Таълим кредити – ёшлар келажагига сармоя

04.09.2025 18:32

“Бизнесни ривожлантириш банки” АТБ мамлакатимизда таълимни қўллаб-қувватлаш ва ёшларнинг билим олишига кўмаклашиш борасида етакчи молия-муассасаларидан бири ҳисобланади. Жумладан, талабаларга таълим кредити ажратиш орқали ёшлар келажагига муҳим сармоя киритмоқда. 



Хусусан, банк томонидан жорий йилнинг жорий йил 1 сентябрга қадар 22 988 нафар талабанинг таҳсил олиши учун жами 220,3 млрд сўм таълим кредити ажратилди. Йил якунига қадар яна камида 60 млрд сўм кредит ажратиш режалаштирилган. 



Жорий йилнинг 4 сентябрь куни банк томонидан Тошкент халқаро молиявий бошқарув ва технологиялар университетида (TIFT) ўтказилган очиқ эшиклар куни ҳам айни мавзуга бағишланди.  



Тадбирда мутахассислар “Бизнесни ривожлантириш банки” томонидан олий, ўрта махсус ва профессионал таълим ташкилотларида тўлов-контракт асосида таҳсил олаётган талабалар учун Иқтисодиёт ва молия вазирлиги ҳузуридаги Таълим кредитини молиялаштириш жамғарма маблағлари ҳисобидан ажратилаётган таълим кредити ҳақида батафсил маълумотлар берди. 
 


Мазкур кредит олий таълим ташкилотларининг биринчи босқич талабалари, профессионал таълим ташкилотлари ўқувчилари ҳамда “Ижтимоий ҳимоя ягона реестри”га киритилган оилалар аъзолари учун кредит тўлиқ тўлов-контракт суммаси миқдорида ажратилади.  

Иккинчи ва ундан юқори босқич талабалари учун эса талабанинг фанларни ўзлаштириш ўртача кўрсаткичи – GPA (grade point average) ҳисобга олинган ҳолда тўлов-контракт суммасининг камида 80% тўлаб берилади. 

Кредит фоиз ставкаси Марказий банкнинг асосий фоиз ставкаси миқдорида ажратилади. Бунда Марказий банкнинг асосий ставкаси пасайтирилган тақдирда, таълим кредити бўйича фоиз ставкаси мутаносиб равишда пасайтирилади, оширилган тақдирда эса фоизлар ўзгармайди.  
 


Таълим кредитининг ижтимоий аҳамиятини оширадиган яна бир жиҳат шундаки, хотин-қизларга ажратилган таълим кредити учун ҳисобланган фоизлар Таълим кредитини молиялаштириш жамғармаси маблағлари ҳисобидан қоплаб берилади. 

Банкда бакалавр ҳамда магистратуранинг кундузги, сиртқи ва кечки таълим шаклида ҳамда табақалаштирилган тўлов-контракт асосида ўқиётган талабалар, шунингдек ўқув курсларида таҳсил олаётган ўқувчилар учун “Таълим орзуси” микроқарз маҳсулоти жорий қилинган. Ушбу микроқарз бўйича 100 млн сўмгача маблағ ажратилади. 
 


“Бизнесни ривожлантириш банки” АТБ ёшларимизнинг ҳар томонлама билимли ва рақобатбардош кадрлар бўлиб вояга етиши учун келгусида ҳам шундай лойиҳаларни изчил давом эттиради. 

 

@rost24_uz_bot — Хабар йўлланг. Сизнинг хоҳишингизга кўра ҳар қандай маълумот сир сақланади
0
Изоҳ қолдириш
Изоҳлар