Ижара мавсуми яқин: Пойтахтда нархлар қандай бўляпти?

14.08.2025 14:35

Ўзбекистонда июль ойида уй-жой савдоси ҳажми ўтган ойга нисбатан 25 фоиз, йиллик ҳисобда эса 14,2 фоизга ошди, дея хабар қилди. Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази ўз таҳлилида.

Марказнинг қайд этишича, бу сўнгги даврларда кузатилган энг йирик ойлик ўсиш кўрсаткичларидан бири ҳисобланади.

Июль ойида Ўзбекистоннинг барча ҳудудларида уй-жой бозорида фаоллик ошгани кузатилди. Фаолликнинг энг сезиларли ўсиши Сурхондарё (41 фоиз), Сирдарё (35,3 фоиз) ва Қашқадарё (33,7 фоиз) вилоятларида қайд этилди.
Тошкент шаҳрида уй-жой бозори фаоллиги 24,6 фоизга ўсди.

Иккилламчи уй-жой бозори

Июль ойида Ўзбекистонда иккиламчи бозорда уй-жойларнинг ўртача бозор қиймати ўсиш суръати тезлашди. Июнь ойида ўртача 0,3 фоиз ўсишдан сўнг, июль ойида ўсиш 1,7 фоизни ташкил этди. Йиллик ҳисобда эса нархлар 3,3 фоизга ошди.

Ҳудудлар кесимида 2024 йилнинг июль ойидан буён уй-жой нархларида сезиларли ўсиши Жиззах (15,2 фоиз), Сурхондарё (14,1 фоиз) ва Хоразм (9,6 фоиз) вилоятларида кузатилди.

Тошкент шаҳридаги кўчмас мулк бозоридаги вазият

Июль ойида Тошкент шаҳри кўчмас мулк бозорида йиллик пасайиш тенденцияси сақланган ҳолда, нархларда ўртача ўсиш қайд этилди.

Ой давомида иккиламчи уй-жойларнинг ўртача нархи 0,8 фоизга ошди. Йиллик ҳисобда 2024 йилнинг июль ойига нисбатан иккиламчи уй-жой нархлари 3,2 фоизга, бирламчи уй-жойлар нархи эса 0,9 фоизга пасайган.

Иккиламчи уй-жойларнинг энг катта пасайиши Мирзо Улуғбек (-8,2 фоиз), Яшнобод (-4,5 фоиз) ва Юнусобод (-4,2 фоиз) туманларида кузатилди.

Бирламчи уй-жой нархларида энг сезиларли пасайиши Учтепа (-8,8 фоиз), Юнусобод (-6,7 фоиз) ва Шайхонтоҳур (-4,7 фоиз) туманларида қайд этилди.

Тошкент шаҳрида уй-жой ижара бозори

Июль ойида Тошкент шаҳрида ижара нархларида барқарорлик кузатилди. Ижара нархи барқарор сақланиб, бир квадрат метр учун 8 долларни ташкил этди.

Пойтахтнинг Миробод, Шайхонтоҳур ва Яккасарой туманларида ижара нархи нисбатан юқорилигича қолмоқда. Ушбу туманларда ижара нархи бир квадрат метр учун ўртача 10,3 доллар.

Йиллик ҳисобда Тошкент шаҳрида ўртача ижара нархи 2,8 фоизга пасайди. Энг сезиларли пасайиш Учтепа, Яшнобод ва Мирзо-Улуғбек туманларида қайд этилди.

@rost24_uz_bot — Хабар йўлланг. Сизнинг хоҳишингизга кўра ҳар қандай маълумот сир сақланади
0
Изоҳ қолдириш
Изоҳлар