Кўпкари ўйинининг мақсади – чавандознинг шунчаки улоқни олиб, тақимдан туширмай бир маррадан иккинчи марра маррага яъни “қозон”га абжирлик, куч ва ғайрат билан олиб бориб ташлаши эмас.

Бу азалий мусобақанинг фалсафаси жуда катта тафаккур билан рақибнинг кучини тўғри баҳолаш, отнинг иштиёқи ва ўзининг куч-шиддатига тўғри баҳо бериш, ҳалоллик билан улоқни маррага етказиш, миллий ғурурни тоблаш мактаби ҳамдир. Шу сабабли унинг томошабини ҳам, қизиқувчилари ҳам доим бисёр. “Кўпкари – кўпнинг иши” деган нақл бежиз айтилмаган.

Сўнгги пайтларда ўзининг маърифий тадбирлари билан республикага танилиб бораётган Тошкент вилоятининг Бекобод туманида яна бир хайрли ишга қўл урилди. Кеча ўтган қизиқарли кўпкарига албатта тадбиркор ва саховатпеша кишилар атаганини тиккан – гилам, пул, маиший техникадан тортиб қўй, буқа, туя ва ҳоказолар...

Аммо асосий зотга, яъни бош совринга бежирим сандиқларда минг дона китоб (бадиий ва сиёсий адабиётлар, қўлланмалар, энциклопедиялар ва ҳоказо) қўйилгани баҳсларга чин зиёлича ёндашув бўлди, десак ҳам рост. Сирдарёлик Шохруҳ ва бекободлик Фирдавс полвонларнинг “Бугатти”си уларни уялдириб қўймади.
Шунига эмас. Креатив соврин қуёш панеллари билан бойиди. У ҳам бир кунлик буюм эмас, чавандоз уйини нурафшон этадиган фойдали мукофот. Қўшимчасига берилган 100 тўп ноёб чинор кўчатлари эса маҳаллага экилса, юз йиллар давомида фалон кўпкаридан ютилган соврин, деб эслаб юриладиган ажойиб ҳодиса. Яна 1 тонна Бекободнинг лазер гуручи эса аҳолининг яхши кунларига, тўй томошаларига хизмат қилсин, деб ният қилинди.
Аслида кўпкари – бу шунчаки кўнгилочар ўйин эмас. Юрт узра довюраклик, жасурлик, яхшиликлар тарғиботининг оммавий намойиши ҳамдир.
Маънавиятимиз учун яхши ибрат бўлаётган Бекобод туманидаги бундай илғор ёндашув ота-боболаримизнинг табиат ва инсон уйғунлигини, ўқиш, изланиш ва маънавий комиллик сари доимий интилишини, тежамкорлик, атроф-муҳитга ғамхўрлигини ифодалайди. Ана шундай мукаммал уйғунликни ўзига жо этган кўпкари ўйиннинг боқий фалсафаси ва теран ғояси мангу барҳаётдир.
.