«Шунинг учун ҳамкасбларимнинг барчаси ажойиб жисмоний ҳолатда, деб айтиш мумкин», – деди давлат раҳбари.

@rost24_uz_bot — Хабар йўлланг. Сизнинг хоҳишингизга кўра ҳар қандай маълумот сир сақланади
0
Изоҳ қолдириш
Изоҳлар