23 сентябрь куни Нью-Йорк шаҳрида Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ва Америка Қўшма Штатлари Президенти Дональд Трампнинг музокаралари бўлиб ўтди. Суҳбат БМТ Бош қароргоҳида, ташкилот Бош Ассамблеясининг 80-сессияси доирасида ўтказилди.
Музокаралар давомида икки мамлакат етакчилари Ўзбекистон-АҚШ стратегик шериклигини ривожлантириш, савдо-иқтисодий ва инвестициявий ҳамкорликни кенгайтириш, шунингдек, минтақавий ва глобал аҳамиятга эга масалаларни муҳокама қилдилар.
Шавкат Мирзиёев Дональд Трампни ички ва ташқи сиёсатдаги муваффақиятлари билан табриклади ва унинг халқаро барқарорликни таъминлашга қаратилган саъй-ҳаракатларини юқори баҳолади. Ўз навбатида, АҚШ Президенти Янги Ўзбекистонда амалга оширилаётган ислоҳотларни қўллаб-қувватлади.
Суҳбатда сўнгги йилларда сиёсий мулоқот ва ишбилармонлик алоқалари фаоллашгани, турли йўналишларда йирик шартномалар ва истиқболли лойиҳалар портфели шакллантирилгани таъкидланди. Уларнинг амалга оширилиши икки мамлакатда минглаб янги иш ўринлари яратиши қайд этилди.
Дональд Трамп куни кеча Шавкат Мирзиёевнинг АҚШнинг 50 дан ортиқ йирик компания ва банклари раҳбарлари билан ўтказган учрашувини самарали деб баҳолади.
Музокаралар якунида Президент Шавкат Мирзиёев Дональд Трампни Ўзбекистонга расмий ташриф билан келишга таклиф этди.
Учрашув очиқ, конструктив ва дўстона руҳда ўтди.