18 май куни Контент тайёрлаш марказида “Юрт қайғусида 365 кун” китобининг тақдимоти бўлиб ўтди. Тадбирда мамлакатимиз ижодкор зиёлилари, жамоат арбоблари, кенг жамоатчилик вакиллари ҳамда оммавий ахборот воситалари ходимлари иштирок этди.
Мазкур китоб Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг 2025 йил давомидаги серқирра фаолиятини қамраб олган кенг қамровли сиёсий-ҳужжатли тўплам ҳисобланади. Нашрда давлат бошқаруви, халқаро дипломатия, иқтисодий ислоҳотлар, экологик барқарорлик, ижтимоий ҳимоя, илм-фан, таълим ва маданият соҳаларида амалга оширилган ишлар ҳужжатли манбалар, таҳлилий шарҳлар ва фотолавҳалар асосида ёритилган.

Китоб мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотларнинг тарихий кўлами, давлат бошқарувидаги янги ёндашувлар ҳамда инсон қадри устувор бўлган тараққиёт моделини акс эттирувчи муҳим манба сифатида баҳоланмоқда.
Тўпламнинг асосий концепцияси давлат ва жамият ҳаётидаги реал ўзгаришлар, стратегик қарорлар ҳамда инсон қадрини устувор қўйган сиёсий ёндашувни очиб беришга қаратилган. Нашрда 2025 йил давомида амалга оширилган кенг кўламли ислоҳотларнинг мазмун-моҳияти изчил ёритилган.

Хусусан, китоб саҳифаларида иқтисодий ўсиш суръатлари, инвестицион фаоллик, экспорт ҳажмининг ортиши, камбағалликни қисқартириш, аҳоли бандлигини таъминлаш, “яшил иқтисодиёт” сиёсатини кенгайтириш, халқаро ҳамкорликни мустаҳкамлаш ҳамда Янги Ўзбекистоннинг глобал майдондаги нуфузи ортиб бораётганига оид муҳим таҳлил ва фактлар ўрин олган.
Шунингдек, унда давлат раҳбарининг халқ билан бевосита мулоқотлари, ҳудудларга ташрифлари, халқаро саммит ва музокаралардаги иштироки, стратегик шериклик алоқалари, экология, энергетика, рақамли технологиялар, мудофаа, уй-жой сиёсати ҳамда маънавий-маърифий тараққиётга оид ташаббуслари яхлит тарихий жараён сифатида талқин қилинган.

Нашр хронологик кетма-кетлик асосида тайёрланган бўлиб, китоб ойлар кесимида тартибланган. Ҳар бир ой аввалида Президент фаолиятининг асосий йўналишлари қисқача жамланган бўлса, кейинги бўлимларда муҳим воқеалар, ташрифлар, учрашувлар, видеоселектор йиғилишлари, халқаро музокаралар, имзоланган ҳужжатлар ва йирик лойиҳалар батафсил шарҳланган.
Муаллифлар фикрича, бундай ёндашув ўқувчиларга йил давомида амалга оширилган ислоҳотлар динамикасини изчил кузатиш, давлат бошқарувидаги устувор йўналишларни яхлит манзарада англаш имконини беради.

Китобда статистик маълумотлар, таҳлилий шарҳлар, иқтибослар, халқаро муносабатларга оид фактлар, фотолавҳалар ҳамда QR-кодлар орқали тақдим этилган қўшимча материаллар ҳам ўрин олган.
“Юрт қайғусида 365 кун” китоби кенг китобхонлар оммаси билан бир қаторда сиёсатшунослар, тарихчилар, тадқиқотчилар, халқаро муносабатлар мутахассислари, журналистлар, талаба-ёшлар ҳамда Янги Ўзбекистондаги ислоҳотлар жараёнини чуқур ўрганишга қизиқувчилар учун муҳим манба сифатида эътироф этилмоқда.