Олий Мажлис Сенатининг 4 сентябрь куни бўлиб ўтган ялпи мажлисида талабалар ўртасида жиноятчиликнинг олдини олиш юзасидан олий таълим, фан ва инновациялар вазири Конгратбай Шариповга парламент сўрови юборилди.
Қайд этилишича, олий таълим муассасаларида таълим-тарбия жараёнини самарали ташкил этиш, талабаларнинг бўш вақтини мазмунли ўтказиш, улар билан маънавий-маърифий ишлар олиб бориш ҳамда ота-оналар билан узвий ҳамкорликни кучайтириш масалалари эътиборни кучайтиришни талаб этмоқда. Ушбу йўналишдаги ишларнинг етарли даражада ташкил этилмагани талабалар ўртасида носоғлом муҳит юзага келишига, айрим ҳолларда эса ҳуқуқбузарлик ва жиноятчиликка олиб келаётгани кузатилмоқда.
2024 йилда талабалар иштирокида 761 та жиноят содир этилган бўлса, 2025 йилнинг 6 ойи давомида 102 та ОТМнинг 307 нафар талабаси томонидан жиноят содир этилгани бу масалага жиддий эътибор қаратиш зарурлигини кўрсатмоқда, дейилади хабарда.
Хусусан, жиноятларнинг асосий қисмини йўл-транспорт ҳодисалари, ўғрилик, тан жароҳати етказиш, безорилик, фирибгарлик каби жиноятлари ташкил этган. Ҳудудлар кесимида жиноятларнинг аксарияти Тошкент шаҳри, Тошкент, Бухоро, Наманган, Андижон, Самарқанд, Фарғона, Сурхондарё вилоятларига тўғри келади.
ОТМлар кесимида эса жиноятларнинг катта қисми Тошкент давлат транспорт университети, Ўзбекистон миллий университети, Тошкент давлат техника университети, Тошкент ахборот технологиялари университети, Тошкент давлат иқтисодиёт университети ҳиссасига тўғри келмоқда.
Айрим муассасаларда таълим жараёнини мунтазам назорат қилиш, талабаларнинг дарс машғулотларига қатнаши етарли даражада мониторинг қилинмагани оқибатида талабалар томонидан дарс вақтида, яъни соат 08:00 дан 16:00 гача бўлган давр мобайнида жиноятлар содир этилган, деб таъкидланди хабарда.
Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йилдаги «Республика олий таълим муассасаларида талабаларни турар жой билан қамраб олиш даражасини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорида тюторларни бириктириш тартиби белгиланган бўлса-да, айрим олий таълим муассасалари томонидан ушбу талабга риоя қилинмагани айтилди. Талабаларнинг ётоқхоналарга кириб-чиқиши, яшаши ҳамда тунги вақтда бўлиши устидан назорат етарли даражада эмас.
Бундан ташқари, таълим соҳасидаги коррупция ҳолатлари ҳам танқид қилинди.