Тошкентда BRB Корпоратив университети лойиҳаси тақдим этилди

20.05.2026 12:58

2026 йил 20 май куни Тошкент шаҳридаги “Intercontinental Tashkent” меҳмонхонасида “Бизнесни ривожлантириш банки” АТБ томонидан кичик ва ўрта бизнесни қўллаб-қувватлаш, замонавий бошқарув кўникмаларини ривожлантириш ҳамда тадбиркорлик муҳитини мустаҳкамлашга қаратилган BRB Корпоратив университети лойиҳасининг тантанали тақдимоти бўлиб ўтди.

Мазкур лойиҳа “Бизнесни ривожлантириш банки” АТБ томонидан бизнес-таълим соҳасидаги дунёнинг етакчи марказларидан бири — “SKOLKOVO” Москва бошқарув мактаби билан ҳамкорликда амалга оширилмоқда. Таъкидланишича, университет Ўзбекистоннинг миллий ривожланиш институти сифатида, мамлакатнинг ҳудудий хусусиятлари ва реал бизнес эҳтиёжларидан келиб чиқиб шакллантирилади.

Тақдимот давомида қайд этилишича, бугунги кунда кичик ва ўрта бизнес Ўзбекистон иқтисодиётининг асосий ҳаракатлантирувчи кучига айланган. Ушбу соҳа мамлакат ялпи ички маҳсулотининг 54,3 фоизини шакллантириб, 10,5 миллиондан ортиқ аҳоли бандлигини таъминламоқда. Шунингдек, ҳар йили меҳнат бозорига қарийб 600 минг нафар ёшлар кириб келаётгани тадбиркорлик ва замонавий бошқарув билимларига бўлган эҳтиёжни янада оширмоқда.

Мутахассислар фикрича, бугунги шароитда тадбиркорлар учун фақат молиявий ресурс ёки кредитнинг ўзи етарли эмас. Бозорни чуқур таҳлил қилиш, рақамли технологияларни қўллаш, самарали бошқарув қарорларини қабул қилиш ва замонавий бизнес кўникмаларига эга бўлиш муҳим аҳамият касб этмоқда.

BRB Корпоратив университети айнан шу эҳтиёжларни қоплаш ҳамда мамлакатнинг барқарор иқтисодий ривожланишига хизмат қилувчи янги билим ва тажриба платформаси сифатида фаолият юритади.

Лойиҳа доирасида университет бир вақтнинг ўзида банк ходимлари учун ички ривожланиш маркази, тадбиркорлар ва мижозлар учун эса замонавий бизнес-таълим майдони вазифасини бажаради.

Ҳозирда университет фаолиятининг бир нечта устувор йўналишлари белгиланган: — рақамли трансформация, сунъий интеллект ва замонавий бошқарув услубларини жорий этиш; — кичик ва ўрта бизнес вакилларини ўқитиш, маркетинг, экспорт ҳамда e-commerce йўналишларини ривожлантириш; — BRB Startup Hub орқали истиқболли стартап ва инновацион ғояларни қўллаб-қувватлаш; — хотин-қизлар тадбиркорлигини ривожлантириш ва уларнинг молиявий имкониятларини кенгайтириш; — банк тизимида тадбиркорлик тафаккури, рақамли саводхонлик ва мижозлар билан ишлаш компетенцияларини ошириш.

Шунингдек, таълим сифатини юқори даражада ташкил этиш мақсадида банкнинг тажрибали мутахассислари ва раҳбарларидан иборат ички экспертлар, ментор ва устозлар базаси шакллантирилиши маълум қилинди.

@rost24_uz_bot — Хабар йўлланг. Сизнинг хоҳишингизга кўра ҳар қандай маълумот сир сақланади
0
Изоҳ қолдириш
Изоҳлар