Ўзбек киноижодкорлари “Келажак бунёдкори” медали билан тақдирланди

20.05.2026 09:57

Сўнгги йилларда Ўзбекистонда миллий кино санъатини ривожлантириш, ёш ижодкорларни қўллаб-қувватлаш ва замонавий кино маҳсулотларини яратиш борасида кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Президент Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан соҳага қаратилаётган эътибор натижасида ўзбек киноижодкорлари халқаро майдонларда ҳам юксак натижаларга эришмоқда.

Ана шундай муҳим ютуқлардан бири Франциянинг Канн шаҳрида бўлиб ўтган ENTRE DEUX CANNES халқаро инклюзив кинофестивалида қайд этилди. Ўзбекистонлик ёш киноижодкорлар томонидан суратга олинган “Қадам. Қуёш боласи Юсуф” қисқа метражли фильми фестивалнинг Гран-при мукофотини қўлга киритди.

Мазкур муваффақият миллий кино санъатининг халқаро майдондаги нуфузи тобора ортиб бораётганини яна бир бор намоён этди.

Ушбу тарихий ютуқ муносабати билан Президентнинг “Халқаро кинофестивалда ғолибликни қўлга киритган ёш ижодкорларни мукофотлаш тўғрисида”ги Фармони қабул қилинди. Фармонга мувофиқ, халқаро майдонда юртимиз шаънини муносиб ҳимоя қилган бир гуруҳ ёш киноижодкорлар “Келажак бунёдкори” медали билан тақдирланди.

Бу мукофот ёш ижодкорларнинг санъатга бўлган фидойилиги, изланиши ва машаққатли меҳнатига берилган юксак эътироф бўлди. 

Бугунги кунда ўзбек кино мактабининг янги авлоди миллий қадриятлар, инсонпарварлик ғоялари ва замонавий дунёқараш уйғунлигидаги фильмларни яратиб, халқаро аудитория эътиборини тортмоқда. Мутахассислар фикрича, бу эса ўзбек киноси янги босқичга кўтарилаётганидан далолат беради.

@rost24_uz_bot — Хабар йўлланг. Сизнинг хоҳишингизга кўра ҳар қандай маълумот сир сақланади
0
Изоҳ қолдириш
Изоҳлар